Иқтисодиёт | 09:24 / 03.11.2022
60466
7 дақиқада ўқилади

Масофавий тўловлар тикланди. Бу имконият нега ўчириб қўйилганди?

1 ноябр куни эрталаб QR-тўлов ва бошқа қатор хизматларини вақтинча тўхтатган Click, Payme бир қанча тўлов тизимлари шу куни оқшомга яқин Давлат солиқ қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишдан кейин барча хизматларини тиклади. Kun.uz гап нимадалигини тушунтириб беришни сўраб, солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ва Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевга мурожаат қилди.

1 ноябр куни Ўзбекистондаги бир қатор тўлов тизимлари – Click, Payme кабилар QR-код тўловлар ва бошқа бир нечта хизматларини вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлди.

Солиқ қўмитасининг барча чекларни фискаллаштириш талаби ва санкциялар таҳдиди ортидан, тўлов тизимлари техник ишларни амалга оширишига тўғри келяпти.

Оддий тушунтирсак, харидор дўконлар ва турли муассасаларда электрон тўлов тизимларининг QR-тўлов имкониятидан фойдаланиб тўлаганда харид чеки онлайн шаклланиши керак. Бир қатор электрон тўлов тизимлари уларда бундай имконият ҳали йўқлигини айтиб, бир нечта функцияни ўчириб қўйди.

Натижада онлайн тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар юзага келди. Жамоатчилик фаоллари янгиликни кескин норозилик билан қабул қилди. 1 ноябр куни тушдан кейин Солиқ қўмитаси тўлов тизимлари ва маркетплейслар раҳбарлари билан учрашув ўтказгач, электрон тўлов тизимларининг QR-тўлов тизими қайта ишга тушди.

Kun.uz мавзу юзасидан саволлар билан солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ва Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевга юзланди.

Мурод Муҳаммаджонов / Kun.uz

Мурод Муҳаммаджоновнинг таъкидлашича, ҳозирги қўйилган талаблар амалиёт ва техник имкониятларга тўғри келмайди.

“Биргина онлайн тўловларни олайлик. Click, Payme, Apelsin каби дастурлар ҳақиқатан ҳам инсон учун фойдали қилиб яратилган. Солиқ қўмитаси айтяптики, ҳар бир онлайн тўлов қилинганда ҳам онлайн касса аппаратидан чек урилиши керак. Шунга мослаштирилган дейиляпти. Телевидениега оид хизмат кўрсатаётган бир тадбиркорнинг айтишича, 40 минг обуначиси бор. Уларнинг 99 фоизи кликдан тўловни амалга оширади. Тадбиркор уларнинг тўлаганига қараб, 40 мингта чек уриб бериши керакми? Ҳозир чек урмагани учун уларни жазолашмоқда. Агар техник жараёнларга қонун тўғри келмаётган бўлса, демак, қонунни тўғрилашимиз керак”.

Унинг сўзларига кўра, онлайн тўловни ҳеч қанақасига яшириш имкони йўқ бўлган бир пайтда солиқ органи тадбиркорнинг тўловини касса аппаратига мослаштириши эмас, балки ўзининг тизимини уларга мослаши керак.  

Жаҳонгир Абдиев эса Солиқ қўмитасининг хатти-ҳаракатларини истеъмолчи ҳар бир тўлайдиган тўлови учун чекини олишини кўзлангани билан изоҳлайди. У ҳозирги амалиётдан мақсад чек ва шу чекдан бир фоиз миқдорида кешбэкни қайтариб олиши кераклиги эканини айтади.

“Ҳар бир тўлов учун нақд ёки картада бўлишидан қатъи назар истеъмолчи учун чек берилиши керак. Шу орқали унга кешбэк тарзида тўлаган тўловининг бир фоиз миқдори қайтиши керак. Қўйилган талаб шу.

Бугунги кун тўлов тизимида тадбиркорларнинг 78 мингдан 73 мингта шериклари ҳали бу тизимга уланмагани учун хизмат кўрсатишнинг бу тури улар учун бирданига тўхталиб қўйилди. Бу ҳолатни Солиқ қўмитаси ҳеч қанақасига оқламайди. Жамият учун бу йўлни танлашнинг ўзи нотўғри бўлади. Бу тўлов тизими янги жорий қилинаётгани учун одамларга ўргатишимиз, кенг тарғиб қилишимиз учун ҳам ҳали анча вақт керак бўлади. Энди иш бошлаган корхоналар тўлов тизимидаги биргина ўзгариш сабабли футболда бўлгани каби офсайд ҳолатига тушиб қолди”.

Жаҳонгир Абдиев / Kun.uz

Kun.uz мухбирининг электрон тўлов тизими шунчаки воситачи бўлиб, чек бериши керак бўлган томон сотувчи экани, бу ҳолатда нега тўлов тизимларининг елкасига масъулият илинаётгани ҳақида саволига Абдиев қуйидагича жавоб берди:

“Тўлов тизими сотувчи ва харидор ўртасида воситачи. Сизга товар сотган сотувчини кўрмайсиз ва ўртадаги воситачи орқали пул тўлайсиз. Демак, бу ҳам бизнес, тадбиркорлик фаолияти. Тўлов тизими хизмат кўрсатгани учун маълум фоиз хизмат ҳақини олиб қолади, сотувчи эса сотган товаридан фойда кўради. Воситачи орқали тўлов қилинганда харид учун тўлов тизими қайта алоқани амалга оширади – сиз сотувчидан нарса сотиб оласиз, тўловни Click, Payme орқали амалга оширасиз. Тўлов тизими сотувчи харидорга берган харид чекини онлайн акс эттириб берсин, хоҳласин, чекини чиқариб берсин. Биринчи масала шундаки, харидор қандай усулда харид қилишидан қатъи назар харид чекини олсин. Тўлов тизими орқали тўловни амалга оширган харидорлар ушбу харидидан чекларини олиш имкониятидан маҳрум бўлган”.

Унинг сўзларига кўра, тўлов тизимлари солиқ базасига интеграция қилиниши учун уларга ҳеч қандай юк йўқ.

“Нима қўшимча юк бўлади деб катта-катта тўлов тизимларидан сўрадим. Ҳеч қанақа жавоб бера олишмади. Бизда МХИК кодлари (маҳсулот ва хизматларнинг идентификация кодлари) 260 мингдан зиёд. Биз буни ўзимизнинг Тасниф сайтида автоматик равишда интеграция қилганмиз, янги МХИК коди пайдо бўлганда уларда автоматик акс этади. МХИК кодларини киритиш ҳам шартмас, уларда автоматик кўринади. Қийинчилик туғдирадиган ҳеч нарса йўқ, техник имконият яратиб бериш керак, бўлди”.  

Бундан ташқари, раис ўринбосари жарима қўллаш масаласида тўлов тизимлари норматив ҳужжатларни нотўғри талқин қилганини иддао қилмоқда. Унинг айтишича, жами 48 тўлов тизимидан 26таси интеграцияни тўлиқ амалга оширган, буларнинг ичида йирик тўлов ташкилотлари – Click, Payme, Apelsin ҳам бор.

“Уларга нисбатан интеграция қилмагансан деб жарима қўллаш хато бўлади. Кечаги йиғилишда уларга шуни тушунтирдик. Биз хоҳлаётган нарса истеъмолчи сизлар томонидан тўлов амалга оширилганда харид чекини олиши деган нарсани тушунтирганимизда, англашилмовчилик бўлганини айтишди. Шунинг учун тўлов тизимлари QR-тўлов ва жойда тўлов функцияларини қайта ишга туширишди.

Kun.uz Жаҳонгир Абдиевга Payme эълонида интеграция борасида техник ишларни амалга ошираётганини маълум қилгани борасида савол берганида, у бунинг сабабини тушунмаслигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев билан учрашувда “Гиргиттон Раста” агрегатори раҳбари Хуршид Марозиқовнинг айнан маркетплейслар борасидаги Солиқ қўмитасининг янги сиёсати бу бизнесга ортиқча юклама эканлигини айтганди. Тадбиркор интеграция масаласи ҳар бир ҳамкор билан келишиб чиқишга ва уларни кўндиришга боғлиқлиги, бу энди ривожланаётган электрон тижоратни бўғиш эканлигини таъкидлаганди.

Бироқ Қудбиев унинг эътирозларини кескин рад этиб, “қанақа савдо бўлишидан қатъи назар чек талаб қилинади” дея жавоб берганди.

Мадина Очилова тайёрлади.

Оператор ва монтаж устаси — Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид