Шимолий Корея Япон денгизи томон бир нечта ракета учирди
Жанубий Кореяда расмийлар Уллеунгдо ороли аҳолисини КХДР томонидан янги ракета учирилиши муносабати билан бошпаналарга киришга чақирди. Японияда бош вазир Кисида Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақириш ниятида.
Шимолий Корея 2 ноябрь, чоршанба куни Япон денгизи томон бир нечта баллистик ракеталарни учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб, «Ёнхап» агентлиги хабар бермоқда. Унга кўра, улардан бири Жанубий Корея шимоли-шарқидаги Сокчо шаҳридан 57 километр узоқликда денгизга қулаган.
Яна бир ракета Уллеунгдо оролидан 160 километр узоқликда денгизга қулаган. AFP агентлиги маълумотларига кўра, Жанубий Корея ҳукумати маҳаллий аҳолини ҳаво тревогаси эълон қилиб, бошпаналарга йўл олишга ундаган.
Айни пайтда, Шимолий Кореянинг навбатдаги ракета учириши Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати томонидан тасдиқланди. Бу мамлакат расмийлари Пхеняннинг ҳаракатларини қоралади. Япония бош вазири Фумио Кисида Корея яриморолидаги кескинлик кучайиб бораётгани муносабати билан Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақириш ниятида эканини айтди.
Октябрь ойи ўрталарида КХДР қисқа масофага мўлжалланган ракета учирилиши билан бирга, Жанубий Корея чегараси яқинида ракеталар машғулотини ўтказди. Жанговар самолётлар денгиз томон қарийб 170 та ракета учирди.
Корея яриморолидаги кескинликнинг янги кучайиши фонида Жанубий Корея сўнгги беш йил ичида биринчи марта Пхенянга қарши санкциялар жорий қилди. Қора рўйхатга Шимолий Кореянинг ракета дастурига алоқадор 15 киши ва КХДРнинг 16 та муассасаси киритилган.
Октябр охирида Жанубий Корея ва АҚШ Шимолий Кореянинг ракета учиришига жавобан Корея яримороли узра қўшма ҳаво машқларини бошлади. Манёврларда 240 та жанговар самолётлар, жумладан, илғор F-35 яширин қирувчи-бомбардимончи учоқлари иштирок этяпти.
Томонлар бундай машғулотлар жорий йилда рекорд даражадаги ракета учиришини амалга оширган Шимолий Кореядан келиб чиқиши мумкин бўлган таҳдидга қарши туриш учун зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Сеул Пхенян ядровий синовлар ўтказиши мумкинлигидан хавотирда.
Мавзуга оид
18:59 / 19.11.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон Шимолий Корея билан ўйинда 10 киши қолиб, қийин ғалабага эришди
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
20:15 / 27.10.2024
Украинага қарши жангга ташланган КХДР аскарлари: экспертлар қандай фикрда?
15:07 / 25.10.2024