Жамият | 16:19 / 02.11.2022
7699
4 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО: Журналистларга қарши жиноятларнинг 90 фоизи жазосиз қолмоқда

2006 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда 1200 дан ортиқ журналист янгиликлар тарқатгани ва жамоатчиликка маълумот етказгани учун ўлдирилган. ЮНEСКОнинг ўлдирилган журналистлар обсерваторияси маълумотларига кўра, ҳар ўн ҳолатдан тўққизтасида қотиллар жазосиз қолмоқда.

Фото: Getty Images

Ҳужумлар, қўрқитиш ва ҳатто қотиллик. Бутун дунё бўйлаб журналистлар ҳар куни ўз ишларини бажариш – янгиликларни излаб топиш ва маълумотни оммага етказиш учун жиддий хавф ва таҳдидларга дуч келишади.

Сўнгги ўн йил ичида ўртача ҳар тўрт кунда бир журналистга суиқасд қилинади. 2020 йилдан 2021 йил июн ойи охиригача бутун дунё бўйлаб жами 86 нафар журналист ўлдирилиши қайд этилган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, яна бир хавотирга асос бўлувчи тенденция – ОАВда ишловчи аёлларга қарши зўравонлик ҳолатлари ўсиши бўлиб қолмоқда.

Ўлимга олиб келадиган ҳужумлар қурбонлари орасида журналист аёллар нисбатан кам бўлса-да, гендерга асосланган таҳдидлар ва таъқиблар нишонига айнан аёллар кўпроқ олинади. Сўнгги йилларда бундай ҳужумлар сезиларли даражада ошди.

2012 йилдан 2016 йилга қадар 530 нафар журналист ўлдирилган. Журналистлар учун энг хавфли ҳудудлар – Араб мамлакатлари. Асосан халқаро журналистларнинг ўлими овоза бўлса-да, ҳалок бўлганларнинг 92 фоизи – маҳаллий мухбирлар. Журналистларга қарши жиноятларнинг 90 фоизи жазосиз қолмоқда.

Журналистикани ҳимоя қилиш ва журналистлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича Европа Кенгаши платформаси маълум қилишича, 2021 йилда Европада олти нафар журналист ўлдирилган.

2006 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда 1200 дан ортиқ журналист янгиликларни тарқатгани ва жамоатчиликка маълумот етказгани учун ўлдирилган. ЮНEСКОнинг ўлдирилган журналистлар обсерваторияси маълумотларига кўра, ҳар ўн ҳолатдан тўққизтасида қотиллар жазосиз қолмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2013 йил 18 декабрда қабул қилинган резолюциясига асосан, 2 ноябр санаси дунё миқёсида журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро куни деб эълон қилинди.

Ушбу резолюция журналистлар ва ОАВ ходимларига қарши ҳар қандай ҳужум ва зўравонликларни қоралайди. Шунингдек, у аъзо давлатларни журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, жавобгарликни таъминлаш, журналистлар ва ОАВ ходимларига нисбатан жиноят содир этган айбдорларни жавобгарликка тортиш ва жабрланувчиларнинг тегишли ҳимоя воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга чақиради.

Бу сана 2013 йил 2 ноябрда француз журналистлари Клод Верлон ва Гислен Дюпоннинг Малида ўлдирилиши хотирасига бағишланган.

Клод Верлон ва Гислейн Дюпон маҳаллий сиёсий етакчи билан суҳбатдан сўнг ўғирлаб кетилган. Тез орада уларнинг жасадлари шаҳар ташқарисидан топилган.

Уларнинг ўлимидан сўнг 2013 йилда дунё бўйлаб ўлдирилган журналистлар сони 42 нафарга етди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Мали Республикасини «ишни тезда тергов қилиш» ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди. Лекин айбдорлар топилмади. Жиноятчилар жазосиз қолди.

Журналистларга илк суиқасд расман 1837 йилда қайд этилган бўлиб, 7 ноябр куни Парижда қулликка қарши курашлари билан машҳур бўлган муҳаррир ўлдирилган.

Энг охирги мудҳиш воқеалардан бири 2022 йилнинг 3 сентябрида содир этилган. Лас-вегаслик журналист Жефф Герман уйи ташқарисида бир неча марта пичоқланган. 7 сентябр куни Кларк округи давлат бошқарувчиси Роберт Теллес Германнинг қотиллигида гумонланувчи сифатида ҳибсга олинди. Герман Теллеснинг идорасидаги нотўғри бошқарув ҳақида тергов сериясини ёзган ва Теллес ўша июн ойида ўз лавозими учун бирламчи сайловда мағлуб бўлган.

Мавзуга оид