Жаҳон | 08:02 / 16.10.2022
50969
3 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбий полигонида отишма – камида 11 киши ҳалок бўлган

Россия мудофаа вазирлиги полигондаги отишма оқибатида 11 киши ҳалок бўлиб, 15 киши жароҳат олганини тасдиқлади, Белгород областидаги бу полигонда кўнгиллилар Украинадаги урушга жўнашга тайёргарлик кўраётганди.

Фото: Донат Сорокин / ТАСС

Россия мудофаа вазирлиги ахборотида полигонда «МДҲ давлатларидан бирининг икки нафар фуқароси» фронтга жўнашга тайёрланаётган кўнгиллиларни ўққа тутгани айтилган.

Натижада 11 киши ҳалок бўлиб, 15 киши яраланган, «жавоб зарбаси натижасида икки террорчи йўқ қилингани» айтилган.

«Махсус ҳарбий амалиётда иштирок этиш ниятида бўлган кўнгиллилар ўт очишга тайёрланадиган ҳудудда террорчилар шахсий таркибга қарата ўқ узган. Оқибатда 11 киши ҳалок бўлган, 15 киши турли оғирликдаги жароҳатлар билан касалхонага юборилган. Теракт содир бўлган ҳудудда ҳуқуқ-тартибот органлари ишламоқда», дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Ҳужум уюштирганлар билан ҳисоблаганда қурбонлар сони 13 нафар бўлиши мумкин.

Шанба куни бу отишма ҳақида дастлаб Россиядаги турли манбалар хабар берган, бу хабарларда қурбонлар сони 10 нафардан 22 нафаргача экани айтилганди.

Россиядаги турли Telegram-каналлар отишмани содир этганлар кўнгилли равишда Россия армиясига қабул қилиниш учун борган тожикистонликлар экани ҳақида ёзишмоқда. Аммо бу борада расмий манбаларда ҳеч нарса дейилмаган.

Сентябр ойида ҳукумат РФ қуролли кучларида хизмат ўташ учун шартнома тузган хорижликларга Россия фуқаролигини олишни соддалаштиришга қарор қилганди.

Россия мудофаа вазирлиги ҳодисани теракт деб баҳолаган, аммо ҳозирча нима учун армия полигонига қўлида қурол тутган хорижлик фуқаролар келиб қолганига аниқлик киритилмаган.

Норасмий маълумотларга кўра, қотиллик куннинг биринчи кунида рўй берган; Мудофаа вазирлиги эса у ҳақда фақат кун охирига келиб хабар берган. Вазирлик қурбон бўлганларнинг барчаси «махсус амалиётда иштирок этишни истаганлар», яъни кўнгиллилар эканини маълум қилган.

Россиядаги айрим манбалар ёзишича, ҳалок бўлганлар Брянск областидан сафарбар қилинган фуқаролардир. Бу маълумотни сафарбар этилганларнинг қариндошларига асосланган ҳолда SOTA нашри тасдиқлаган. Унга кўра, гап Украина чегарасидан 20 километр масофада, Валуйки шаҳри яқинидаги Солоти қишлоғида жойлашган полигон ҳақида кетмоқда.

Журналистлар маълумотига кўра, сафарбар қилинганларнинг машғулот ўташ ҳудудида уч ҳарбий пулемёт ўрнатиб ўт очган. Уларнинг иккиси воқеа жойида ҳалок бўлган, яна бири қочиб кетишга муваффақ бўлган. SOTA хабарига кўра, отишма оқибатида жами 22 киши ҳалок бўлиб, яна 16 киши яраланган.

«Осторожно, новости» ҳам сафарбар қилинганлардан бирининг қариндошига таяниб, ҳарбий қисмда икки киши ўт очгани, натижада 12 киши ҳалок бўлганини ёзган.

Мавзуга оид