Ўзбекистон | 10:32 / 17.11.2022
1716
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда араб ишбилармонлари иштирокида йирик иқтисодий форум ўтказилади

Мисрда бўлиб турган Сенат раиси Танзила Норбоева Қоҳира шаҳрида Араб давлатлари парламентлари лигаси раиси Одил ал-Асумий билан учрашди.

Фото: Dunyo

Учрашувда Ўзбекистон парламентининг араб давлатлари парламентлари, араб давлатлари парламентлари лигаси билан ҳамкорлигини янада фаоллаштириш муҳокама қилинди.

Одил ал-Асумий Араб давлатлари уюшмаси, Араб парламенти Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи ўрнини эътироф этган ҳолда Ўзбекистон билан барча соҳаларда, парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тайёр эканини қайд этди. Араб ишбилармонлари доиралари иштирокида Ўзбекистонда йирик иқтисодий форум ўтказиш таклифи илгари сурилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини араб давлатларига экспорт қилиш ва бунда транспорт-логистика масалаларини самарали ҳал этиш чоралари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсати самараси эътироф этилгани ҳолда 2023 йил Самарқанд шаҳрида Араб ва мусулмон мамлакатлари парламентлари аёл аъзолари биринчи форумини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид