Жаҳон | 17:04 / 08.11.2022
30453
6 дақиқада ўқилади

Кремл Херсондан чекинишни «номақбул, аммо эҳтимолий» вариант деб ҳисобламоқда

Улар эҳтимолий мағлубиятни тушунтириш учун олдиндан йўриқнома тайёрлашди.

Фото: AP / Scanpix / LETA

Россия президенти маъмурияти россиялик тарғиботчилар учун бир қанча янги қўлланмалар тайёрлаган. Унда Херсондаги вазият ҳақида қандай гапириш бўйича кўрсатмалар бор. Бу Россия аҳолисини шаҳар ташлаб кетилиши мумкинлигига тайёрлаш, «жамоатчилик фикри»ни шакллантириш учун қилинган. Бундай йўриқномалардан иккитаси «Медуза» ихтиёрига келиб тушган.

Ҳужжатлардан бирида айтилишича, Херсон – «махсус операциянинг ҳозирги босқичида Россия армияси учун энг қийин йўналиш». Тарғиботчиларга бу вазиятни қуйидагича тушунтириш таклиф этилган: «Ғарбдан янги ёрдам сўраш учун Украина ўз террорчи тузилмаларининг жанговар қобилиятини намойиш этиши ҳаётий зарурат».

«Киев ўз йўқотишларига эътибор бермайди, у янги хандақлар ва қурол-яроғ таъминоти учун ўзининг ва бошқаларнинг ўн минглаб аскарларини қурбон қилишга тайёр. Россия қўшинлари тинч аҳоли ва шахсий таркиб ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Миллатчиларнинг катта гуруҳи томонидан шаҳарга ёппасига зарба бериш хавфи борлиги туфайли, тинч аҳолини Днепрнинг чап қирғоғига кўчириш зарурати туғилган», дейилади ҳужжатда.

Херсоннинг россияпараст ҳукумати октябр ойи ўрталаридан Днепрнинг ўнг қирғоғидан одамларни депортация қилишни бошлади. Ноябр ойи бошида Владимир Путин «Херсоннинг тинч аҳолисини жанговар ҳудуддан олиб чиқиш» кераклигини айтди, босқинчи ҳукумат эса «мажбурий эвакуация» эълон қилди. 7 ноябр куни «эвакуация» якунлангани эълон қилинди. Бироқ, аҳолининг бир қисми шаҳарда қолиб, Украина армияси қайтишини кутишга қарор қилган.

Қўлланмада Херсондан эҳтимолий чекинишнинг яна бир сабаби ҳам кўрсатилган – «Украина ва НАТО мамлакатлари барча кучларини фронтнинг ушбу йўналишига ташлаган ва бу катта қон тўкилишига олиб келиши мумкин».

«Зеленский бутун дунё учун қонли шоу ташкил қилмоқда, Украина қуролли кучларини жабрланувчи сифатида кўрсатиб, янги молиявий ёрдам талаб қилмоқчи. Душман Херсоннинг Россия учун тузоққа, ўн минглаб қурбонлар бўладиган жанг майдонига айланишини хоҳлайди.

Украина қуролли кучлари Каховка ГЭС ҳудудида теракт уюштирмоқчи. Бу эса жангчиларимиз учун «тузоққа» айланиши мумкин. Чунки, жуда кўп аҳоли пунктлари сув остида қолади, ҳарбийларимиз эса ҳатто жанг қила олмайди, чунки уларни шунчаки сув оқизиб кетади», дейилади қўлланмада.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Каховка ГЭС тўғони россиялик ҳарбийлар томонидан миналаштирилганини маълум қилганди. Унинг портлаши оқибатида Украинанинг 80 га яқин аҳоли яшаш манзиллари, жумладан Херсон сув остида қолиши мумкин.

Бундан ташқари, тарғиботчиларга Херсон шаҳрида жанглар «номақбул» эканини таъкидлаш тавсия этилади, чунки «шаҳар шароитидаги жанглар ҳар доим қийин ва ҳалокатли», Украина қуролли кучлари эса «Херсонни шунчаки ер билан яксон қилиши мумкин».

Россиянинг Херсондаги қўшинлари ҳақиқатан ҳам қийин аҳволда. Уларнинг таъминоти ниҳоятда мураккаб, чунки асосий базалар Днепрнинг нариги қирғоғида жойлашган ва кўприклар Украина томонидан мунтазам равишда ўққа тутилмоқда. Таъминотдаги қийинчиликлар туфайли бу қўшин сонини ошириш деярли имконсиз.

Кремлда тайёрланган иккинчи қўлланмада давлат ташвиқоти ходимларига дипломат, тарихчи ва сиёсатшунос, Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши ҳузуридаги илмий кенгаш аъзоси Анатолий Торкунов сўзларига «эътибор қаратиш» зарурлиги алоҳида таъкидланган.

Путин ва тарихчилар ўртасидаги учрашувда Торкунов Полтава жангини эслаб, Пётр I «Полтавага чекингани» ва бу охир-оқибат «урушда бурилиш нуқтаси»га олиб келгани ва ғалабага сабаб бўлганини айтган эди.

Ҳозирда Россия расмийлари Херсоннинг бой берилишини фронтдаги вазият учун «номақбул», аммо «эҳтимоли бор» сценарий сифатида кўрмоқда. Илгари Россия амалдорлари (шу жумладан энг юқори мартабалилар) бир неча бор Россия уруш бошида қўлга киритилган ҳудудларида Россия «абадий қолиши»ни таъкидлаганди.

«Яна бир бор Херсон области аҳолисига мурожаат қилиб, Россия бу ерда абадий эканини айтишни истардим. Бунга ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак. Ўтмишга қайтиш бўлмайди. Биз бирга яшаймиз», деган эди «Единая Россия» партияси бош кенгаши котиби Андрей Турчак май ойида.

Кремлга яқин бўлган баъзи манбалар, умуман олганда, фронтнинг бу қисмидаги вазият Москвага эмас, балки Украина қуролли кучларининг ҳаракатларига боғлиқлигини таъкидламоқда.

«Агар ёппасига ҳужум бўлмаса, таслим бўлиш ҳам йўқ. Агар бундай ҳужум бўлса, таслим бўлиш эҳтимоли жуда ва жуда катта», деб тушунтирди улардан бири.

Манбага кўра, Херсондан чекиниш бўйича якуний қарорни шахсан Путин, ўзининг «яқин доираси» одамлари иштирокида қабул қилиши керак (уруш бошланганидан кейин у асосан юқори мартабали хавфсизлик ходимларидан иборат). Президент матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу мақола чоп этилгунга қадар бу ҳақдаги саволларга жавоб бермади.

Шу билан бирга, баъзи манбаларга кўра, Кремл гўёки Россия армияси 2023 йил қишида Украина бўйлаб янги кенг кўламли ҳужумни бошлашига умид қилмоқда. Кремл вақтдан ютиш ва шу муддатгача сафарбар қилинган россияликларнинг максимал сонини тайёрлаш мақсадида Украина билан эҳтимолий музокаралар ҳақида тобора кўпроқ гапирмоқда.

Ғарб оммавий ахборот воситалари янги ҳужумнинг эҳтимолий нишони Одесса шаҳри бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Уларнинг фикрига кўра, Кремл Одессани «урушнинг кейинги босқичидаги асосий стратегик мукофот» сифатида нишонга олган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид