Ўзбекистон | 09:07 / 17.11.2022
5311
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида «Дўстлик гуруҳлари» учрашуви ташкил этилади

Қонунчилик палатаси спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидов Туркия Буюк миллат мажлиси депутати, «Туркия - Ўзбекистон» парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Осман Местен билан учрашди.

Осман Местен ҳозирги пайтда икки давлатлар ўртасида парламентлараро, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда анъанавий дўстлик ва шерикчиликка асосланган ҳамкорликни ривожлантиришга имкон берадиган конструктив ва очиқ муносабат ўрнатилганини таъкидлади.

Осман Местен 10-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳақида тўхталар экан, унинг айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилиши туркий дунё қардош халқлари ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлашда рамзий маънога эга эканини қайд этди.

Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида жорий йил декабрь ойида «Дўстлик гуруҳлари» онлайн учрашуви ҳамда 2023 йил биринчи чорагида «Туркия - Ўзбекистон» парламентлараро гуруҳи Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид