Тошкентда навбатдаги яшил ҳудуд можароси. Яна дарахтзор ўраб олинган
Тарихий Чилтўғон маҳалласи аҳлини ўраб олинган дарахтзор боғнинг тақдири хавотирга соляпти. Қай бир тадбиркор бу ерни ўраб олган ва неча йилдирки, на тўсиқларни олиб ташлайди, на аҳоли мурожаатига жавоб беради, на бирор иш бошлайди. Мурожаатни ўрганиб, ҳокимликлар томонидан бетизгин қарорлар чиқариш ва унинг оқибатларига яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Тошкентнинг Олмазор тумани, Себзор даҳасидан Kun.uz'га мурожаат бўлди. Нурафшон ва Себзор кўчалари кесишмасида, чорраҳанинг ёнгинасида дарахтзор боғ бўлган жой номаълум кишилар томонидан ўраб олинган ва қандайдир қурилиш бошланиши мумкин экан. Чилтўғон маҳалла аҳолиси биздан бу муаммони ёритиб беришимизни сўраб, мурожаат қилишди.
Воқеа жойига етиб борганимизда, дарҳақиқат, дарахтзор ҳудуд ўраб олингани, ичкарида бир неча дарахтлар йиқилиб ётгани, бир неча дарахтлар эса қуриб қолганига гувоҳ бўлдик. Маҳалла фаолларининг айтишича, бу ерда бир неча йилдан бери шу аҳвол.
“Ичкарига кириб, дарахтларни даволамоқчимиз, айни пайтда давом этаётган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида яна қўшимча дарахтлар ўтқазмоқчимиз, аммо ҳудудни ўраб олганлар бизга на дарвозани очиб беришади, на ичкарига киритишади. Топиб олган гаплари – “Бизнинг мулкимиз бор бу ерда”.
Нима учун маҳалланинг кўкаламзор боғи бўлган ҳудудни ўраб олишди? Ким уларга рухсат берди?” – дейди фуқаро Шуҳрат Иноятов.
Ҳудудда 64 туп дарахт борлигини Экология шаҳар бошқармаси томонидан берилган тавсиянома хатида кўриш мумкин. Уларнинг айримлари қаровга, даволашга муҳтож, айримлари, юқорида айтилганидек, қаровсизлик оқибатида ёки атайин йиқитилган.
Йўлнинг нариги томонидан келиб, ер ости орқали тўғон бўлиб бу томонга чиққан боғ ҳудудидан оқиб ўтган ариқ соҳили ҳам аҳоли учун ёпиб ташланган. Шаҳар ҳокимлиги оқар сувлар атрофини ободонлаштириб, халқ учун сайр қилишга, ҳордиқ чиқаришга очиб бериш борасида ишлар олиб бораётган бир пайтда бўляпти бу ишлар. Қолаверса, тўғон ёнига наҳотки бирор бино қуриш мумкин бўлса?
Биздаги ҳужжатларга кўра, “Airport House Builders” МЧЖ бу ерда кўп қаватли уй ёки бизнес-марказ қуриши мумкин. Бунинг учун Чилтўғон маҳалласининг аввалги раиси номига ёзилган хат ҳам бор экан.
“Президент порталига қилган мурожаатларимиздан сўнг биз билан ниҳоят учрашишди. Қуруқ ваъдалар, гаплар, аммо аниқлик йўқ. Бу кетишда ҳудуддаги шу кичкинагина, бир ҳовуч яшил еримиздан ҳам айрилиб қолмасак эди. Ўзи шундоқ ҳам бу ердаги каттагина яшил ҳудудга бинолар қуриб ташлашди. Энди болаларимиз, невараларимиз учун шугина ерни ҳам қолдиришмайдими?
Маҳалла аҳли бу қурилишга қарши. 100 киши қўл қўйган мурожаат хатимиз бор. Бизни раҳбарлар эшитиб, ёрдам беришади, деб умид қиламан”, – дейди маҳалла оқсоқолларидан бири Обид ота.
Биз Олмазор тумани ҳокими ва ҳудудга масъул бошқа раҳбарлардан муаммонинг ижобий ечимини кутамиз. Давлат раҳбари халқни эшитиш ва баҳамжиҳат ривожланиш ҳақида бот-бот гапираётган пайтда, пойтахтимизда бундай ишлар бўлаётгани туман ҳокимлигини ўйлантириши керак, бизнингча.
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
16:47 / 22.11.2024
Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024