Фан-техника | 18:10 / 02.11.2022
64171
9 дақиқада ўқилади

Маск Twitter’ни сотиб олди – энди фойдаланувчиларни нималар кутмоқда? 

Миллиардер Илон Маск Twitter ижтимоий тармоғига эгалик қила бошлаганига кўп вақт бўлмади. Бу вақт ичида компания директорлар кенгашини ишдан бўшатди, ходимлар ҳафтасига етти кунлик ва 12 соатлик сменада ишлай бошлади, верификациядан ўтган фойдаланувчиларга тахаллуси ёнидаги кўк белгини қолдириш учун ойига 20 доллар тўлаш таклиф қилинди. Маск Twitter ижтимоий тармоғини сотиб олганидан кейин нималар юз бермоқда? 

Фото: Getty Images

Ходимларни қисқартириш 

The Washington Post газетаси 20 октябр куни (Twitter харидидан олдин) Маск режалари билан таниш бўлган ўз манбаларига таяниб, миллиардер корпорация ходимларининг тахминан 75 фоизини ишдан бўшатиш ниятида эканини хабар берди. Бу тахминан 5,6 минг киши бўлиши мумкин, компанияда жами 7,5 минг киши ишлайди.  

Келишувга эришишдан олдин, компаниянинг ўзи ҳам иш ҳақи харажатларини 800 миллион долларга қисқартиришни режалаштирган, бу эса ходимларнинг камида тўртдан бир қисмини ишдан бўшатилишини англатарди. 

WP хабаридан кейин, компания бош ҳуқуқшуноси Шон Эджет корпоратив почта орқали ходимларга хат юбориб, компания ҳеч кимни ишдан бўшатиш ниятида эмаслигига ишонтирди, бироқ раҳбарият Маскнинг бундай режасидан хабардор эмаслигини таъкидлади. Шунингдек, Twitter Маск билан келишувга эришгач, иш ҳақи харажатлари ҳам қисқартирилмаслигини маълум қилди. 28 октябр куни Маск расман Twitter эгасига айланганида Шон Эджетнинг ўзи ишдан бўшатилди. 

Бундан ташқари, компаниянинг яна тўрт топ-менежери қисқартиришга учради: бош директор Параг Агравал, молия директори Нед Сигал (хавфсизлик ходимлари уни ва Эджетни бош офисдан олиб чиқди), мижозлар билан алоқалар бўйича директор Сара Персонетт ва корпоратив сиёсат директори Вижая Гадде – Америка матбуотига кўра, у АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг аккаунтини блоклаш учун масъул бўлган. Уларнинг барчаси компания директорлар кенгаши аъзолари эди. 

Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси Маскнинг Twitter компаниясини сотиб олгани ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди. Ундан маълум бўлишича, 27 октябр куни миллиардер нафақат беш нафар топ-менежерни, балки компаниянинг директорлар кенгашини тарқатиб юбориб, ягона раҳбарга айланган. Маскнинг сўзларига кўра, бу «вақтинчалик чора». 

29 октябр куни The New York Times ва Bloomberg баъзи маълумотларга аниқлик киритди: Илон Маск ишдан бўшатилиши керак бўлганлар рўйхатини тузишни буюрган – ходимларнинг тахминан 50 фоизи. Биринчи навбатда Маск контентни модерация қилиш учун масъул бўлган юридик ва хавфсизлик бўлими билан шуғулланмоқчи. 

Маск Twitter компанияси ҳолатини баҳолаш учун Tesla компаниясининг баъзи раҳбарларини таклиф қилган. Кимни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорлар улар билан ҳамкорликда қабул қилинади. 

Фойдани ошириш йўлида 

Илон Маскнинг фикрича, Twitter компаниясининг тижорат модели пуч. У рекламадан тушадиган даромад улушини йилига 80 фоиздан 45 фоизгача қисқартиришни, шу билан бирга 2028 йилга бориб, корпорация даромадини тўрт баробарга, 25,4 миллиард долларгача оширишни режалаштирган. Яъни Маск ижтимоий тармоқда реклама миқдори кўп деб ҳисобламоқда ва даромаднинг ўзгача йўлларини жорий қилмоқчи. Қандай қилиб? Фойдаланувчилар ҳисобидан. 

Шу вақтгача Twitter ижтимоий тармоғидан фойдаланиш бепул бўлиб келаётганди. Энди Маск вазиятни ўзгартиради. У Twitter Blue обунаси доирасида фойдаланувчилар учун пулли верификацияни жорий этишга қарор қилди. 

Маск обуна нархини 20 доллар қилиб белгиламоқчи бўлди, бунинг эвазига, исталган фойдаланувчи верификацияни англатувчи кўк белгини олиши мумкин эди. Шу вақтгача Twitter фақат машҳур шахсларга ва компанияларга верификация белгисини бериб келаётганди. Бундан ташқари, верификация белгисига эга бўлганларга уни сақлаб қолиш учун 90 кун ичида пулли обуна таклиф этилиши ҳам режалаштирилди. 

31 октябр куни ёзувчи Стивен Кинг ойига 20 доллар қиймат жуда юқори нарх эканидан шикоят қилди. «Жин урсин, улар пулни менга тўласин. Агар обуна жорий қилинса, банкрот бўламан», деб ёзди у. Маск ярми ҳазил, ярми чин кинояни тушунди ва «компания қандай қилиб бўлса ҳам харажатларини қоплаши керак», деб жавоб берди. Шунингдек, ёзувчидан 8 долларлик обуна нархи ҳақида қандай фикрдалигини сўради. 

1 ноябр куниёқ Маск аккаунтнинг верификация қилиниши учун ойлик тўлов қиймати 8 доллар бўлишини эълон қилди. Шунингдек, обуна фойдаланувчиларга қўшимча имкониятларни, уларнинг контентига устуворлик бериш, рекламаларни икки баробар қисқартириш имконини бериши керак эди. 

«Twitter тармоғидаги кўк белги билан боғлиқ ҳозирги хўжайинлар ва хизматкорлар тизими – сафсата. Ҳокимият халққа! Кўк белги учун ойига 8 доллар!» деб ёзди Маск. 

Twitter хўжайини сўзларига кўра, пулли верификация компанияга ижтимоий тармоқдаги троллар ва ботларга қарши курашда ёрдам беради. Маск аввалроқ ботлар Twitter аккаунтларининг ярмини ташкил этишини айтганди. Компаниянинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқдаги ботлар – 5 фоиздан кўп эмас. 

Маск Twitter Blue тизимини 7 ноябргача жорий этишни буюрди. Агар жамоа улгурмаса, вазифани бажаришга масъул бўлганларни ишдан бўшатиши мумкин. CNBC телеканали хабарига кўра, муддат жуда камлиги боис, ходимлар ҳафтасига етти кун, 12 соатлик сменада ишламоқда. 

The Washington Post 2 ноябр куни Twitter компанияси Paywalled Video функцияси устида ишлаётганини маълум қилди. Унда фойдаланувчилар томоша қилиш пулли бўлган видеоларни юклаши мумкин. Унинг нархи 1 доллардан 10 долларгача. Фойда компания ва видео юклаган фойдаланувчи ўртасида тақсимланади, бироқ қандай улушда тақсимланиши маълум эмас. Нашрнинг ёзишича, функция бир-икки ҳафта ичида ишга туширилиши мумкин. 

Худди шундай хизмат яқинда Павел Дуров томонидан Telegram ижтимоий тармоғида ҳам жорий қилинган, аммо Apple компаниясига 30 фоизлик комиссияни тўлашни истамагани сабабли, iOS фойдаланувчилар учун ўчириб қўйилган эди. 

Маскнинг режалари орасида 6 сонияли Vine видеоларини тиклаш ва ижтимоий тамроққа жорий қилиш ҳам бор. Улар TikTok пайдо бўлмасидан олдин машҳур эди. 

Умуман олганда Маск якунда Twitter тармоғини Хитойнинг WeChat ёки Россиянинг «Яндекс»ига ўхшаш супер-иловага айлантирмоқчи. У орқали озиқ-овқатга буюртма бериш, такси чақириш ва банк тўловларини амалга ошириш мумкин бўлади. Бироқ АҚШ монополияга қарши қонунлари қатъий экани боис, америкалик иқтисодий экспертлар бунга эришиш жуда қийинлигини таъкидлашмоқда. 

Модерация ва тақиқлар 

Илон Маск ўзини «мутлақ сўз эркинлиги» тарафдори деб атайди. У Twitter тармоғини контентни модерация қилиш сиёсати шаффоф эмаслиги ва умрбод тақиқлар учун бир неча бор танқид қилган. 

Кўп миллиард долларлик шартнома имзоланишидан аввал ҳам тадбиркор 2021 йилдаги сайловда мағлуб бўлганидан кейин тартибсизликларни уюштирганликда гумонланиб, блокланган АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп аккаунтини блокдан чиқаришга ваъда берганди. Маскнинг ўзи ҳам Трамп раҳбарлик қиладиган республикачилар партияси тарафдори ҳисобланади. 

Twitter харид қилинган куннинг эртаси антисемитизм сўзлари учун блокланган мусиқачи Канйе Уэстнинг аккаунти тикланди. Аммо Илон Маск бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди. У аввалроқ платформа кичик ёки шубҳали сабабларга кўра блокланган барча аккаунтлар блокдан чиқарилишини айтганди. 

Маскнинг фикрича, контентни модерация қилиш кенгашининг яратилиши Twitter тармоғини «муҳокама учун очиқ платформа»га айлантиришга ёрдам беради. 

«Twitter турли қарашларга эга контентни бошқариш учун Кенгашни ташкил қилади. Ушбу кенгаш чақирилгунга қадар, контент ёки [илгари тўхтатиб қўйилган] аккаунтларни қайта тиклаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинмайди. Ҳозирча биз Twitter тармоғининг контентни модерация қилиш сиёсатига ўзгартиришлар киритмадик», деб ёзди Маск 29 октябр куни. 

У кенгаш қандай ва ким томонидан тузилиши, унинг иши қандай бўлишига аниқлик киритмади. Шу билан бирга, Маск ижтимоий тармоқ маҳаллий қонунларга риоя қилиши ва контентни тартибга солиб боришини айтди: шафқатсиз, ноқонуний ёки ҳақоратли контентлар фойдаланувчиларга камроқ кўрсатилади. 

Европа Иттифоқининг ички бозор бўйича комиссари Тиерри Бретон Маскнинг баёнотларига муносабат билдирди. 

«Илон, қоидалар борлигини унутманг. Сизни табриклаймиз, лекин бу қоидаларни биз ўрнатганмиз. Ва бу ерда сизнинг қоидаларингиз эмас, бизники амал қилади», деди у. 

Бретон эслатиб ўтдики, агар Twitter номақбул контентни модерация қилиш бўйича Европа Иттифоқи қонунларига риоя қилмаса, у ҳолда компания даромадининг 6 фоизи миқдорида жаримага тортилади, агар қонунбузарликлар давом этса, компанияга Европада ишлаш тақиқланади. 

Reuters агентлиги хабарига кўра, Маск еврокомиссарга Европа Иттифоқининг барча қонунларига риоя қилишга ваъда берган ва Бретон билан 6 ноябргача учрашишга рози бўлган.

Маск АҚШ ва бошқа мамлакатларда Twitter контенти модерациясини қандай амалга оширишни режалаштираётгани ҳозирча номаълум.

Мавзуга оид