Жамият | 19:26 / 10.11.2022
23548
7 дақиқада ўқилади

«Диплом бир парча қоғоз эмас экан» — талабага айланган муаллиманинг таассуротлари

«Дипломим йўқлиги бахтимга соя солгандек бўлаверарди. Қўшни қишлоқдаги мактабга директор ўринбосарлигига ишга таклиф қилишди. Лекин ўрта махсус маълумот билан бу лавозимда ишлашим мумкин эмас экан. Олий маълумотга эга эмаслигим, нафақат лавозимда кўтарилишга, балки ўз ишимда қолишимга ҳам соя сола бошлади», деб ҳикоясини бошлади қаҳрамонимиз.

Оила — кишан эмас, ҳаётий зарурат, орзуларга етишдаги қўш қанот эканини англаган инсон ҳаётда ҳақиқий бахтни ҳис этиб яшайди. Жуфтини тушунган турмуш ўртоқ аёл киши учун ҳам, эр киши учун ҳам саодат калитидир.

Эр-хотин бир-бирининг шахс сифатида ривожланишига кўмаклашар экан, аслида ўзи, болаларининг бахтли келажагини таъминлашга замин яратаётган бўлади.

«Ҳаётий ҳикоялар» рукнимизнинг бугунги қаҳрамони Ситора ҳам турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши орқали ўзини шахс сифатида ривожлантираётган аёллардан. Олий маълумотга эга бўлмай туриб саккиз йил давомида дарс бергани, қўлида фарзанди билан ўқишга қандай киргани ҳақидаги кечмишларини қаҳрамонимизнинг тилидан тинглаймиз.

* * *

«Оиламизда ҳамма спортчи: икки акам, опам, сингилларим. Фақат мен спортга қизиқмадим. Болалигимдан ҳамма хола-хола ўйнаса, мен ўқитувчи бўламан, дафтарларингизни текшираман, дер эканман дугоналаримга.

Дам олиш кунлари бир вараққа ҳеч ким безовта қилмасин, деб ёзиб хонамнинг эшигига ёпиштириб қўяр эканман-да, эшикни ёпиб қўярканман. Онам аста очиб қарасалар, дарс қилиб ўтирган бўларканман. Яна бир қарасалар — китобларимга бош қўйиб ухлаб қолган бўларканман.

Мактабда ўқиб юрган вақтларим ҳам диктантларни устозларим менга ишонишарди. Синфдошларимдан ўзим диктант олардим. Бундан ҳам фахр, ҳам қувонч ҳиссини туярдим. Ўқишни қизил шаҳодатнома билан тамомлаб, педагогика коллежига ўқишга кирдим.

Бошланғич таълим йўналишида ўқирдим. Иккинчи курслигимда яхши ўқиганим учун 15 минг стипендия олганим ҳам эсимда. Стипендия олганимни эслайман, лекин у коллежнинг аълочи ўқувчиларни рағбатлантириш учун ички стипендиясимиди ёки вилоятимизда шундай қилинганми, эслолмайман. Пахтага чиққан, жамоат ишларида фаол бўлган курсдошларимиз ҳам стипендия олишарди.

Моддий рағбат ҳам ўзимнинг қизиқишим сабабми, хуллас коллежда ҳам аъло баҳоларга ўқидим. Иккинчи марта ҳам ўқишни қизил диплом билан тамомладим. Катта қилиб имтиёзли деб ёзиб қўйилган алвон рангли дипломимни олганимдаги ичимга сиғмаган қувонч ҳисси ҳамон эсимда.

Амалда ҳеч қандай имтиёз бермаса ҳам кўпчиликнинг ичида бир нечтагина қизил диплом олган ўқувчилар қаторида бўлиш бошқача-да.

Ўша йили университетга контракт асосида ўқишга қабул қилиндим. Иккала синглим ҳам гепатит бўлиб қолган, онам уларнинг парвариши билан банд. Отам ва акаларимнинг ишлари ҳам юришмай турган вақт эди.

Контракт қоғозимни кўтариб келганман. Онам «қизим, ҳозир аҳволимизни кўриб турибсан-ку, шошмай тур» деганлар. Шу гап етган. Қайтиб бу ҳақда оғиз очмаганман. Уйдагиларимни қийнагим келмаган. Ҳужжатларимни қайтариб олиб, мактабга ишга кирганман.

Шундай қилиб 2015 йилда иш фаолиятимни бошладим. Жуда кўп ўқувчиларимни танловларга, олимпиадаларга тайёрлардим. Улар яхши натижаларни қўлга киритиб келишарди. Ишимга оид барча хат-ҳужжатларни юритишни пухта ўзлаштириб олдим. Ўқимаса ҳам ишласа бўлар экан-ку, деб оиламга фойдам тегаётганидан, севимли ишим билан шуғулланаётганимдан хурсанд бўлиб кунларим ўтаверди.

2019 йилда оила қурдим. 2020 йилда оналик бахти насиб этди. Онангни она бўлиб тушунасан, деганлари рост экан. Барча қийналганларинг болангни бағрингга босганингда унут бўларкан. Унинг ҳидларини туйиб, ўзимни еттинчи осмонда учгандек ҳис этгандим.

Худога шукур, қайнона, турмуш ўртоғимдан ҳам пешонам ярақлади. Икковлари ҳам мени тушунадиган, фарзандимизни ер-у кўкка ишонмайдиган яхши инсонлар. Оила борасида ҳаёт мени сийлади, десам ҳам бўлади.

Боламни боғчага бериб, ишга чиқдим. Ҳаётимда ҳаммаси яхши эди, аммо бир парча қоғоз — дипломим йўқлиги бахтимга соя солгандек бўлаверарди. Қўшни қишлоқдаги мактабга директор ўринбосарлигига ишга таклиф қилишди. Иш фаолиятимни кўриб, мени бу лавозимни уддалай олишимга ишонч билдиришди. Лекин маълумотим ўрта махсус бўлгани сабаб бу лавозимда ишлашим мумкин эмас экан.

Ишга таклиф қилган одам ҳам, эҳ, қанийди шу бир парча қоғоз бўлганда, сизни ишга олишни жуда хоҳлагандим, деб афсусланиб қолди. Олий маълумотга эга эмаслигим, нафақат лавозимда кўтарилишга, балки ўз ишимда қолишимга ҳам соя сола бошлади.

Тўғри, нолийдиган жойим йўқ. Бир аёл сифатида ҳамма нарсага эгаман. Аммо мен шу билан тўхтаб қолишни истамайман. Жамиятда ҳам ўз ўрним бўлишини, келажакда фарзандларим мен билан фахрланиб юришини истайман.

Турмуш ўртоғим истакларимни ҳурмат қилиб қўллаб-қувватлади. Бу менга ишонч берди. Иш тажрибам борлиги сабаб ҳокимиятдан тавсиянома беришди. Тошкентга сиртқи таълим учун ҳужжат топширдим.

Саккиз йил ўтиб, талаба бўлиш орзум амалга ошди.

Йигирма кундан бери Тошкентдаман. Ўқишни бошлаганимга ҳали кўп бўлмаган бўлса ҳам, олий маълумотлилик дипломи ўзим ўйлаганимдек бир парча қоғоз эмаслигини тушуниб етдим. Шу вақт мобайнида ўзим биламан деб ўйлаган нарсаларимни аслида билмаслигимни, билмаганларим билганларимдан кўп эканини англадим.

Ўқиш менга ёқиб қолди. Ўқитувчилар берган вазифаларни чин дилдан бажаряпман. Ишонасизми, имконим бўлганида кундузги таълимда ўқиган бўлардим. Берилган вазифалар кўплигидан ҳам, эрта-ю кеч тиним билмай дарс тайёрлаётганимдан ҳам нолимайман.

Мени қийнаётган бирдан бир нарса — соғинч. Фарзандим эндигина уч ёшга кирган. Ҳозир бувиси ва отаси билан Сурхондарёда. Оиламни, айниқса боламни ҳаммадан кўп соғиняпман. Биринчи марта шундай узоқ вақт ажралишимиз. Яхшиямки телефон бор экан.

Илм ҳам шундай нарса эканки, ўқиганинг сари ўқигинг, билганинг сари кўпроқ билгинг келаверар экан. Бакалавр даражасини олгач магистратурада ҳам ўқишни хоҳлаб қолдим. Қаранг, бир йил аввал, бакалавр ҳам мен учун ушалмас орзудек эди.

Ўқиган сари фикрларим кенгайиб, орзуларим юксалиб боряпти. Насиб қилса магистратурани ҳам ўқиб, университетда дарс бермоқчиман. 

Бу қийинчиликлар ҳам ўтиб кетади. Бир-неча кундан сўнг уйга, оилам бағрига қайтаман. Одам ҳаракат қилса, оиласи, боласи борлигига қарамай ўқий олар экан. Фақат ва фақат ҳаракат, Яратгандан чин дилдан сўраш кераклигини тушундим.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид