Ўзбекистон | 14:13 / 28.10.2022
16321
2 дақиқада ўқилади

Тошкент қоқ марказида жойлашган давлат объектини сотиб юборишмоқчи

Тошкент шаҳри марказида жойлашган, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги балансида бўлган бино онлайн-аукционга қўйилди.

Фото: E-auksion

E-auksion сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 4-уй манзилида жойлашган давлат объекти 66 527 528 716.00 (66,5 млрд) сўмлик бошланғич нархда аукционга чиқарилган. Бунда, закалат миқдори 3 326 376 435.80 (3,3 млрд) сўмни, биринчи қадам баҳоси 3 326 376 435.80 (3,3 млрд) сўмни ташкил қилади. Аукцион савдоси ошириб бориш услубида ўтказилиши айтилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг 15.04.2022 йилдаги 29к-ПО-сонли буйруғи савдога асос қилиб олинган. 

Давлат кўчмас мулки объекти олди-сотди шартномаси баённома расмийлаштирилганидан сўнг, 10 иш кунидан кечиктирмай сотувчи, балансда сақловчи ва аукцион савдоларининг ғолиб ўртасида тузилади. Агар аукцион ғолиби 5 иш куни ичида оператор хизмат ҳақига етарли маблағларни тўламаган ёки олди-сотди шартномасини имзолашни рад этган тақдирда, аукцион салоҳиятли ғолиби мавжуд бўлса, унга оператор хизмат ҳақида етарли маблағларни тўлаш учун 5 иш кунлик муддат берилади. Агар салоҳиятли ғолиб мазкур маблағни тўламаганда ёхуд мавжуд бўлмаганда, такрорий аукцион савдоларига чиқарилади.

Ҳужжатда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 декабрдаги тегишли қарори давлат объектини хусусийлаштириш учун асос қилиб олинган.

Бино 2012 йилда қурилган. Ер участкасининг эгаллаган умумий майдони - 0.2644 гектар. Бинолар ва иншоотларнинг эгаллаган умумий майдони - 3666 квадрат метр.

Аукцион сайтида киритилиши лозим бўлган инвестициялар миқдори, яратиладиган иш жойлари ва инвестицион мажбуриятларни бажариш муддати кўрсатилмаган.

Мавзуга оид