Ўзбекистон | 11:51 / 22.11.2022
10799
3 дақиқада ўқилади

“Битта вазирлик ҳамма вазирлик устидан қўриқчи бўлиб тургани билан иш битмайди” — Тимур Ишметов вазирликлар бюджет маблағларини мақсадсиз сарфлаши ҳақида 

Молия вазири яқин келажакда Молия вазирлигининг назорат функцияси вазирликлар ички аудит бошқармаларига ўтказилишини маълум қилди. Депутат Алишер Ҳамроев вазирликларнинг ички аудит бошқармаси уларга бўйсунишини, қонунбузилишлар яширилиши мумкинлигини айтди. Ишметов депутатларни бюджет маблағлари назорати борасида таклифларни кўриб чиқиш учун суҳбатга таклиф қилди.  

Фото: Сенат матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида молия вазири Тимур Ишметов вазирликлар бюджет маблағларини ноқонуний сарфлашига оид саволга жавоб берди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 9 ойида халқ таълими тизимида 47 млрд сўм, соғлиқни сақлашда 30 млрд сўм, мактабгача таълим тизимида 7 млрд сўм, Маданият вазирлигида 5,5 млрд сўмга яқин қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бундан ташқари,  бажарилмаган ишларни «бажарилди» қилиб кўрсатиш, бюджетдан ажратилган субсидиялар ҳисобидан ўрнатилмаган ускуналарни «ўрнатилди» деб расмийлаштириш ҳисобига 100 млрд сўмдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари ва умуман 139 млрд сўм бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишига йўл қўйилган.  

Депутатлар вазирдан бу борада Молия вазирлиги қандай чоралар кўраётганини сўради.  

Ишметовнинг сўзларига кўра, Молия вазирлиги ва вазирликларнинг ички аудит хизматлари билан бирга ўрганишларни ўтказиш тартиби ўрнатилган. 

“Келажакда Молия вазирлиги назорат функциясининг бир қисмини вазирликларнинг ички аудитига, яна бир қисмини ташқи аудит – Ҳисоб палатасига ўтказамиз. 

Вазирликлар томонидан нотўғри қилиниши, менимча, буни ҳадеб Молия вазирлигидан сўраш ҳам... албатта кўриб турибмиз, бу рақамларни Молия вазирлиги топиб беряпти. Лекин кўпроқ талаб ўша вазирликларга бўлиши керак. Энг кўп масалалар, бюджетдан маблағ ажратиладиган йўналиш ойликлар бўлгани учун энг катта камчилик ҳам, пулни кўпроқ олишни ҳам шу йўналишда кўрамиз.  Хусусан, 2023 йил бюджетига ҳам, тегишли ойликка бўлган харажатлар тақдим этилган маълумотлар текшириб тасдиқлаб бўлинганидан кейин ҳам,  1 чорак давомида Молиявий назорат бошқармаси томонидан битталаб текширилиб тузаттириш киритилади”, – деди у.  

Вазирнинг сўзларига кўра, бу борада кўпроқ вазирликларнинг масъулиятини ошириш бўйича ўйлаш керак. 

“Битта вазирлик ҳамма вазирликнинг устидан қўриқчи бўлиб тургани билан иш битмайди. Бюджет маблағларини самарали сарфлаш ҳар бир вазирлик зиммасига юклатилган”, – деди Ишметов.  

Депутат Алишер Ҳамроев эса ички аудит тизими ўша ташкилотга бўйсунишини айтди. 

“Уларда қонунбузилиш ҳолатини яшириш имконияти пайдо бўлади. Энди Молия вазирлиги назоратни уларга юкламоқчи, тўғри Ҳисоб палатаси ҳам бор. Инсон омилини йўқотадиган электрон назорат юритиш ҳақида ўйланмаяптими?” – деди у.

Молия вазири ички аудит борасида кўп саволлар бўлишини таъкидларкан, бунга оид катта режалар борлигини, афсуски, бу бир неча йиллик жараён эканини айтди. 

“Барча депутатларни суҳбатга таклиф қилсак, бу борада режаларимиз бор, таклифларни олишга тайёрмиз”, – деди у.

Мавзуга оид