Жамият | 23:23 / 27.10.2022
17005
2 дақиқада ўқилади

10 нафар мактаб директори “Ватан фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди

Бугун халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев биргаликда мактаб директорлари билан учрашув ўтказди.

Унда халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан педагоглар касбий маҳоратини ошириш, ўқувчиларга сифатли таълим бериш, тўғри касб танлаш борасида мактаб директорлари масъулияти ҳақида сўз борди.

Хусусан, 2022 йил бошида президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида қўшимча 23 та мактабда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, умуман олганда бу йил 70 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистонда биринчи бўлиб “Мобиль методик гуруҳлар” фаолияти йўлга қўйилган. 40 та таълим даражаси паст мактаблар танлаб олиниб, ҳудуддаги олий таълим муассасалари билан биргаликда ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш орқали таълим сифатини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Мулоқот чоғида Қорақалпоғистонда тизимда ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўплиги, мактабларда ўқувчиларга замонавий билимларни беришда ўқитувчиларда методик маҳорат етишмаётгани, бир қатор мактабларда таълим даражаси пастлиги, 11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш ишларида муаммолар мавжудлиги, айрим мактабларнинг ижтимоий-маънавий муҳити яхши эмаслиги қайд этилди.

Жўқорғи Кенгес раиси республика мактабларида таълим-тарбия жараёнларини яхшилаш юзасидан мактаб директорларига бир қатор вазифаларни белгилаб берди.

Учрашув сўнгида таълим сифати кўрсаткичлари бўйича юқори натижаларга эришган 10 нафар мактаб директори “Ватан фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, ҳар бир тумандан битирувчилари олий таълим муассасаларига киришда энг юқори натижа кўрсатган биттадан мактаб директори Жўқорғи Кенгес томонидан 10 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланадиган бўлди.

Мулоқотда мактаб директорларининг халқ таълимини янада ривожлантириш бўйича таклифлари тингланди.

Мавзуга оид