Жаҳон | 15:30 / 15.11.2022
23059
5 дақиқада ўқилади

Херсонликлар билан учрашган Зеленский ва шаҳардаги вайронгарчиликлар. Уруш суратлари

Украина президенти Володимир Зеленский Херсон шаҳрига ташриф буюрди - бу Украина армияси шаҳар устидан назорат ўрнатганининг учинчи кунида рўй берди. Унинг маълумотларига кўра, шаҳарда истило вақтида россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган 400 дан ортиқ ҳарбий жиноятлар ҳужжатлаштирилган. Луҳанск области раҳбари Сергей Гайдай украин ҳарбийлари регион ҳудудида 12 та аҳоли яшаш манзилини, жумладан Макеевкани озод этишганини хабар қилди. Украина қуролли кучлари бош штаби ҳозирча бу маълумот юзасидан муносабат билдирмади. РФ мудофаа вазирлиги Донецк областининг Павловка қишлоғини эгаллаганини эълон қилди — Украина ҳукумати бу маълумотни тасдиқламаган, аммо приморелик денгиз пиёдалари аввалроқ ушбу аҳоли яшаш манзили учун жангларда катта йўқотишлар берилганини хабар қилишганди.

Қуйида 14 ноябр, урушнинг 264-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Президент Зеленский Херсонда Украина байроғини ўрнатиш маросимида 

Украина президенти Володимир Зеленский Украина армияси Херсонда назорат ўрнатганидан уч кун ўтиб, 14 ноябр куни ушбу шаҳарга келди. Херсон Украинага босқин бошланганидан буён Россия қўшинлари истилоси остида қолаётганди.
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Херсонликлар Володимир Зеленскийни олқишлар билан қарши олишди.
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Херсонликлар президент билан учрашув чоғида
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Володимир Зеленский Херсонда Украина мадҳиясини куйламоқда
Украина президенти матбуот хизмати / AFP / Scanpix / LETA
Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси Херсоннинг марказий кўчаларидан бирида Украина байроғини кўтармоқда
Украина президенти матбуот хизмати / AFP / Scanpix / LETA
Херсонлик аёл Россия истилоси чоғида ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик олдида
Украина президенти матбуот хизмати / picture alliance / Scanpix / LETA

Озод этилган Херсон 

Херсонлик киши жасади. 14 ноябр куни шаҳарга ташрифи чоғида Володимир Зеленский Херсонда истило вақтида россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган 400 дан ортиқ ҳарбий жиноятлар ҳужжатлаштирилганини айтди.
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Россиялик ҳарбийлар чекиниш чоғида портлатиб кетган телеминора олдидаги херсонликлар. 9 ноябр куни РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу генерал Сергей Суровикиннинг таклифига кўра, Россия қўшинларини Херсондан Днепрнинг чап соҳилига олиб ўтишга буйруқ берганди. 11 ноябр куни РФ мудофаа вазирлиги қўшинларни шаҳардан олиб кетиш жараёни якунлангани ҳақида ҳисоб берди.
Andrii Dubchak / Donbas Frontliner / Zaborona / Global Images Ukraine / Getty Images
Херсонликлар интернет алоқаси бор жойга тўпланган. Шаҳар электр таъминотидан узилган бўлса-да, Илон Маскнинг Starlink терминаллари ва генераторлар ёрдамида мобил алоқанинг базавий станциялари ишламоқда. Херсон марказида Украинанинг «Киевстар» оператори хизматларидан ҳам фойдаланиш мумкин.
Bernat Armangue / AP / Scanpix / LETA
Херсонлик аёл ўтин йиғмоқда. 6 ноябр куни, Россия қўшини чекинишидан олдин ҳам, Херсоннинг барча районлари электр энергиясидан узилганди. Истилочилар вакиллари бу электр узатиш линияларига қилинган «саботаж» оқибати эканини айтишганди. Херсон области ҳарбий маъмурияти раҳбари Ярослав Янушевич Зеленскийнинг ташрифи чоғида яқин вақт ичида электр таъминоти тикланишига ваъда берди.
Bulent Kilic / AFP / Scanpix / LETA
Херсонликлар мобил алоқа излашмоқда
Metin Aktas / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Днепрдан сув олаётган херсонлик. Шаҳарда нафақат электр таъминотида, балки ичимлик сувида ҳам муаммолар кузатилмоқда.
Bulent Kilic / AFP / Scanpix / LETA
Вайрон бўлган Антонов кўприги. Уни россиялик ҳарбийлар Херсондан чекинаётиб портлатган бўлиши мумкин. Кўприк портлатилгани ҳақида кремлпараст нашрлар ва «ҳарбий мухбирлар» ёзишган, аммо Россия ҳукумати Херсондан чиқиб кетишда кўприк портлатилганини тасдиқламаган.
Metin Aktas / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Қримга «эвакуация» қилинган херсонликлар 

Херсон областидан олиб кетилган аёл Жанкўйда фарзанди билан. Регионнинг Россия томонидан тайинланган маъмурияти октябр ойидаёқ Днепрнинг ўнг соҳилида яшовчи аҳоли дарёнинг чап соҳилига, аннексия қилинган Қримга «эвакуация» қилиниши ҳақида эълон қилганди. Россия томони маълумотларига кўра, областнинг босиб олинган қисмидан 100 мингдан ортиқ киши олиб кетилган.
EPA / Scanpix / LETA
Херсон областидан бўлган аёл Жанкўйдаги  вақтинчалик жойлаштириш марказида гуманитар ёрдам солинган қутини кўтариб кетмоқда.
EPA / Scanpix / LETA
Херсон областидан келган кишилар Жанкўйдаги вақтинчалик жойлаштириш марказидаги автобусларда.
EPA / Scanpix / LETA

Мавзуга оид