Жаҳон | 21:32 / 14.10.2022
9916
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия молия вазири истеъфога чиқди. У лавозимида 38 кун ишлади 

Буюк Британия молия вазири Квази Квартенг янги лавозимида атиги 38 кун ишлаганидан сўнг истеъфога чиқди. 

Фото: Reuters

У бош вазир Лиз Трасс билан биргаликда молиявий ислоҳот режасини тақдим қилганидан сўнг, фонд бозорида бетартиблик юзага келган ва фунт стерлинг курси рекорд даражада пастга қулаган эди. 

«Мендан ҳукуматингиздаги молия канцлери лавозимини тарк этишни сўрадингиз. Бунга розиман», дейилади Квартенг томонидан Британия бош вазири Лиз Трасс номига ёзилган мактубда. Унинг нусхаси ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. 

Шундан сўнг, Трасс матбуот хизмати янги молия вазири сифатида Жереми Ҳант тайинланганини эълон қилди. 

Квартенг 23 сентябр куни янги солиқ-бюджет сиёсатини эълон қилди. У солиқларни катта ҳажмда қисқартиришни назарда тутган эди. Бунинг оқибатида бюджет йилига 45 миллиард фунт стерлинг (51 миллиард доллар) йўқотиши мумкин эди. Шунингдек, ҳукумат, электр энергияси ва газ нархини музлатиш учун истеъмолчиларга икки йил давомида 150 миллиард фунт стерлинг (170 миллиард доллар) сарфлашни режалаштирганди.  

Қимматли қоғозлар ва облигациялар бозори бу режага ўта оғриқли муносабатда бўлди ва фунт стерлинг курси рекорд даражада пасайиб, ҳатто маълум бир нуқтада долларга тенглашди. Англия Банки бозорни қўллаб-қувватлаш учун облигацияларни сотиб олишга деярли 65 миллиард фунт стерлинг (74 миллиард доллар) сарфлаб, интервенция қилишга мажбур бўлди. 

Энди Трасс солиқ-бюджет сиёсатининг бир қисмидан воз кечиши кутилмоқда. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид