Ўзбекистон | 13:16 / 20.10.2022
20597
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда юк поезди юк машинаси билан тўқнашди

Тўқнашув натижасида поезд издан чиқиб кетган. Юк автомобили ҳайдовчиси тан жароҳати олган.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани «У.Хотамов» МФЙ ҳудудида юк поезди ва юк машинаси иштирокида тўқнашув содир бўлди.

Жиззах-2 ва Чаманзор темирйўл бекатлари оралиғининг 3 550-километрида ҳаракатланиб кетаётган «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли поезд юк автомобили билан тўқнашган. Ҳодиса оқибатида поезд ўз изидан чиқиб кетиб, ҳаракатдан тўхтаган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, воқеа ҳақида Жиззах вилояти ФВБ навбатчилик қисмига 20 октябрга ўтар кечаси, соат 00:25 ларда хабар келиб тушган. Дарҳол воқеа жойига вилоят ФВБнинг қутқарувчилар бўлинмаси юборилган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида юк машинаси ҳайдовчиси тан жароҳати олган. Унга ҳодиса жойида зарурий тиббий ёрдам кўрсатилиб, сўнг Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Жиззах филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматига кўра, мазкур ҳолатга юк машина ҳайдовчиси йўл қоидасини қўпол равишда бузгани сабаб бўлган. Айни пайтда ЙТҲ содир бўлган жойда шикастланган темир йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

  • Шу йил январ ойида Хоразм вилояти Хонқа тумани ҳудудидан ўтган темирйўл кесишмасида Cobalt машинаси ва тепловоз тўқнашган, жароҳат олган ҳайдовчи шифохонага ётқизилганди.

Мавзуга оид