Ўзбекистон | 16:46 / 10.11.2022
10159
2 дақиқада ўқилади

Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзбекистонга ташриф буюрди

Фото: Президент матбуот хизмати

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, олий мартабали меҳмонни аэропортда мамлакат бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун Ўзбекистон президенти Туркия етакчиси билан учрашув ўтказиши режалаштирилган.

10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган тадбирда Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этади.

Саммит кун тартибидан иқтисодиёт, савдо, инвестиция, транспорт, инновация, экология, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олган. 

Мавзуга оид