Жамият | 21:51 / 27.10.2022
25456
5 дақиқада ўқилади

Кўзи кўр, қулоғи кар “Миллийбанк”. Самарқандда фуқаро емаган сомсага пул тўламоқда

Самарқанд шаҳрида яшовчи Давлат Аминов 2017 йилда иккиламчи бозордан уй сотиб олган ва ўша ҳовли банк берган маблағ эвазига гаровга қўйилган. У йиллар давомида гарчи кредитни сўндириш учун банкка тўлов қилган бўлса-да, маблағ ўз жойига бориб тушмагани айтилмоқда.

Аминов биз билан суҳбатда қариндоши О.Мингбоев номига “Миллийбанк”нинг Самарқанд филиалидан 350 млн сўм кредит олинганини билдирди. Бироқ аввалбошдан ўша маблағни қайтариш Аминовнинг зиммасида бўлган. У банкнинг муаммоли кредитлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Дилшод Ҳусайновга нақд пул шаклида тўловни амалга ошириб келганини айтмоқда.

“Қарздорликни ойма-ой ёпиб келардим. Тўловни доимий тарзда Ҳусайнов орқали амалга оширганман. Бирор сабаб билан тўловни кечиктирсам, қўнғироқ қиларди ва имкониятимга қараб 5-6 кун кечикиш билан бўлса-да тўлов қилган кунларим бўлган. Нақд шаклда тўлаганим учун айрим ҳолатда квитанция берарди, айрим ҳолатларда йўқ. Тўловларим банкка кирим қилинаётгандирки, мени ҳеч ким безовта қилмасди. Чунки мендаги қарздорлик билан бевосита Ҳусайновнинг ўзи ишларди.

Бироқ 2022 йилнинг 20 апрел куни банкдан Мусобек исмли йигит телефон қилди. Ўзини Ҳусайновнинг ўрнига тайинланганини айтиб, 2,5 йилдан буён банкка тўлов қилинмаётганини билдирди. Банкка бориб, мунтазам тўлов қилиб келганимни айтдим ва квитанция кўрсатдим. Ходимлар квитанция банкка тегишли эканини тан олса-да, компютерда тўловлар кўринмаётганини айтишди.

Шундан кейин бошқа бўлимга ўтган Ҳусайнов билан юзлашдик, у кассада тушунмовчилик бўлган деб, вақт сўради. Шу-шу мендан қочиб юрди, бир неча марта телефонда гаплашдик, наф бўлмагач, прокуратурага мурожаат қилишимга тўғри келди”, – дейди Давлат Аминов.

Ҳолатнинг ажойиблиги шундаки, Аминов банк маъмуриятига ўзининг қарздор эмаслигини, муаммо банкнинг ўз ходими айби билан юзага келаётганини айтса-да, “Миллийбанк” Самарқанд филиали судга даъво киритган.

Банк ўз ходимининг хатосини тўғрилаш, мижозни ҳурмат қилиш ўрнига, эътиборни гаровга қўйилган ҳовлига қаратган.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ишни “Миллийбанк” АЖ Самарқанд филиали фойдасига ҳал қилган. 2022 йилнинг 14 июлдаги ҳал қилув қарори билан 195 млн кредит, 109 млн муддати ўтган асосий қарз, жами қарийб 399 млн сўм қарздорлик Олимжон Мингбоев (Давлат Аминовнинг қариндоши) номида турган уйга қаратилган.

Давлат Аминов: “Суд бўлиб ўтганини ҳам бир неча кун ўтиб билдик, қатнашмаганмиз”, деяпти. Чунки хабарнома кечикиб етиб борган.

Аминов ҳолат бўйича Самарқанд вилояти прокуратурасига арз қилган.

Низо юзасидан Самарқанд вилояти прокуратурасига мурожаат қилдик. Прокуратурага кўра, “Миллийбанк” Самарқанд филиалининг муаммоли кредитлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Дилшод Ҳусайновга нисбатан 2022 йилнинг 19 феврал куни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 222-модда 1-қисми, 228-модда 3-қисми билан айблов эълон қилиниб, эҳтиёт чораси қўлланган. Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида айбланувчи Д.Ҳусайновнинг айблари объектив далиллар билан ўз тасдиғини топган. Жиноят иши 2022 йил 12 октябр куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилган.

Аминов банк ходими Дилшод Ҳусайнов билан айнан шу масала юзасидан қилинган суҳбатларнинг аудио вариантини Kun.uz'га ҳам тақдим этди.

Масаланинг яна бир оғриқли томони бор. Давлат Аминов ҳозирги вақтда ўша сотиб олинган ҳовлида ота-онаси билан яшаб келаётгани ва уларни энди Мажбурий ижро бюроси ҳам безовта қилаётганини айтмоқда. Сабаби – ҳукм ўқилган. У энди нафақат банк, балки суд ва МИБнинг ҳам қош-қовоғига қарашига тўғри келяпти.

Муаммо шундаки, банк раҳбарияти ўз ходимининг устидан жиноят иши очилганини била туриб ҳам кредитни қайтариш билан боғлиқ жараённи тўхтатгани йўқ. Оғирликни айнан мижознинг гарданига қўймоқда. Банк мижоз учун эмас, мижоз банк учун хизмат қилмоқда...

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид