Ўзбекистон | 14:17 / 18.10.2022
22128
3 дақиқада ўқилади

Нега республика даражасидаги раҳбарлар туманларга ҳоким қилиб жўнатилмоқда?

Сўнгги кунларда бир қатор туманларга янги ҳокимлар тасдиқланди. Қизиғи шундаки, уларнинг барчаси республика миқёсидаги раҳбар кадрлар бўлиб, энди ўз қобилиятини ҳокимликда синаб кўришади.

Бунинг ортидан кўпчиликда саволлар туғилгани табиий. Ҳудудларда ҳокимликни эплай оладиган одамлар танқисми, маҳаллий кадрларга ишонч йўқолганми? Ёки қатор муаммолардан кейин оғир туманларни бошқариш фақат республика миқёсида тажриба оширган мутахассисларнинггина қўлидан келади, деган фикрга келиндими?

Аслида жамоатчилик учун кутилмагандек туюлаётган бу қарорлар тасодифан қабул қилинаётгани йўқ. Гап шундаки давлат раҳбари анча вақтдан буён марказдаги кадрлар қуйи тизимларда ишлаб, муаммолар билан бевосита курашишлари зарурлигини англаб келади.

“Вазирликлардаги ходимлар энди туманларга бориб, халқ билан бевосита ишлайди. Туманда ҳам ҳокимиятдаги кабинетда қоровуллик қилиб ўтиришмайди, жойларга бориб, маҳалланинг шароитини ўрганади, керак бўлса ҳидига кўникади.

Қачонки маҳаллалардаги муаммоларни ечишни ўрганса, одамларни рози қилса, ишсизлик билан чин дилдан курашса, жиноятчиликни камайтирса, ана ундан кейин мен ўзим биламан у ходимни қандай тақдирлашни. Олдингисидан ҳам кўра каттароқ амални ҳам, медални ҳам бераман, маошини ҳам ошираман.

Майли, тажрибаси бўлмасин, ўзим иш ўргатаман. Энг муҳими, шу халққа садоқати бўлсин”, деган гапларни кўп такрорлаган президент.

Дастлаб марказдан раҳбар юбориш синов тариқасида ўтказилган бўлса, ҳозирги кунга келиб бирданига бир неча туманда вазир ёки қўмита раиси ўринбосари ҳокимликка киришди.

Жумладан:

  • Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азизбек Латифжонов Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди;
  • Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаётган Бекзод Умматов Андижон вилояти Асака тумани ҳокими лавозимига тайинланди;
  • Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Сирожиддин Бердиқулов Нуробод тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди;
  • Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Кадрлар маъмуриятчилиги департаменти давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар ишини мувофиқлаштириш бошқармаси бош инспектори вазифасида ишлаб келган Ҳамидулла Иномов Фарғона туманига ҳоким бўлди;
  • Сув хўжалиги вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Акмал Арзиев Сардоба тумани ҳокими сифатида иш бошлади.

Яна баъзи жиҳатлар бор – марказдан юборилаётган кадрларни ўша ҳудудга бегона деб бўлмайди. Улар шу вилоят фарзандлари, яъни астойдил ишлаб, яхши ном билан қайтишни истайдиган инсонлар. Бу бешликнинг ёш кўрсаткичлари ҳам алоҳида эътиборга молик – 40 ёшдан сал ошганлар. Демакки айни кучга тўлган, ишлайдиган ёш. Бу жиҳатнинг ўзига хослиги ёшларга кўпроқ ишонч ва имконият берилаётганини англатади.

Натижа кутилганидай бўладими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид