Жамият | 17:19 / 04.11.2022
15065
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Ис газининг кам миқдори ҳам организмни заҳарлаш учун етарли

Маълумотларга кўра, дунёда ис гази туфайли содир бўладиган ўлим ҳолатлари алкоголдан заҳарланиш сабабли кузатиладиган ўлимлардан кейин иккинчи ўринда туради. Бу кўрсаткичлар йил сайин ортиб бормоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистонда ҳам куз-қиш мавсумида аҳолининг ўз хонадонларидаги иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиши, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида турли кўнгилсиз ҳолатлар юзага келади. Айрим фуқароларнинг эътиборсизлиги туфайли ўнлаб инсонлар бевақт ҳаётдан кўз юмади.

— Углерод оксиди, яъни ис гази ҳидсиз ва рангсиз бўлиб, инсон ўзида ҳолсизланиш аломатларини ҳис қилмагунича унинг борлигини сезмайди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов. — Ушбу газдан заҳарланиш учун эса унинг энг кам миқдори етарли ҳисобланади. Шу боис ис гази «кўринмас қотил» деб ҳам аталади. Углерод оксиди асосан табиий газ, кўмир, ўтин чўғларининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади.

Шунингдек:

  • ёнғин; 
  • ишлаб чиқаришда турли органик моддаларни синтезлашда ис газидан фойдаланиш;
  • етарли ҳаво айланмайдиган шароитда газга мослаштирилган қурилмаларнинг ҳавони тортиш механизми ишдан чиқиши ёки вентиляция каналларига ҳаво етарлича кириб туриши;
  • уй шароитида қувурлардан табиий газ сизиб чиқиши ва печлар қопқоғини ёпмаслик оқибатида ҳам ҳосил бўлади.

У барча муҳитда юзага келиши мумкин, ҳатто, газ плита духовкасида ҳам. Бунинг асосий сабаби ёниш майдонида етарли кислород мавжуд эмаслигида.

Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этиб, аввало, қонга киради ва гемоглобин ҳужайраларини зарарлайди. Шундан сўнг гемоглобин кислород ташиш қобилиятини йўқотади. Одам бу газдан қанча кўп нафас олса, унинг қонида гемоглобин шунчалик камаяди ва танада кислород етишмовчилиги пайдо бўлади. Ис газидан заҳарланишдан сўнг гемоглобин ҳужайраларини тиклаш учун кўп вақт талаб этилади.

Углерод оксидидан заҳарланиш қисқа муддатда ёки секинлик билан юзага чиқиши мумкин. Бу эса ўша муҳитда ҳаво таркибидаги газнинг концентрациясига боғлиқ. Агар унинг миқдори кам бўлса, инсонда мушаклар бўшашиши, бош айланиши, қулоқларда шовқин, кўнгил айниши, қусиш, уйқучанлик кузатилади.

Юқори концентрацияда заҳарланиш тезда юзага чиқади ва ҳушдан кетиш, тутқаноқлар ва нафас тўхташи билан намоён бўлади. Энг ёмони, нафас марказининг фалажланиши оқибатида ўлим ҳолати юз бериши мумкин. Баъзида заҳарланишдан 2-3 ҳафта ўтиб ҳам беморларнинг вафот этиш ҳолатлари қайд этилган.

«Шу боис ис гази хавфидан доимо огоҳ бўлиш, иситиш мосламаларидан тўғри фойдаланиш, энг муҳими, юқоридаги сабабларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслик лозим», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид