Жаҳон | 22:04 / 21.11.2022
32153
3 дақиқада ўқилади

Курдлар жавоб қайтарди. Туркия ҳудудига ракета зарбалар берилди, қурбонлар бор

Бундан олдинроқ Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари курдларнинг Сурия ва Ироқ шимолидаги позицияларини ўққа тутганди.

IHA / Reuters / Scanpix / LETA

Туркиянинг Ғозиантеп вилояти Каркамиш шаҳри ўққа тутилиши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлиб, олти киши яраланди. Бу ҳақда Daily Sabah Туркия ИИВ раҳбари Сулаймон Сойлуга асосланиб хабар тарқатди. 

CNN Turk хабарига кўра, Туркия чегарасида жойлашган шаҳарга бешта ракета келиб тушган. Мактаб, икки уй ва юк машинаси зарбага учраган. Расмийларга кўра, ракеталар Суриянинг Кобани шаҳридан (Айн-ал-Араб) учирилган.

Туркия ҳукумати ҳужумда Курдистон ишчи партияси ва  «Ўз-ўзини ҳимоя қилувчи халқ отрядлари» (Туркия уларни террорчи гуруҳлар деб билади)ни айблади.

Туркия мудофаа вазирлиги 20 ноябр тонгида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Сурия ва Ироқ шимолида курдларнинг позицияларига, жумладан чегарага яқин жойлашган стратегик аҳамиятга эга шаҳар бўлмиш Кобанидаги нишонларга зарбалар бергани ҳақида хабар қилганди. ОАВ бу зарбалар оқибатида курдларнинг Сурия демократик кучлари партиясининг 30 нафар атрофидаги вакили ҳалок бўлгани ёки яралангани, бундан ташқари, суриялик ҳарбийлардан камида 15 нафари ҳамда 14 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилган.

Шу куни, Туркия ИИВга кўра, курд жангарилари Сурия ҳудудидан гранатомётлар орқали чегарадаги Унжупинар назорат-ўтказиш пунктини (саккиз нафар турк чегарачиси жабрланган), шунингдек, Каркамишдаги аҳоли яшамайдиган ҳудуд (ҳеч ким жабрланмаган)ни ўққа тутган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 21 ноябр куни турк қўшинлари Сурия ва Ироқда ҳаво амалиёти ўтказгани, чунки АҚШ ва Россия чегара ҳудудларида 30 километрлик хавфсизлик зонаси барпо эта олмаганини айтган. Эрдўғаннинг айтишича, 2019 йилда Россия Ироқ ва Сурия шимолини террорчилардан «тозалаш»ни ваъда қилганди. «Аммо Москва ўз бурчини бажармаган ва бажаришдан бош тортмоқда», дея унинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги. Эрдўған Туркия Сурия шимолини «тозалайди» ва хавфсизлик зонаси ҳақида эълон қилади. Унинг сўзларига кўра, Туркия қўшини Сурия ва Ироқда қуруқлик амалиёти ўтказишга тайёр.

Мавзуга оид