Меркел БМТнинг қочқинлар иши бўйича бошқармаси мукофотини олди
Германия собиқ канцлери 2015-2016 йиллардаги муҳожирлар инқирози авжига чиққан пайтда Суриядан қочқинларни қутқаришдаги хизматлари учун унга топширилган Нансен мукофотини немис халқига бағишлади.
Германия собиқ канцлери Ангела Меркел БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси томонидан қочқинлар манфаати йўлидаги фаолият учун ҳар йили бериладиган Нансен мукофотига сазовор бўлди. 10 октябр, душанба куни кечқурун Женевада бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Меркел ушбу нуфузли мукофотни 2015 ва 2016 йиллардаги миграция инқирози даврида Германияда суриялик қочқинларни қўллаб-қувватлаган одамларга бағишлашини таъкидлади.
Коммуналар ва жамоалардаги кўплаб одамлар, шунингдек, кўплаб кўнгиллилар ўша пайтдаги қийинчиликларни енгишга ёрдам беришди, деб эслайди собиқ канцлер: «Менинг фикримча, бу мукофот, биринчи навбатда, ўша пайтда ёрдам берган сон-саноқсиз одамларга мўлжалланган. Вазиятни назоратга олганимиз учун, уни енгиб ўтганимиз учун уларга раҳмат айтишимиз керак».
Шу билан бирга, немис сиёсатчиси қочқинлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва бу одамлар таъқиб қилиниши мумкин бўлган мамлакатларга ҳеч кимни қайтариб юбормасликка чақирди.
Мукофотнинг 150 000 АҚШ доллари (тахминан 154 000 евро) миқдоридаги пул қисми тўртта минтақавий лауреатга, хусусан, ироқлик аёл шифокор ва Коста-Рикада 50 йилдан бери қочқинларга ёрдам бериб келаётган аёлга тенг равишда берилди.
Меркелнинг 2015-2016 йиллардаги миграция инқирози авжига чиққан пайтда айтган «Биз буни ҳал қила оламиз» ибораси кенг тарқалди. У БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссари италиялик Филиппо Гранди томонидан немис тилида бир неча марта такрорланган. «Ушбу мукофот собиқ канцлер учун эътироф белгисидир, чунки у ҳукуматни бошқарган ва тегишли қарорлар қабул қилган», деди у ҳакамлар ҳайъати танловига изоҳ бериб.
Гранди сўзларига кўра, «дунё бўйлаб ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар сони 100 миллион кишидан ошган бир пайтда, бошқа давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари Меркелдан намуна олиши керак».
Меркелнинг ўз ватанидаги фуқаролар урушидан қочган 1,2 миллион суриялик учун чегараларни очиш қарори Германияда қарама-қарши фикрларга сабаб бўлди. Айниқса, Германия Федератив Республикасининг ўша пайтдаги ички ишлар вазири Ҳорст Зеехофер ва шарқий федерал ҳудудлар аҳолиси уни танқид қилишган.
Ҳар йили бериладиган Нансен мукофоти 1954 йилда қочқинлар иши бўйича Миллатлар лигасининг биринчи олий комиссари, норвегиялик Арктика тадқиқотчиси ва гуманист Фритьоф Нансен шарафига таъсис этилган.
Мавзуга оид
09:20 / 19.10.2024
ifo: Украиналик қочқинларнинг чорак қисми хорижда қолишни хоҳлайди
10:40 / 17.10.2024
Бавариядаги шаҳар мэри янги украиналик қочқинларни қабул қилмади
16:50 / 21.09.2024
Германияда қочқинлар сони янги максимал кўрсаткичга етди
09:27 / 22.08.2024