Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Патрушев Лондонни «Шимолий оқим»лардаги портлашларда айблади
Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбарининг таъкидлашича, «Шимолий оқим»лардаги портлашлардан сўнг Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга «Ҳаммаси бажарилди» деган SMS юборган.
Буюк Британиянинг «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурлари портлашларига алоқадорлиги ҳақида 3 ноябрь, пайшанба куни Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев маълум қилди.
Далил сифатида у газ қувуридаги портлашлардан кўп ўтмай Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Лиз Трасс томонидан АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга юборилган «Ҳаммаси бажарилди» матнли хабарини келтирди. Бу ҳақда у Москвада МДҲ давлатлари хавфсизлик кенгашлари котиблари йиғилишида баёнот берди.
Россиянинг РИА «Новости» ахборот агентлиги хабарига кўра, Британия бош вазирининг телефони ҳакерлар томонидан бузиб кирилганидан сўнг маълум бўлган Энтони Блинкенга «эсэмэс» ҳақида Twitter’да Kim Dotcom номли фойдаланувчи хабар берган. Агентлик уни Янги Зеландияда яшовчи немис-фин ишбилармони деб атайди ва у рэкет, пул ювиш ва фирибгарликда айбланаётганини, АҚШ расмийлари унинг экстрадициясини талаб қилаётганини қайд этади.
Kim Dotcom’нинг сўзларига кўра, гап июль ойида, яъни «Шимолий оқим» портлашларидан олдин бузиб кирилган Трасснинг бошқа телефони ҳақида кетяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Буюк Британияни 29 октябр куни Севастополда Россия Қора денгиз флоти кемаларига учувчисиз бошқариладиган учоқлар ҳужумига алоқадорликда айблаган эди. Россия Мудофаа вазирлиги ушбу ҳужумни террорчилик ҳаракати деб атади ва у Украина ҳарбий-денгиз кучларининг 73-махсус денгиз операциялари маркази аскарлари томонидан уюштирилгани ва операция гўёки «инглиз мутахассислари» раҳбарлигида Николаев вилояти, Очакив шаҳрида тайёрланганини маълум қилди.
Лондон бу баёнотни «эпик нисбатлардаги ёлғон» деб атади.
26 сентябр куни «Шимолий оқим»нинг иккала тармоғи ва «Шимолий оқим 2»нинг бир тармоғи шикастланган.
Октябрь ойи ўрталарида Швеция бош вазири Магдалена Андерссон унинг мамлакати Россия ва бошқа давлатларга қиролликнинг махсус иқтисодий зонасида газ қувурларига етказилган зарар сабабларини текшириш натижаларини бермаслигини айтди ва буни хавфсизлик сектори учун ушбу маълумотларнинг юқори даражадаги аҳамияти билан изоҳлади.
Германияда федерал прокуратура «энергетика таъминоти инфратузилмасини жиддий зўравонлик билан саботаж қилиш» гумони юзасидан «Шимолий оқим»га етказилган зарарни текширмоқда. Октябрь ойи бошида Германия ҳарбий-денгиз кучларининг иккита кемаси қувурларга етказилган зарарни ҳужжатлаштириши керак бўлган ғаввослар билан Даниянинг Борнҳолм оролига йўл олди.
Октябрь ойи ўрталарида Германия томони воқеаларни тергов қилиш жараёни ҳақида маълумотни Бундестагнинг Сўл партиядан депутати Сара Вагенкнехт сўраб, Иқтисодиёт вазирлиги ва Германия ташқи ишлар вазирлигига учта ёзма сўров юборди. Вагенкнехт Германия ҳукумати ҳодиса ҳақида қандай маълумотларга эга эканлигини ва газ қувурларига етказилган зарар учун ким жавобгар эканлигини аниқлаш мақсадида «ўзи, Европа Иттифоқи, бошқа ҳукуматлар ёки НАТО билан биргаликда» қандай чоралар кўрилишини сўраган.
Вагенкнехт сўровига жавобан Германия Иқтисодиёт вазирлиги шундай деди: «Ҳозирча воқеа жойида текширув ўтказишнинг иложи йўқ, шунинг учун ҳукумат ҳужумнинг эҳтимолий сабаблари ҳақида ишончли маълумотларга эга эмас». Унинг жавобини Berliner Zeitung нашри келтирган.
Бундан ташқари, ҳукумат Вагенкнехтга тушунтиришича, «эҳтиёткорлик билан ўрганиб чиққач», ахборотни, ҳатто қисқартирилган шаклда ҳам тақдим этиш «давлат манфаати сабабли мумкин эмас» деган хулосага келган.
Вагенкнехтнинг «Шимолий оқим» орқали кўк ёнилғи етказиб бериш тўхтатилганидан кейин газ қувурларига зарар етказилган ҳудудда НАТО ва Россиянинг қандай кемалари ва кучлари борлиги ҳақидаги саволи ҳам жавобсиз қолди.
Шу билан бирга, Nord Stream AG компанияси 2 ноябрь куни Швециянинг махсус иқтисодий зонасидаги «Шимолий оқим» газ қувурининг биринчи тармоғига зарар етказилган жойда дастлабки маълумотларни йиғиш якунланганини эълон қилди.
Газ қувури операторининг маълумотига кўра, денгиз тубида бир-биридан тахминан 248 метр масофада чуқурлиги 3 метрдан 5 метргача бўлган техноген кратерлар топилган. Қувурнинг кратерлар орасидаги қисми бутунлай вайрон қилинган, қувур қисмларининг тарқалиш радиуси камида 250 метрни ташкил қилади.
Мавзуга оид
00:11 / 13.05.2025
Лондонда Россия жосуслик тармоғи раҳбари 10 йилга қамалди
10:17 / 10.05.2025
Лондон ва Скандинавия Украинада ўт очишни тўхтатишга чақирди
20:05 / 04.05.2025
БМТ судяси қуллик меҳнатига мажбурлагани учун 6 йилга қамалди
18:08 / 29.04.2025