Ўзбекистон | 18:40 / 12.10.2022
40995
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги Дарғом каналидан 18 ёшли қизнинг жасади топилди

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидан оқиб ўтувчи каналдан 18 ёшли қизнинг жасади топилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом тумани ҳудудидан ўтувчи каналда ёш қизнинг жасади топилгани ҳақида хабарлар эълон қилинган. Аниқланишича, 2022 йил 1 октябр куни Паст Дарғом тумани Камолот маҳалласи ҳудудида жойлашган ертешар сув тақсимлаш каналида Самарқанд шаҳрида яшаган 18 ёшли Ю.М. (аёл)нинг мурдаси топилган.

Мазкур ўлим сабабини ва бошқа ҳолатларни аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси ҳамда тегишли хизмат текширувлари тайинланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Паст Дарғом тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текшириш мобайнида видеохабарда кўрсатилган бошқа ҳолатлар ҳам ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади», дейилади хабарда.

Маълумот учун, қизнинг жасади Самарқанддаги Дарғом каналининг Паст Дарғом туманидан оқиб ўтувчи қисмидан топилган. Аввалроқ «Zo’r TV» телеканали мухбири ҳолат бўйича видео тайёрлаган, унда қизнинг яқинлари, онаси гапирган. Лавҳада айтилишича, қиз август ойида уни зўрлашгани ҳақида ариза бергани, лекин иш тергов жараёнида тўхтатилгани айтилади.

Аввалроқ интернетда қиз аввал зўрлаб кейин ўлдирилгани ҳақида турли хабарлар тарқалганди. Видеолавҳада ҳам қизнинг қариндоши унинг жасади қотиллик аломатлари билан топилганини айтган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид