Жаҳон | 08:13 / 07.11.2022
14892
2 дақиқада ўқилади

Виталий Кличко: Киев эҳтимолий блэкаутга ҳозирлик кўрмоқда

Киев мэри Виталий Кличко россиялик ҳарбийларнинг ҳаракатлари натижасида Украина пойтахтида электр энергияси тўлиқ ўчирилиши мумкинлигини истисно этмади. 

Фото: Picture Alliance

«Биз бунга йўл қўймаслик учун ҳамма нарсани қиляпмиз. Лекин очиғини айтиш керак: душманларимиз шаҳарни иссиқликсиз, электр ва сув таъминотисиз қолдирмоқчи, умуман, ҳаммамиз ўлишимиз учун ҳамма нарсани қилмоқчи», - деди Кличко миллий телемарафон давомида.

Унинг сўзларига кўра, Киев расмийлари ҳозир турли сценарийларни ҳисоблаб чиқмоқда. Украина пойтахтида дизель ёнилғиси, электр генераторлар, озиқ-овқат ва ичимлик суви захираси яратилди. 

Бундан ташқари, расмийлар иссиқлик пунктларини тайёрламоқда, улар шаҳар бўйлаб камида 1000 та бўлиши керак ва қишдаги фавқулодда вазиятларда ишлаши лозим.

Бундан олдин АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Қўшма Штатлар Украинага Россия томонидан унга қарши бошланган урушда «қатъий ёрдам» бериши ва Киевни қурол-яроғ билан таъминлашда давом этишини билдирганди. 

Жо Байденнинг маслаҳатчиси умумий қиймати 400 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Пакет Чехиядан 45 та модернизация қилинган Т-72 танкларини етказиб беришни ўз ичига олади, бунинг учун Қўшма Штатлар тўлайди - бу ташаббус Нидерландия билан биргаликда амалга оширилади, улар яна 45 та танк учун пул тўлайди.

Ёрдам шунингдек, Киевга 50 та M1117 зирҳли транспортёрлари, 40 та зирҳли қайиқлар, 1100 та Phoenix Ghost учувчисиз учиш аппаратлари ва Американинг MIM-23 HAWK зенит-ракета тизимларини модернизация қилишдан иборат бўлиб, улар кейинчалик Украинага берилиши ва ракеталар ҳамда камикадзе дронларини тутиб олиш учун ишлатилиши мумкин. 

Маблағларнинг бир қисми Германияда Киевга ҳарбий ёрдам ажратишни мувофиқлаштирувчи штаб ташкил этишга йўналтирилади, унда, жумладан, кадрлар тайёрлаш мўлжалланган - қишда ЕИ 15 минггача украиналик ҳарбийни тайёрлашни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид