Ўзбекистон | 21:31 / 13.11.2022
20287
3 дақиқада ўқилади

Буни фақат бориб кўриш керак – Дарбанд | Манзил

“Манзил” бу сафар Ўзбекистоннинг тузилиши жиҳатидан ягона дараси, ажойиб манзарага эга қишлоқ, самимий инсонлар, хатарли йўлак ва такрорланмас ҳиссиётларга бой саёҳатни тақдим этади. Бу манзил эса Дарбанд қишлоғидир.

Дарбанд қишлоғи Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган. Дарбанд сўзи форсчадан дар — эшик, дара; банд — мустаҳкам, берк, тўсиқ деган маъноларни англатади. Қишлоқ қадимдан катта аҳамиятга эга транзит вазифасини бажарган. Қишлоқ орқали ўтган йўл Бухоро амирлиги даврида амирликнинг ғарбий қисмини шарқий қисми билан боғловчи энг яқин йўл ҳисобланган. 1929 йилда Термизга темирйўл олиб келинганидан сўнг қишлоқ ҳудудидан ўтган йўл ўз аҳамиятини йўқотган. Лекин ҳозирда ҳам қишлоқ ҳудудидан ўтган йўл Қашқадарё ва Сурхондарёни боғловчи йўллардан бири ҳисобланади.

Манзилга келиб, шу ердаги меҳмон уйига жойлашдик. Қишлоққа нисбат олиб қараганда тунаб қоладиган жойимиз идеал ҳолатда дея оламиз. Қишлоққа саёҳат қиладиганларга тунаш учун жой муаммо эмас. Саёҳатимизга Шаҳризод исмли йигит ҳамроҳлик қилди. У бизга ҳам ҳайдовчилик, ҳам гидлик ва экстремал маслаҳатчилик хизматларини кўрсатди. Унинг ёрдами билан саёҳат қийинчиликларсиз ва қулай ўтди дейиш мумкин.

Дарбандда учта дара бор, биринчиси Дарбанд дараси, иккинчи дарани кўпчилик Дарбанд каньони деб атайди. Учинчиси эса Бузрукдара, яъни буюк дара деб аталади. Бу ерга кирган одам ўзини бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис қилади. Саёҳатчилар таъбири билан айтганда, бу қайсидир бошқа давлат эмас, бу айнан Ўзбекистон.

Дараларни бирма-бир айланиб чиқдик. Тўғриси, бу ерда олинган таассуротларни сўз билан таърифлаб бериш қийин. Охирги кирган дарамиз Бузрукдарада экстремал ҳаяжон ва қўрқувни ҳис қилдик.

Дарбанд қишлоғи аҳолиси асосан чорвачилик, деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Эркакларнинг кўпчилиги эса чет элда ишлайди.

Дарбандга келишнинг афзалликларидан бири, поезддан тўғри қишлоққа тушасиз. Яна бир жиҳати — ҳар куни поезд бор, ҳафтада икки кун водийдан ҳам поезд боради. Сизга тавсия қиладиганимиз ўша-ўша, минг марта эшитгандан бир марта бориб кўрган афзал.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид