Жамият | 11:25 / 03.11.2022
14858
8 дақиқада ўқилади

Оила ёки карьера: нега аёллар ҳамон азалий дилемма рўпарасида қолмоқда?

Жамиятимизда карьера қурган қизларнинг аксарияти ҳали оила қурмаган. Турмушга чиққанлари эса карьерасини «йиғиштириб» қўйган. Негадир ўзбек қизларининг олдига ҳамиша шу савол кўндаланг қўйилади: оила ёки карьера?

Фото: KUN.UZ

Ўзи оила ва карьерани нега бир-биридан ажратишимиз керак? Оила қуриш — бу юриб келаётган йўлагингдан бутунлай бошқа боши берк кўчага тушиб қолиш, дегани эмас, вазифаларнинг кўпайиши, холос. Ҳаёт эса давом этаверади. Ишни ва оилани биргаликда давом эттириш, мансаб пиллапояларидан эркаклар сингари одимлаб бориш мумкин.

Касбий фаолият юритиши учун 3 та дипломи бор, иккита олийгоҳни тамомлаган қизлар ҳам талайгина. Лекин суҳбат жараёнида асосий эътибор уларнинг иш тажрибаси ёки қандай юмушни бажара олишига эмас, балки аёл киши эканлиги ва шахсий ҳаётининг ишга таъсир этмаслигига қаратилади.

«Турмушга чиқиш ёшида экансиз, оила қурганингиздан сўнг, турмуш ўртоғингиз ишлашингизни истамаса нима бўлади?», «Эндигина оила қурган экансиз, тез орада декретга чиқиб кетмайсизми?», «Болангиз ёш экан, у билан ишлашга қийналмайсизми?»... Ҳар бир олий маълумотли ўзбек қизининг ишга кириш учун интервью топшириш жараёнида эшитиши табиий бўлган саволлар, шундай эмасми?

Назарий билим ҳамиша амалиёт билан мустаҳкамланиб бориши сир эмас. Иш берувчининг талабларига мос бўлиш учун кичик ёшдаги боласини катта қилиб, яна бир неча фарзандли бўлганда у касбий кўникмаларини аллақачон унутиб юборган бўлмайдими?

«Яқинда магистратурани тамомладим. Диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилганим учун мени олийгоҳда олиб қолишларини айтишди. Жуда хурсанд бўлдим. Қайнона-қайнотам ва ота-онам ҳам бу хушхабардан қувонишди. Лекин ишга олиш вақти келганда кафедра мудири бир йил аввал беш нафар магистрни ишга олгани, уларнинг барчаси орқама-кейин туғуруқ таътилига чиқиб кетганларида қийин аҳволга тушиб қолгани учун мени ололмаслигини айтди. Болам ҳали ёш, ундай ниятим йўқ эканлигини айтсам ҳам унамади. Ўзим уйдагиларимнинг олдида жуда уялдим», дейди шахси сир қолишини истаган суҳбатдошимиз.

Камола Алиева, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), ТДЮУ доценти в.б., гендер масалалари бўйича мутахассис:

«Бугунги кунда ишхоналарда аёлларни ишга олиш масаласида дискриминацияга дуч келамиз. Мана шундай аёлларнинг ишга олинишидаги стереотиплар бўйича тадқиқотим доирасида 300 дан зиёд респондентлар ўртасида сўровнома ўтказгандим. Ўшанда кўпроқ аёллар қатнашганди. Чунки ишга қабул қилишда ва меҳнат фаолияти давомида гендер стереотиплари ва камситиш ҳолатларига аксарият аёллар дуч келади. Аммо бу ҳақда очиқ гапириш жамиятимизга тўғри келмайди, деган ёзилмаган «қонун» мавжуд.

Кўпинча, аёллар бундай ҳолларда индамай ичига ютишни афзал кўришади. Сабаби — аёл киши ёшлигидан қийинчиликларга «бардошли» бўлиш ва эътироз билдирмаслик руҳида тарбияланади, бунинг оқибатида эса шу каби ҳолатлар такрорланаверади. Маълум бўлишича, иш берувчи аёлларни ишга олаётганда турмуш қуриши, фарзанд кўриши, ёш келин экани ва туғуруқ таътилига чиқиб кетиши билан боғлиқ саволларни берган ва агар иш берувчига аёлнинг жавоблари тўғри келмаса ишга қабул қилмаган.

Бундан ташқари аёлларга лавозим беришда булар оиласи сабаб карьера қила олмайди, деган важ билан уларнинг ривожланишига кўринмас тўсиқлар қўйилган. Аёллар эса мана шу тўсиқларга қарши ҳаракат қилмаган. Яъни, улар курашгани билан фойдаси йўқлигини ёки ишдан кетиш хавфи кучайишини сабаб қилиб кўрсатишган.

Мен бошқа соҳа вакиллари билан суҳбатлашганимда улар ҳам иш берувчи томонидан «сиз фарзанд кўрар экансиз, биз сизни ишга ололмаймиз», деган дискриминацияга дуч келган. Афсуски, ҳатто ҳуқуқшунос бўлишига қарамай, ўзига бўлган бундай муносабатни табиий деб қабул қилган аёллар ҳам бор. Яъни кўпчилик буни жинсий камситилиш деб тушунмас экан».

Хотин-қизларга бундай талаб қўйилишининг ўзи нотўғри бўлса-да, иккинчи томонни ҳам тинглаб кўришни лозим топдик. Бир нечта иш берувчиларнинг барчаси бир овоздан ташкилотга янги ишчи келганда у қанчалик иқтидорли бўлмасин, ички тартиб-интизом, иш услубига тушишга вақт кетиши, энди ўрганганида оилавий сабаб туфайли ишдан кетиши ёки туғуруқ таътилига чиқиши натижасида яна янги ишчи олиш ва унга қайтадан иш ўргатиш меҳнат унумдорлиги, корхона ривожини ортга тортиши ҳақида гапирди. 

Марказий Осиёда аёлларнинг оила ва ишдаги ролига маданий омиллар таъсир кўрсатади. Уй юмушлари, норасмий секторда кам ҳақ тўланадиган деярли барча ишларга аёлларнинг иши сифатида қаралади. Табиатан бу турдаги анъанавий уй-рўзғор ишлари ўқиш ва ўрганишга озгина вақт ажратадиган аёлларни иқтисодий зарбаларга ҳимоясиз қилиб қўяди. Аёлларнинг турмуш қуриш факти уларнинг меҳнат муносабатларида камситилишига олиб келади. Бу дегани турмуш қуриш ёшидаги аёлларни ишга қабул қилаётган иш берувчи уларга меҳнат шароитларини таъминлаш чоғида келгусида оналик билан боғлиқ қонунчилик назарда тутган кафолат ва имтиёзларни ўйлаб, улар билан меҳнат шартномасини тузишни истамай қолади ва танловни бошқа шахс фойдасига ҳал қилади.

Гап айланиб бориб яна ўзбекчиликка, менталитетга тақалади. Оилани асраб қолиш, уй юмушлари, фарзандлар тарбияси асосан аёл киши зиммасига юклатилади. Бу унинг мажбурияти сифатида қаралади.

Камола Алиева, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), ТДЮУ доценти в.б., гендер масалалари бўйича мутахассис::

Ўрта Осиёда, умуман, бутун дунёда қизлар ва ўғил болаларни ҳар хил тарбиялаймиз. Яъни уларни шахс сифатида андозалашга ҳаракат қиламиз.

Ўғил болалар аксарият ҳолатларда мард ва қўрқмас, ўз ҳақини талаб қиладиган, ҳиссиётларини яширмайдиган, бошқарувни ўз қўлига оладиган шахс сифатида тарбияланса, қизлар андишали, итоаткор, кечиримли, сабрли, ўз фикрини билдиришдан ва ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишдан тийиладиган қилиб тарбияланади. Ушбу стереотип ёндашув оқибатида раҳбар лавозимларни кўпинча эркаклар эгаллайди, аёлларни эса ижрочи характердаги ишларда учратамиз.

Масалан, бизда аёллар учун ўқитувчилик, шифокорлик, ҳамширалик, пазандалик ёки уй хизматкорлиги каби касблар мос келади, деб ҳисоблаймиз. Қизларни паст маошли ишларга жалб қиламиз. Қизлар касб танлаётганда бирор соҳага алоҳида қизиқиб эмас, балки оиладаги вазифаларга чамбарчас боғлиқ бўлган касбларни танлашини истаймиз. Айтайлик, қизларнинг ахборот технологиялари бўйича қобилияти тан олинмайди, яъни йўналтирилмайди.

Аёл киши бир вақтнинг ўзида уй юмушлари, бола парвариши, давлат иши билан шуғуллана олиши учун ҳам айнан шу йўлни танлаймиз. Ваҳоланки, аёл киши ҳам эркин касб танлаши, ўз ишини кўрсата олиши, раҳбарлик лавозимларида ишлаши мумкин. Аммо раҳбарлик лавозими у ёқда турсин, оддий ходим бўлиб ишлаш учун ҳам тўсиқлар, стереотиплар сон мингта.

Хорватиянинг собиқ президенти Колинда Грабар-Китарович (2015-2020 йилларда раҳбарлик қилган) интервьюларидан бирида уни сиёсат билан шуғулланишда эри Яков Китарович рағбатлантирганини эътироф этади. Турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши аёл кишини давлат раҳбари лавозимига кўтарган экан, нега ўзбек қизларининг «мен»ини ўлдиришимиз, иқтидорини ўстириш учун қўллаб-қувватламаслигимиз керак? Хотин-қизларга аввало оиласи тиргак, кўмакчи бўлмас экан, ёрдамни бошқалардан кутиш бефойда.

Чарос Маннонова, журналист.

Мавзуга оид