Ўзбекистон | 13:39 / 05.11.2022
24473
2 дақиқада ўқилади

Тошкент нега сувга “ғарқ” бўлмоқда? Транспорт вазирлиги вакили изоҳ берди

Бир неча кун давомида Ўзбекистонда ёмғирли об-ҳаво бўлгани учун вилоятларда сел, сув тошқини кузатилмоқда. Пойтахтнинг қатор туманларини эса дарё-дарё сув босгани ижтимоий тармоқлардаги видеоларда ҳам айланяпти. Хўш, бу ҳолатларнинг сабаби нимада?

Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, Тошкентни сув босаётганининг 2 та омили бор. 

Мурод Обидов, Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори

“Биринчиси сўнгги бир неча 10 йил давомида пойтахтда катта ёмғирлар бўлмаганидир. Бу ёмғирлар яқиндан ёға бошлади. 

Иккинчи омилимиз эса узоқ йиллар давомида шаҳарни бошқарган маълум бир хизматлар, раҳбариятлар томонидан шаҳарнинг оқова сув тизимларига вақтида эътибор берилмагани ҳамда мана шу тизимлар ўтадиган сув йўлларига бинолар, турли бошқа объектлар қуриб ташланганидир. Шу орқали бу яхлит бўлган тизим қандайдир ҳолатда узилиб қолган. Яъни оқаётган сув оқиб кетмай, қайсидир тўсиққа бориб урилса, у қаергадиир сизиб чиқади барибир. 

Ҳозирда "лоток"ларнинг усти ёпилиши бунга сабаб деб айта олмайман, шунчаки бу сув кетиш тизими қаердадир бузилиб, унинг устидан бинолар қурилганидан ҳисобланади. Ва бу бинолар яқин 5 йилда барпо қилинмаган. Улар анча олдиндан қуриб келинган. Агар шу мавзуни кўтарадиган бўлсак, яна 10-15 йиллик тарихга қайтишимизга тўғри келади. Қанчадир вақт давомида булар эътибордан четда қолгани учун айни вақт шундай муаммолар юзага келмоқда. Бу аслида алоҳида бир катта мавзу, бунга ҳам худди транспорт тизимига қарагандек, қараш лозим деб ўйлайман”, – деди у.

Мавзуга оид