Спорт | 15:11 / 23.11.2022
21541
23 дақиқада ўқилади

Мундиал кундалиги: Сенсациялар ва жароҳатлар куни

Қатардаги жаҳон чемпионатининг учинчи кунидаги асосий воқеалар ва гуруҳларда юзага келган вазият.

Фото: Reuters

ЖЧ-2022 турнирида илк сенсация рўй берди — «Оқ шаман» араб мўъжизаси муаллифига айланди. Саудия Арабистони чемпионатнинг асосий фаворитларидан бирини мағлубиятга учратди.

ЖЧ-2022. С гуруҳи. 1-тур. 
Аргентина – Саудия Арабистони 1:2

Голлар: 1:0 – 10, пенальти Месси, 1:1 – 48 Аш-Шаҳри, 1:2 – 53 Ад-Довсарий.
Аргентина – Мартинес, Молина, Отаменди, Ромеро (Мартинес, 59), Тальяфико (Акунья, 71), Ди Мария, Гомес (Альварес, 59), Паредес (Фернандес, 59), Де Паул, Месси, Мартинес.
Саудия Арабистони – Ал-Овайс, Абдулҳамид, Ал-Булайҳий, Томбакти, Аш-Шаҳроний (Ал-Брейк 90), Ад-Довсарий, Ал-Фараж (Ал-Обид, 45; Ал-Амрий, 88), Канно, Ал-Малки, Ал-Бурейкан (Ассирий, 89), Аш-Шаҳри (Ал-Ганам, 78).
Огоҳлантиришлар: Ал-Малки (67), Ал-Булайҳий (75), Ад-Довсарий (79), Абдулҳамид (82), Ал-Обид (88), Ал-Овайс (90).

Мессининг оёғи

Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида жаҳон чемпионатларида доим ҳам асосий фаворитлар ғалаба қозона олмаслиги, бош соврин учун эса ўнга яқин жамоа даъвогарлик қилаётганини муҳокама этаркан, Лионел Скалони тарангликни юмшатиш ва жамоасидан босимни олиб ташлашга уринаётгандек кўринди. Аммо айнан шу бош мураббий, яхши маънода Аргентинадан олтиндан бошқа нарса кутишмаётгани учун жавобгардир. Эндиликда жамоани «Скалонета» деб аташаётган ва бу жамоа уч йилдан ошиқ вақт давомида мағлуб бўлмаётган, ўтган йили Америка Кубогида 28 йиллик танаффусдан кейин илк совринини қўлга киритган бўлса, бошқа яна қандай муносабат бўлиши мумкин эди?

Қолаверса, Месси ва унинг жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиш орзуси мавзусидан узоқлашиб бўлмайди. Лео — қарийб профессионал даражадаги дипломат бўлса ҳам, у асосий фаворитлар сифатида — Бразилия ва Францияни келтирди. Қолган барча иборалар тартибли, мувозанатли ва чуқур мулоҳазали бўлди. Аммо бу жамоатчилик учун айтилган сўзлар эди, у сардор сифатида жамоани жангга қандай бошлашини (Месси Америка Кубоги олдидан қилган нутқни) Netflix чиқарган ҳужжатли филмда кўриш мумкин.

Бу ўйин олдидан кўпроқ унинг ўз соғлиги ҳақидаги сўзларини кутишди. Чунки унга сўнгги ҳафталарда клубида дам берилган, терма жамоанинг умумий машғулотларида ҳам қатнашмаганди. Месси барчаси жойида эканини айтиб, барчани тинчлантирган бўлса-да, кўпчилик ESPN нашрида аргентиналик футболчининг болдир ва товони ўртаси шишиб кетгани кўрсатилган ўнлаб суратлардан хавотирланаётганди. Кимдир шокка тушган бўлса, бошқалар омадсиз ракурс ҳақида гапириб, терма жамоанинг машғулотларидаги бошқа янги суратларни кўриб чиқишга чақирди, муҳокамаларга эса бошқа сурат нуқта қўйди. Ўша қитъа финалидаги расмда ҳам Мессининг оёғи бир хил кўринарди, бу эса эски жароҳат асорати эди.

16 йиллик серия

Барча шубҳаларга сардорнинг фамилияси ўйин учун бошланғич таркибда чиққанида чек қўйилди — бош мураббий у қадар кучли бўлмаган рақибга қарши  ўта ҳужумкор таркиб танлаганди. Икки таянч яримҳимоячиси ва ҳужумкор квартет, бунда Месси «ўнлик» позициясида жойлашди. Яъни, Папу Гомес турнирни ўтказиб юбораётган Ло Сельсони фақат номинал томондан алмаштирган, бу эса Скалонининг тактика бошқача бўлиши ҳақидаги сўзларини исботлади.

Бироқ, шакл мазмунни ўзгартирмади ва ўйин бошланиши биланоқ Аргентина рақибга юқори суръатдаги ўйинни таклиф этди. Биринчи ҳужумдаёқ саудияликлар дарвозабони Ал-Овайс қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келиб, бурчакка йўналган тўпни олиб чиқди, Мессининг яхши тайёрланиб берган бу зарбасини қайтариб бўлмайдигандек кўринганди. Кейин қатор стандарт вазиятлар, VAR аралашуви, ҳакам мониторга бориб жарима майдонида Паредас қўл билан ушлаб қолингани учун пенальти берилиши рўй берди.

Аргентиналиклар етакчиси эса 11 метрдан турнирдаги илк голини урди. Бу билан у яна бир тарихий натижа қайд этди, шу вақтгача жаҳон чемпионатларида 16 йиллик интервалда гол урган футболчи йўқ эди.

Мессидан ташқари яна тўрт футболчи тўрт турнирда гол урган — Пеле, Уве Зеелер, Мирослав Клозе ва Криштиану Роналду. Португалиялик юлдуз Қатарда абадий қоладиган рекордни ўрнатиши ҳам мумкин, чунки Леодан фарқли равишда у ЖАР-2010 турнирини ҳам голсиз тарк этмаган ва КХДР йирик ҳисобда тор-мор этилишида ҳиссасини қўшган.

Месси эса гуруҳ босқичи якунига қадар мундиаллардаги голлар сони бўйича Диего Марадонанинг рекордини (21) янгилаши мумкин. У ҳозирча турнир тарихида «34+» ёш тоифасида бошланғич таркибда ўйнаган тўрт футболчидан бирига айланди. Ҳолбуки аргентиналикларда шу куни бошланғич таркибда етти нафар футболчи жаҳон чемпионатларидаги илк ўйинини ўтказди.

Ренарнинг сценарийси бўйича

Аргентиналиклар кетма-кет ҳужум уюштиришда давом этди. Аргентинанинг Месси ва Лаутаро Мартинес (иккита) ижросидаги голлари офсайд туфайли бекор қилинди, лекин улар кейинги уринишларда ҳисобга олинадиган голлар уриши муқаррардек эди. Танаффусга қадар жанубий америкаликлар офсайдлар сони (7) бўйича ЖЧ-2018 давомидаги кўрсаткичини (!) янгилаб қўйди. Буни ҳамма ҳар хил талқин этди. Бразилиядаги таниқли телеканаллардан бири VAR ни томошанинг асосий душмани деб атади, аммо адолат учун айтиш керакки, бу Саудия Арабистони мудофаа чизиғининг саъй-ҳаракатлари натижаси бўлди.

Буни эса Эрве Ренар учун мақтов деб ҳам баҳолаш мумкин. 54 ёшли француз мутахассиси Африкадаги фаолияти орқали кўзга ташланганди, у бу қитъада беш терма жамоа билан ишлаб, Замбия ва Кот-д'Ивуарни Африка чемпиони қилган. Энди эса бу қитъада «Оқ шаман» лақабини олган мутахассис Осиёни забт этмоқда.

Биринчи бўлимда араблар фаворитни офсайд қопқонига туширишда беназир ҳаракат қилди. Иккинчи бўлимда эса аргентиналик ҳимоячиларни жазолай бошлашди — ҳимоячилар очиқчасига олифталик қилиб, жарима майдонида бундай турнирга ярашмайдиган хатоларга йўл қўйишди.

Натижада Аш-Шаҳрий Ромерони йўлдан олиб, ҳисобни тенглаштирди. Кўп ўтмай Ад-Довсарий биринчи муваффақият тўлқинида қойилмақом гол урди, у ўзига қаршилик қилган Де Паулни доғда қолдирган ҳолда тўпни дарвозанинг олис бурчаги томон йўллади.

Буёғига саудияликлар натижани сақлаб қолиш учун жонини беришди. Ҳимоячилардан бири қулай позицияга чиқиб борган Мессининг оёғига ташланиб, ҳужумни бартараф этди. Дарвозабон Ал-Овайс эса Тальяфиконинг яқин масофадан берган зарбасига ақл бовар қилмас ҳаракат билан ташланди. Дарвозабон ўйин охирида тўпга ташланиш вақтида ўз ҳимоячиси Аш-Шаҳронийни ҳам аямади.

Шу кунгача 37 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этиб келган Аргентина Италиянинг рекордини такрорлаш арафасида тўхтади. Буни фақат ақлдан озган ёки воқеаларни олдиндан кўра билувчи одам башорат қилиши мумкин эди. Бу тарсаки Жанубий Америка чемпионларини янада кучлироқ қиладими ёки Мессининг Қатардаги турнир учун махсус тикилган олтин бутсалари уни барибир яширин орзусига эриштира олмайдими, буни вақт кўрсатади. Агар жамоа ўйинида ўзгариш бўлмаса — барчаси жуда тез якунланиши мумкин.

D гуруҳи

Топ-жамоалар бу турнирда қийналадиган кўринмоқда. Олдинги Евро яримфиналчиси Тунисга қарши ҳеч нарса қила олмади

Дания – Тунис 0:0 (0:0, 0:0)
Дания – Шмейҳел, Кристенсен, Кьер (Йенсен, 65), Кристенсен, Андерсен, Мэле, Дилэйни (Дамсгор, 45), Эриксен, Ҳейберг, Долберг (Корнелиус, 65), Ольсен (Линдстрем, 65).
Тунис – Дамен, Дрэгер (Кешрида, 88), Мерья, Бронн, Тальби, Абди, Схири, Лайдуний (Сасси, 88), Слиман (Слити, 67), Мсакни (Межбри, 80), Жебали (Хенисси, 80).
Огоҳлантиришлар: Кристенсен (24), Йенсен (78), Хенисси (86).

Данияга Эриксен ҳам ёрдам беролмади

Жаҳон чемпионати иштирокчилари орасида Қатарни инсон ҳуқуқлари бузилишида айблашда фаол бўлганлардан бири Дания эди. Терма жамоа формасида ҳам норозилик белгиси сифатида логотиплар кўринмайди, учинчи комплект эса буткул қора рангда — ЖЧ объектлари қурилишида ҳалок бўлган ишчилар хотираси учун. Уларнинг биринчи турдаги рақиби — Тунис ҳам турнир арафасида спортга алоқаси йўқ бўлган сабаб билан медиа мавзусига айланганди. Ҳатто мамлакат ҳукумати футбол федерацияси ишига аралашаётгани важи билан терма жамоани турнирдан четлатишлари мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалганди, аммо ФИФА якунда огоҳлантириш бериш билан чекланди.

Дания Қатарга исталган рақибга муаммо туғдириши мумкин бўлган сирли тойчоқ сифатида ташриф буюрганди. Россиядаги жаҳон чемпионатида данияликлар фақат пеналтилар сериясида бўлажак финалчилар — хорватларга ютқазишганди, Евро-2020 да эса яримфиналга қадар етиб бориб, Англия билан  тенгма-тенг ўйин кўрсатган, аммо овертаймда пенальтидан гол ўтказган ҳолда турнирни тарк этганди. Бу жаҳон чемпионатида ҳам таркиб ўша-ўша — бунинг устига, бир ярим йил аввал жонли эфирда ҳушидан кетган Кристиан Эриксен яна жамоа билан. Мухлислар бу жамоадан камида плей-оффга чиқишни кутишга ҳақли.

Тунис терма жамоаси бош мураббийи Жалол Қадрий бундай даражадаги рақиб билан иккинчи рақам остида ўйнаш кераклигини тўғри англади. Шу туфайли, у катта эҳтимол билан жамоанинг таниқли ва тажрибали футболчиси Ваҳби Ҳазрини захирада қолдирди — бошланғич таркибда ҳужум учлигида тезкор футболчилар туширилди. Аммо жамоа ўйини уч марказий ҳимоячи ва таянч яримҳимоясидаги Схири — Лайдуни жуфтлиги асосига қурилди. Лайдуни учинчи дақиқадаёқ подкат билан Эриксенни тўпсиз қолдириб, кўкрагига урганча жилмайиб, жамоа қандай кайфиятда эканини кўрсатди (якунда айнан у ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди).

Жисмонан яхши тайёргарлик кўрсатган Туниснинг динамикаси ва тажовузкорлиги ўйин тенг кучлар остида кечишини таъминлади. Данияликлар кутилганидек тўпга эгалик қилишди, позицион ҳужумлар уюштиришди, Эриксен эса бир бўлим давомида 7-8 марта стандарт вазиятни ижро этди. Аммо африкаликлар жамоаси астойдил ҳимояланди ва скандинавликлар ҳужумлари динамикасини ўчириб турди. Асосийси — тунисликлар данияликларнинг сўнгги йиллардаги қуроли бўлган қанотларини муваффақиятли ёпа олди. Бундан ташқари, Тунис танаффусга ҳисобдаги устунлик билан йўл олиши мумкин эди, аммо аввалига ҳакам Жебалининг голини офсайд туфайли бекор қилди, кейин шу футболчининг зарбасини Шмейхел мўъжизавий сейв билан тўсиб қолди. Якунда — зарбалар бўйича ҳисоб 8:3, тунисликлар фойдасига. Буни турнирнинг энг камтарона таркибига эга бўлган жамоадан ҳеч ким кутмагани аниқ.

Иккинчи бўлимда Дания ўз ўйинини топа бошлагандек кўринди — тўп тез-тез Дамен қўриқлаётган дарвоза жойлашган жарима майдонига олиб борилди. 56-дақиқада тўп дарвоза тўридан жой ҳам олди, аммо бу сафар ҳам ҳакам голни бекор қилди — яна офсайд. 70-дақиқада данияликлар фаоллиги пик нуқтасига чиқди — аввалига Дамен Эриксеннинг ўта мураккаб зарбасини қайтарди, кейин захирадан ўйинга қўшилган Корнелиус негадир бир метрлик масофадан туриб тўпга оёқ билан эмас, бош билан зарба беришга қарор қилди — натижада тўп дарвоза устунига тегди.

Тунис зарбаларга туриб беришда ва ҳимояланишда давом этди — аҳён-аҳёнда қарши ҳужумларга чиқилди, аммо Дания тўпни узлуксиз равишда ҳаводан жарима майдонига ошириб беришдан бошқа нарса ўйлаб топа олмади (асосан Эриксеннинг бурчак зарбалари). Кристиан ўйин давомида стандарт вазиятларни ижро этишдаги жестлар бўйича бутун коллекцияни намойиш этди, аммо скандинавлар барибир мақсадга эриша олмади. Қўшимча дақиқаларда драма рўй бериши мумкин эди — VAR арбитрни тунисликлар ўз жарима майдонида қўли билан ўйнагани эҳтимолини текширишга чақирди, аммо эпизод видеотакроридан кейин ҳакам «нуқта»ни кўрсатмади.

Якунда — жаҳон чемпионатидаги илк 0:0 ҳисоби қайд этилди. Аммо ўйин анча томошабоп кечди — кучсиз таркибда бўлган жамоа фаворитга қарши ўйинда рақибни ўзи учун қониқарли натижага мажбур эта олди. Тунис яна бир бор қисқа муддатли турнирларда интизом ва фидойилик билан савиядаги фарқни йўққа чиқариш мумкинлигини намойиш этди. Афтидан, Қатарда бундай ўйинлар кўп бўлади.

C гуруҳи

Левандовски стартни барбод қилди. У туфайли Польша муҳим ғалабадан қуруқ қолди, Очоа эса — яна қаҳрамон.

Мексика – Польша 0:0
Мексика – Очоа, Санчес, Морено, Монтес, Гальярдо, Эррера (Родригес, 71), Чавес, Альварес, Лосано, Мартин (Ҳименес, 71), Вега (Антуна, 84).
Польша – Шченсни, Кэш, Глик, Кивер, Берешиньски, Каминьски, Криховяк, Зелиньски (Милик, 87), Шиманьски (Франковски, 72), Левандовски, Залевски (Белик, 46).
Огоҳлантиришлар: Санчес (29), Морено (56), Франковски (76). 
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Левандовски (Польша), 58.

Чемпионат стартига қадар С гуруҳида барчаси олдиндан маълумдек кўринганди: Аргентина — 1/8 финалга чиқиши аниқ бўлган яққол фаворит, гуруҳда қолиб кетадиган яққол аутсайдер — Саудия Арабистони. Мексика ва Польша эса плей-офф учун кураш олиб боради. Уларнинг биринчи турдаги ўзаро тўқнашуви кўп нарсага ойдинлик киритиши керак эди.

Аммо бу фаразлар «974» стадионида (денгиздаги ташувлар учун қўлланадиган контейнерлардан барпо этилган уникал қурилма, у жаҳон чемпионатидан кейин яна бузиб ташланади)ги ўйиндан кейин барбод бўлди. Саудия Арабистони сенсация кўрсатиб, ғалабага эришгач, автоматик равишда плей-оффга чиқиш учун даъвогарга айланди — қисқа муддатли турнирларда шунақаси ҳам бўлиши мумкин.

Ҳолбуки Қатар ва Эроннинг биринчи турда кўрсатган ўйинидан кейин кўпчилик ЖЧ-2026 турнирида жамоалар сони оширилиб, Осиёдан ёки саккиз ёки тўққиз жамоа иштирок этишини назарда тутган ҳолда, мундиал иштирокчилари сони оширилиши ҳақидаги қарорни янада қизғин танқид қила бошлаганди. Лекин Саудия Арабистонининг ғалабаси бундай фикрлар шошилинч бўлганини кўрсатиб берди, қолаверса бу ғалаба автобус қўйиш орқали қўлга киритилган тасодифий натижа эмасди. Араблар ўйиннинг учдан икки қисмида ҳимоя чизиғини анча олдинроқда ўрнатишди ва ўйин охирига қадар жарима майдонига қамалиб олишга ҳаракат қилмади.

Саудияликларнинг кейинги рақиблари Польша ва Мексика эса кутилган ўйинни намойиш эта олишмади. Мексикаликлар нисбатан фаолроқ бўлишга интилишди — улар барибир КОНКАКАФ зонасида биринчи рақамда ўйнашга одатланишган, қолаверса бош мураббий Херардо Мартино Марсело Бьелсанинг издоши саналади ва «Барселона» билан ишлаган, бу эса унинг ўйин фалсафаси ҳақида кўп нарсани англатади, Польша эса ҳатто Саудия Арабистони ёки Тунисдан кўра пассивроқ ҳаракат қилди. Чеслав Михневич жамоасида схема гибрид кўринишда эди: тўп жамоада бўлганида ҳимоячилар сони тўрт нафар, жамоа чуқур ҳимояланганда эса чап қанот ўйинчиси Никола Залевски ҳимояга ёрдам берди. Вақти-вақти билан ўнг қанот вакили Якуб Камински ҳам ҳимоячилар билан бир линияда жойлашди.

Ўйин олдидан замонанинг энг яхши ҳужумчиларидан бири Роберт Левандовски ва Мексика термаси дарвозабони Гильермо Очоа рақобати ҳақида гапиришди, дарвозабон Европада клуб даражасида ёрқин фаолиятга эга бўлолмади, аммо у ҳар сафар жаҳон чемпионатларида фантастик ўйин кўрсатади. Ўйиннинг бир соати давомида бу афиша ўзини оқламаётгандек эди, аммо барибир бу сюжет рўй берди. Бу эпизод жуда зерикарли ўйинни бироз бўлса-да томошабоп қилиб берди.

Айтиш керакки, бу қарама-қаршилик том маънода тўғридан тўғри рўй берди — футболчилар 11 метрлик жарима зарбасида дуэл ўтказишди. Левандовски яна бир бор ҳужумда ўзига тақдим этилган кичик имкониятдан наф чиқаришини кўрсатди. Лекин жаҳон чемпионатига қандайдир магия билан ташриф буюрадиган Очоа полякни доғда қолдирди — у ўзини бошқа бурчакка сакраётгандек кўрсатди, амалда эса қарама-қарши бурчакка ташланди, Левандовски ҳам ўша бурчакни нишонга олганди.

Ўйин қандай кечганини ифодаловчи асосий кўрсаткич шуки, бу полшаликларнинг 90+4-дақиқа давомида дарвоза соҳасига аниқ йўллаган ягона зарбаси бўлиб қолди. Мексика эса Очоанинг сейвидан кейин тетиклашди, ўн дақиқа давомида ҳужумкор ўйин кўрсатишди, аммо кейин поляклар ўйинни яна қуритиб ташлашди.

Энди икки жамоа ҳам масалани Аргентина ва Саудия Арабистонига қарши ўйинларда ҳал этишга уриниб кўришади. Ҳозирда С гуруҳи кутилмаганда бу турнирдаги энг чалкаш ва интригали гуруҳга айланди.

D гуруҳи

Мбаппе учта голни ташкиллаштирди, Жиру Анрининг рекордини такрорлади. Франция чемпионликни ҳимоя қилишни бошлади

Франция — Австралия 4:1
Голлар: Рабьо (27), Жиру (32, 71), Мбаппе (68) — Гудвин (9).
Франция – Льорис, Павар (Кунде, 89), Упамекано, Конате, Люка Эрнандес (Тео Эрнандес, 13), Рабьо, Тчуамени (Фофана, 77), Жиру (Тюрам, 89), Гризманн, Дембеле (Коман, 77), Мбаппе. 
Австралия – Райан, Аткинсон (Дегенек, 85), Суттар, Роулз, Беҳич, Муй, Ирвайн (Баккус, 85), Макгри (Мабил, 73), Лекки, Дьюк (Каммингс, 56), Гудвин (Куол, 74).
Огоҳлантиришлар: Дьюк (55), Ирвайн (80), Муй (90+5).

Жаҳон чемпионлари сенсациялар кунини асосли ғалаба билан якунлаб берди

Дидье Дешам бу йил омадсизлик бўйича жаҳон чемпиони бўлмоқда. Аввалига у жамоа ўйини асоси бўлган икки яримҳимоячидан айрилди — Погба ва Канте. Старт арафасида — форвардлар Нкунку ва Бензема сафдан чиқди. Бундан ташқари, дарвозабон Меньян ва ҳимоячи Кимпембе ўйиндан ташқари ҳолатда, унинг бахтига бир ойдан буён майдонга тушмаётган Варан сафга қайтган, аммо у фақат заявкадан ўрин олиш билан чекланди.

Шунга қарамай, Франция бош мураббийи ўз жамоасига ишониши, 25 нафар футболчи эса етарли эканини айтди. Чунки у Бензема ўрнига ҳеч кимни чақириб ўтирмади ва Нкунку ўрнига Коло Муанини ёллаш билан чекланди. Бу форвард ўтган мавсумда «Нант»да яхши ўйнаганди, «Айнтрахт»га ўтгач эса, бундеслиганинг янги аъзолари учун рекорд даражадаги самарадорлик кўрсатмоқда.

Лекин у ҳам кутилганидек бошланғич таркибдан ўрин олмади, аммо стартда сюрпризлар етарли эди. Биринчидан, марказий ҳимоя учун энг кутилмаган жуфтлик танланди, «Бавария» аъзоси Упамекано ва бу мавсум «Ливерпул»да деярли ўйин амалиётига эга бўлмаётган Конате илк дақиқалардан ҳаракат қилди. Иккинчидан, ЖЧ-2018 ғолиблигини олиб келган 4-2-3-1 схемасига қайтилиши ҳақидаги гаплар ёлғон бўлиб чиқди. Дешам энг яхши мудофаа — ҳужум, деган қарорга келди ва илк дақиқалардан форвардлар тўртлигини майдонга туширди.

Бу мантиқийдек эди, чунки рақиб нисбатан кучсиз Австралия, аммо аргентиналикларнинг аччиқ тажрибаси ҳам ёддан чиқармаслик талаб этиларди. Жанубий Америка чемпионлари ҳам Ло Сельсонинг ўрнини босувчи футболчи топа олмасдан, ҳужумкор футболчилар сонини оширишга қарор қилганди. Аргентиналиклар ўйинни жуда яхши бошлашганди, аммо якун камида кейинги тургача муҳокамалар марказида бўлади.

Аммо Аргентинанинг ўйинида барча даҳшатли воқеалар иккинчи бўлимда рўй берган бўлса, Франция ўйин бошиданоқ муваффақиятсизликка учради, чап қанотдан кириб келган Гудвин бир неча масофадан туриб қайтариб бўлмас зарба йўллаб, ҳисобни очди. Қолаверса, бу ҳужум вақтида бошланғич таркибнинг яна бир кутилмаган вакили Люка Эрнандез голли узатмани тўсишга интилиб, эҳтиётсизлик туфайли жароҳат олди ва ўрнини ўз эгизаги Теога бўшатиб берди («Бавария» ҳимоячиси олти ойга сафдан чиққан).

Катта эҳтимол билан, бу паллада Дешам Қатарга «Реал» қанот ҳимоячиси Мендини олиб келмагани учун афсусланган. Фақат бу хаёллар кичик Эрнандез идеал узатмаси билан жавоб голини уюштирганида тарқаб кетди. Ўйинда бурилиш Италия чемпионатининг яна бир вакили — Рабьо томонидан амалга оширилди. Ёзда «МЮ» уни молиявий талаблари ҳаддан ташқари юқори экани туфайли трансфер қилишдан бош тортганди, аммо ҳозирда «Олд Траффорд»дагилар бу қарор учун афсусланаётган бўлиши мумкин.

«Ювентус»да жуда зўр мавсум ўтказаётган Рабьо терма жамоадаги рақобатда ҳам устун келди ва австралияликлар билан ўйинда қаҳрамонга айланди. У аввалига ўзи гол урди, кейин прессингда намунали иштирок этиб, Мбаппенинг товони билан берган пасидан кейин Жиру учранглилар сафидаги 50-голини уришига ёрдам берди. Эндиликда «Милан» форвардининг яна бир аниқ зарбаси унга терма жамоанинг энг яхши мергани Тьерри Анри билан тенглашиб олиш имконини беради. Франция терма жамоасидаги бундай ёрқин дебют — гол ва голли узатма — Рабьогача охирги марта чемпионлик нишонланган 1998 йилги чемпионатда Кристофф Дюгарри билан бўлганди.

Кеча қаҳрамонлари қаторида Мбаппени ҳам эътироф этмасдан бўлмайди. У гиперфаол, жуда фойдали бўлди ва шу билан бирга ҳадеганда гол ура олмади. «ПСЖ» ҳужумчиси Жирунинг биринчи голида қатнашди, кейин эса ўз зарбаси билан амалда ўйин масаласини ҳал қилди. Бунга қадар ҳисоб хавотирли эди, чунки мудофаадаги муаммолар ҳеч қаерга кетмаганди, ҳисоб 1:2 эканида Ирвайннинг зарбаси устунга тегди.

Аммо жаҳон биринчиликларида 20-бор сардор сифатида терма жамоа дарвозасини қўриқлаган Ллорис ўз дарвозасидан бошқа гол олиб чиқмади. Жаҳон чемпионлари эса титул ҳимоясини ишончли ғалаба билан бошлашди.

Ўйинлардаги барча голлар видеоси ФИФА расмий сайтида 

Мавзуга оид