Спорт | 19:54 / 18.11.2022
29704
4 дақиқада ўқилади

Мундиалда илк можаро: Қатар сохта мухлисларни ёлламоқдами?

Қатарда жаҳон чемпионати ўйинлари бошланишига икки кун вақт қолди. Аммо «бир бурдагина» мамлакат кўчалари мухлислар билан тўлиб тошган деб бўлмайди. Фақат стадионлар олдида ва корниш деб аталувчи соҳилга яқин майдонларда мухлислар кўпроқ.

Одатда Жаҳон ва Европа чемпионатлари бўладиган шаҳарлар мухлислар билан тўлиб тошади. Шунга ўрганган кўплаб журналистлар ва мухлисларни бир нарса ҳайратда қолдирди: Қатарда жуда кўп ҳиндистонлик мухлисларни кўриш мумкин. Улар мундиалда иштирок этувчи машҳур жамоалар Аргентина, Бразилия, Португалия, Англия либосларини кийиб кўчаларда юришибди. Бу катта жамоалар мухлислари ўзларининг машҳур қўшиқларини айтиб юришини футбол кўриб юрганлар билади, аммо ҳиндистонликлардан иборат бу «мухлислар армияси» ошиб борса ноғора чалиб, сурнайларда пуфлаб қўйишмоқда.

Оқибатда интернетда Қатар ҳиндистонлик муҳожирларга пул тўлаб улар орқали сохта ажиотаж яратишга уринаётгани ҳақида постлар пайдо бўлди, ҳиндистонликлар катта жамоаларнинг либосларини кийиб қўшиқ айтиб юргани тасвирланган видеолар кўпайди.

ФИФА мухлислар фестивалида қизиқ воқеа содир бўлди ва бу борадаги фикрлар бекорга пайдо бўлмаганига амин бўлдик. Диджей кўплаб давлатларнинг мусиқаларини қўйиб борди, корнишдаги фан зонада тўпланган минглаб мухлислар орасида гўёки барча жамоаларнинг мухлислари бордек эди. Аммо аксар мусиқаларни оддий қабул қилаётган аудитория диджей ҳиндча қўшиқ қўйиши билан «портлади». Бу эса Қатар пулга ҳиндларни мухлис бўлиш учун ёллаётгани ҳақида фикрлар бежиз пайдо бўлмаганини исботлайди.

Жаҳон чемпионати ташкилотчилик гуруҳи бу борада аллақачон раддия ҳам берди. Унда айтилишича, Қатар бутун дунёдан келган мухлисларнинг «уйига айланиб улгурган» ва мухлислар ёллангани ҳақидаги иддаолар эса ташкилотчиларни хафа қилган.

Қатардаги ҳиндлар

Аслида Қатарда ҳиндларни учратиш оддий ҳолат. Араблар қора ишлар билан банд бўлмайди ва бундай ишларни Қатарда айнан ҳиндлар, Покистон, Бангладеш, Непал, Мянма, Филиппин каби давлатлардан келган муҳожирлар бажаради. Айнан мана шу ишчилар, мардикорлар ўз севимли жамоасини қўллаб-қувватлаши, уларнинг либосларини кийиб юриши табиий ҳолат аслида. Чунки Қатардаги исталган йирик савдо марказида катта жамоаларнинг либосларини топишингиз мумкин. Лекин ишлаб, пул топгани келган муҳожирлар ишини қўйиб мухлислик атмосферасини яратиб юргани юқоридаги биринчи томоннинг иддаоларида ҳам жон бордек кўрсатади.

Хўш, мухлислар қаерда ўзи?

Қатар аэропортларидаги ҳолатга қарасангиз, сизда бошқа таассурот пайдо бўлади ва пул билан мухлис ёллашга ҳожат йўқлигини кўрасиз. Чунки ҳар 5 дақиқа, баъзан ҳар 2 дақиқада Қатарга дунёнинг тўрт томонидан самолёт келиб қўнмоқда. Жанубий америкалик мухлисларнинг айтишича, кўплаб қитъадошлари мундиал бошлангунига қадар Дубайда бўлишни ҳам маъқул кўрган. Чунки мўъжизавий Дубайдан Қатаргача осонгина етиб келиш мумкин, қўшимчасига Дубайда арзонроқ меҳмонхона топса ҳам бўлади. Қатарда шу кунларда арзон меҳмонхона топиш эса амримаҳол.

Мундиал учун қанча чипта сотилган?

ФИФА мундиал бошланишига 3 ой вақт қолганида 2,45 миллион чипта сотилганини хабар қилган, АҚШ, Англия, Саудия, Мексика, БАА, Франция ва Аргентина чипта сотиб олиш бўйича етакчилик қилаётгани маълум бўлганди. Охирги маълумотларга кўра, ФИФА аллақачон 3 миллионта чипта сотган. Гуруҳ босқичидаги Бразилия иштирокидаги ўйинларга энг кўп чипта сотилган.

Шу тариқа мухлислар билан боғлиқ вазият Қатар мундиалидаги илк можарони келтириб чиқарди. Аслида вазият қандай эканини эса очилиш ўйини ва гуруҳ баҳсларида билиб олиш мумкин.

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид