Жамият | 18:50 / 01.11.2022
17885
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ЙТҲ оқибатида уч киши ҳалок бўлди

Дўстлик туманида Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Lada Vesta ва Мирзачўл туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “ВАЗ-2102” русумли машина ўзаро тўқнашган.

Фото: Getty Images

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 28 октябр куни соат 22:00 ларда 4Р-35 Гагарин — Дўстлик автомобил йўлининг Дўстлик тумани “Олтин Водий” МФЙ ҳудудидан ўтган 64-километрида одамлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Тошкент шаҳри Сирғали туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Lada Vesta автомашинаси Мирзачўл туманининг Ғалаба маҳалласида яшовчи шахс бошқарувидаги “ВАЗ-2102” русумли машина билан ўзаро тўқнашган.

Оқибатда Lada Vesta салонида бўлган, Шароф Рашидов тумани “Қангли” МФЙда яшаган фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган. “ВАЗ-2102” ҳайдовчиси ҳамда мазкур машина салонида бўлган Мирзачўл тумани «Мирзадала» ШФЙда яшаган йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Маълум қилинишича, марҳумлар белгиланган тартибга кўра суд тиббий кўригидан ўтказилаётганида вафот этганлардан бирининг қариндошлари экспертиза ўтказилишига қаршилик қилган. Натижада, тиббий муассасада тартибни сақлаш учун ички ишлар органлари ходимлари жалб қилинган.

Марҳумнинг яқинлари соҳа вакилларининг тушунтиришларига қарамасдан суд тиббий экспертиза биносининг эшик ва деразаларини бузишга уринишган, қолаверса улар ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Самарқанд вилояти Ургут туманида Lacetti 4 нафар пиёдани уриб юборган, улардан уч нафари ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид