Жамият | 13:02 / 11.10.2022
30063
5 дақиқада ўқилади

“Бир кунда 16 км йўл босаман” – мактабга эшакда қатнайдиган бола

Хатирчи туманининг Оқтепа қишлоғи баланд тоғлар этагида жойлашган. Ҳовлилар анча тарқоқ: қўшни уйга бориш учун қир ошадиган жойлар ҳам йўқ эмас. Қишлоқ болалари мактабга турли масофадан гоҳ пиёда, гоҳ турли уловда қатнашади. Давлат Хурсанов мактабга бориш учун ҳар куни эрта тонгда эшак билан тоғ оралаб, 8 км йўлни босиб ўтади.  

Давлат Хурсанов Хатирчи туманидаги 30-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. У мактабга олисдан – тоғлар орасидан эшакда қатнайди. Акаси Шамшод Хурсанов шу йил мактабни тамомлаб, талаба бўлган. Ака-ука ёшлигидан бир эшакка мингашиб, ҳар куни 16 км йўл босганича мактабга бориб-келишган.

Оқтепа қишлоғидан 8 км олисда, қирлар бағрида 5 хўжалик истиқомат қилади. Давлатнинг отаси Шакар ака Қораев бу ерга 18 йил олдин кўчиб келган.

Икки ўғлим ва икки қизим бор. Ўғилларим ёшлигидан гоҳида эшак билан, гоҳида пиёда мактабга қатнайди. Катта ўғлим шу йил талаба бўлди. Тўғриси, бу хабарни эшитганимда йиғлаб юборганман. Кичик ўғлим ҳам кейинги йил мактабни тамомлайди. У ҳам олийгоҳга ўқишга кираман деб ҳаракат қиляпти.

Бу ерда 5 хўжалик яшаймиз. Қишлоқдан 7-8 км олис. Асосан чорвачилик билан шуғулланишади. Деҳқончилик ҳам қиламиз рўзғорга яраша. Бозордан фақат чой, ёғ ва совун сотиб оламиз, қолганини ўзимиз етиштирамиз”, — дейди Шакар Қораев. 

Давлат соат 6:30да мактабга қараб йўлга чиқади ва манзилга соат 7:45да етиб боради. Қиш кунлари у бу масофани пиёда босиб ўтади. Чунки изғиринли кунларда эшакда юриб бўлмайди, одам ҳаракатсизликдан совқотади. 

Давлатнинг таъкидлашича, у ёзда тоғ пистаси териб, 2 млн сўмга яқин маблағ топган. У бу пулга мотоцикл олмоқчи бўлган. Лекин акаси контракт асосида ўқишга қабул қилингач, фикридан воз кечиб, топган пулини акасига берган:

Ёшлигимдан шу тоғ-у тошлар орасида ўсиб, катта бўлганман. 2-синф пайтимдан мактабга эшакда қатнайман. Бу эшагимни 5-синфдан бери минаман. Бу ерда машина юролмайди. Машинада бориш учун қирнинг нариги томонидан айланиш керак. Бу анча узоқ бўлиб кетади. Мотоцикл олиш учун тоғдан писта териб, бироз пул йиғган эдим. Акам ўқишга киргач, тўплаган пулимни унга бердим. Ўзим физика, математика фанларига қизиқаман. Шу йўналишда ўқишга кириш ниятим бор.

50 бошга яқин эчким бор. Тоғда ўзлари ўтлаб юради. 2-3 кунда бир бориб, хабар оламан, тўплаб санаб келаман. Шоқоллар бор. Одамлар бўри ҳам пайдо бўлган, дейишяпти. Агар эчкиларга бўри хужум қилса, анчасини нобуд қилади. Шунинг учун уларни кўп тепага чиқармаймиз”.

Айни кунларда тоғда дўлана пишган пайт. Давлатнинг айтишича, у мактабдан қайтгунча йўлда дўлана териб еб, табиат манзараларидан баҳра олиб қайтади. Бунинг ҳам ўзига яраша гашти бор, дейди у.

Оқтепа қишлоғидаги 30-умумтаълим мактабида 200 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади. Мактабдаги айрим ўқитувчилар Хатирчи тумани марказидан – қарийб 30 километрдан қатнаб ишлашади.

Мактаб директори ўринбосари Мардиқул Хушвақтовнинг таъкидлашича, таълим масканига янги ўқув биноси зарур:

Қишлоғимиз тоғли ҳудудда жойлашгани учун ҳовлилар ҳам анча сийрак. Болалар 3-4, ҳатто 7-8 км олисдан қатнайди. Тўғри, мактабимизда барча шароитлар бор. Аммо ўқув хонаси етишмайди. Шу сабабли дарслар 2 сменада ташкил қилинган. Иккинчи сменада дарслар кеч тугайди. Қиш кунлари қоронғи бўлиб қолади ва бу олисдан келган ўқувчиларнинг уйга қайтишида қийинчилик туғдирмоқда. Агар қўшимча ўқув биноси бўлса, дарслар бир сменада бўларди ва барча ўқувчи тушликкача ўқиб, тўгараклардан сўнг хавотирсиз уйига қайтарди”.

 Мактаб жорий йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсумида ғолиб чиққан ва қўлга киритилган маблағ эвазига мактаб атрофи ўралган.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид