Ўзбекистон | 15:30 / 31.10.2022
24985
7 дақиқада ўқилади

Silk Avia чипталарининг тахминий нархлари маълум бўлди

Ўзбекистонда ички йўналишларда авиақатновларни кўпайтириш учун Silk Avia лоукостери ташкил этиляпти. Авиакомпаниянинг қисқа масофаларга учишга мўлжалланган биринчи учта самолёти шу йил охиригача олиб келинади. Компания 3 йил ичида 12 та самолёт олиб, 54 та йўналишда ҳафтасига 216 та парвозни амалга оширишни режа қилмоқда.

Фото: Silk Avia

Ўзбекистонда янги ташкил этилаётган Silk Avia минтақавий авиакомпаниясининг биринчи учта самолёти 2022 йил охиригача олиб келинади. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

“Бу компания парвозлари нафақат Тошкентни, балки вилоят марказларини ҳам бир-бири билан боғлайди. Имзоланган ҳужжат доирасида мазкур парвозлар йўлга қўйилиши бўйича дастур ҳам тасдиқланди. Бу авиакомпания парвозларини амалга оширувчи 3 та самолёт шу йилнинг сўнгигача олиб келинади ва авиақатновлари йўлга қўйилади”, – деди вазир.

21 октябр куни Самарқандда Silk Avia компаниясининг тақдимоти ўтказилди. Тақдимотда янги авиакомпаниянинг атлас мато асос қилиб олинган ливреяси намойиш этилди.

Фото: Silk Avia

МЧЖ шаклидаги компания таъсисчиси – “Uzbekistan Airports”. Акциядорлик жамияти матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, Silk Avia рейслари (Ўзбекистон ичидаги парвозлар) учун чипталар нархи 180 минг сўмдан 335 минг сўмгача бўлиши белгиланмоқда. Бу мўлжал қилинаётган нархлар бўлиб, ҳали расман тасдиқланмаган.

Авиакомпанияда учта асосий тариф ишлаб чиқилган:

  • “Осон” тарифи – чипта нархи 180 минг сўмдан бошланади. Чипталарни қайтариб бўлмайди, қўл юки – 5 кг, қўшимча юк учун алоҳида ҳақ тўланади.
  • “Оддий” тарифи – чипта нархи 270 минг сўмдан бошланади. Чипталарни қайтариб бўлмайди, қўл юки – 5 кг, багаж – 10 кг.
  • “Омад” тарифи – чипта нархи 335 минг сўмдан бошланади. Чиптани қайтариш мумкин, қўл юки – 5 кг, багаж – 15 кг.
  • Биринчи иккита тарифда ортиқча юк учун қўшимча тўлов 1 кг учун 30 минг сўмни ташкил қилади. Қайд этилишича, мазкур нархлар тахминий ҳисобланиб, авиакомпания ишга тушганидан кейин ўзгариши мумкин.

Янги авиакомпания Франция ва Италияда ишлаб чиқариладиган турбовинтли АТR 72-600 самолётларидан фойдаланади.

“Бу жуда тежамкор арзон самолёт бўлиб, у Airbus А320'га қараганда 4 баробар камроқ ёқилғи сарфлайди. Барча самолётлар ҳилпираган хонатлас каби қизиқарли кўринишга эга бўлади.

АТР 72-600 нинг парвоз масофаси 1500 км, баландлиги 6000-7000 км бўлиб, 70 нафар йўловчини сиғдира олади. Унинг оғирлиги 23 тонна, круиз тезлиги 508 км/соат”, – дейилади расмий ахборотда.

Uzbekistan Airports раиси Раъно Жўраеванинг айтишича, 2022 йилда учта, 2023 йилда яна учта самолёт харид қилинади. Режа қилинган барча самолётлар олиб келингач, Марказий Осиё шаҳарларига халқаро рейслар ҳам йўлга қўйилиши мумкин.

Раъно Жўраева / Фото: Kun.uz

“Тўғрисини айтиш керак, бу типдаги самолётларни авиабозорда топишнинг ўзи қийин. Чунки бутун дунёда маҳаллий рейсларнинг 75 фоизи мана шундай самолётларда амалга оширилади. Улар жуда харидоргир, шу сабабли бозорда уни топиш жуда мушкул. Ҳозирча биз 3 дона топдик. Улар 2019 йилда ишлаб чиқарилган. Деярли учмаган, пандемия эълон қилинганидан буён турган. 2023-24-йилларда ATR компаниясидан яп-янги самолётлар харид қилишни режалаштиряпмиз”, – деганди Uzbekistan Airports раиси ўтган ой Kun.uz'га берган интервюсида.

27 октябр куни “Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Унда Silk Avia лоукостер бўлиши белгилаб қўйилган.

Қарорда ёзилишича, техник ва иқтисодий жиҳатдан маҳаллий йўналишларда энг қулай кўрсаткичларга эга 3 та АТR72-600 русумли ҳаво кемаларини харид қилиш бўйича депозит пули тўлаб қўйилган, ҳаво кемалари техник кўрикдан ҳам ўтказилган.

Авиакомпанияни ташкил этиш учун Миллийбанк томонидан Uzbekistan Аirports'га 2 йил муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, 50,0 млн доллар кредит ажратилади. Бунинг учун Uzbekistan Аirports'нинг кўчмас мулклари ва сотиб олинаётган самолётлар гаровга қўйилади. Кредит олиш ва уни қайтариш билан боғлиқ барча тўловлар авиакомпания ва Uzbekistan Аirports зиммасида бўлади.

Президент қарорига кўра, 2022 йилда 3 та АТR 72-600 русумли самолётлар харид қилинади, 2024 йил якунига қадар яна 9 та АТR русумли ҳаво кемалари авиакомпания томонидан маҳаллий йўналишлар бўйича:

ATR-72-600 самолёти / Фото: Wikimedia Commons

Ҳужжатда ёзилишича, Silk Avia:

  • 2022 йилда 10 та йўналишда ҳафтасига 28 та авиақатновни амалга ошириш орқали 2 минг йўловчига хизмат кўрсатиши;
  • 2023 йилда 48 та йўналишда ҳафтасига 134 та авиақатновни йўлга қўйиш натижасида 9 минг йўловчига хизмат кўрсатиши;
  • 2024 йилда 54 та йўналишда ҳафтасига 216 та авиақатновни ташкил этиш орқали 14 минг йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган.

Президент қарорига биноан:

  • 2023 йил март ойидан бошлаб Самарқанд – Нукус, Самарқанд – Мўйноқ, Самарқанд – Термиз, Бухоро – Термиз, Наманган –Термиз ва Наманган – Нукус каби янги йўналишларда мунтазам авиақатновларни бошлаш;
  • Шаҳрисабз ва Сариосиё аэропортларига авиақатновларни тиклаш, шунингдек, Зомин аэропортига авиақатновларни йўлга қўйиш;
  • авиақатновлар жадвалини йўловчилар учун қулай бўлган темирйўл, автобус ва микроавтобус йўналишлари билан интеграциялаш орқали ягона логистика тизимини яратиш чораларини кўриш белгиланди.

Ҳужжатга асосан, шунингдек:

  • Ўзбекистоннинг резидент авиакомпанияларига ички туризм йўналишларидаги авиақатновлар учун авиачипта нархининг 25 фоизи миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратиш муддати 2026 йил 1 январга қадар узайтирилди;
  • Ўзбекистоннинг резидент авиакомпаниялари 2028 йил 1 январга қадар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат асосида хориждан олиб кириладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, техник ҳужжатлар ва дастурий таъминот учун божхона тўловларини тўлашдан озод қилинди (ҚҚС ва божхона йиғими бундан мустасно).

Маълумот учун, охирги 3 йилда Ўзбекистонда Qanot Sharq, Humo Air ва юк ташишга мўлжалланган My Freighter авиакомпаниялари ҳам ташкил этилди.

Айни пайтда, ҳукумат Uzbekistan Airways'ни хусусийлаштириш жараёнини бошлаган. “Давактив” хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун консалтинг компанияси изламоқда. Компания акцияларининг бир қисмини IPO'га чиқариш учун 2023 йил июл ойигача тайёргарлик жараёнлари олиб борилиши белгиланган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳри ва ҳудудий халқаро аэропортларни модернизация қилиш ва бошқарувга бериш лойиҳалари бўйича Жаҳон банки гуруҳи билан биргаликда ўрганиш ишлари кетмоқда. Бундай амалиёт биринчи бўлиб Самарқанд халқаро аэропортида қўлланди – Air Marakanda компанияси давлат-хусусий шериклик асосида тайёрагоҳни модернизация қилиб, унинг ишончли бошқарувини қўлга киритди.

Мавзуга оид