Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Португалия мундиалдаги иштирокини бошламоқда. Жамоада Роналдуга ворис борми?
Катта эҳтимол билан, бу унинг сўнгги имкони.
Португалия анъанага кўра йирик халқаро турнирга фаворитлардан бири сифатида ташриф буюрган. Криштиану Роналду ҳамон бу жамоанинг муҳим футболчиси саналади, лекин таркибда унинг ўрнини босувчи футболчи топилмаяпти. Бунинг ўрнига жамоада ҳозирнинг ўзида бўй кўрсатган ва келгусида ҳам юзага чиқиши мумкин бўлган муаммолар бор.
Бугун Португалия гуруҳ босқичидаги иштирокини Ганага қарши ўйин билан бошлайди. Сантуш бу ўйинда ёш футболчиларга кўпроқ ишонч билдириб, Кришни захира ўриндиғида қолдириши мумкинми?
Ганалик футболчилар ҳақида кўп нарса маълум эмас, лекин у ерда ҳам бир қатор қизиқарли футболчилар бор. Томас Партей — АПЛда етакчилик қилаётган «Арсенал»нинг муҳим футболчиси, «Аякс» яримҳимоячиси Муҳаммад Қуддус эса жорий мавсумда ЕЧЛда порлади ва тўрт гол уриб, икки голга узатма берди, энди эса Неймардан қолишмаслигини даъво қилмоқда. Бундан ташқари, Гана яхшигина «трансфер кампанияси» олиб бориб, «Брайтон» ҳимоячиси Тариқ Лэмпти ва «Атлетик» форварди Иньяки Уильямсни тарихий ватани учун тўп суришга кўндирди. Албатта, бу жамоани Португалияга қарши ўйинда фаворит деб бўлмайди, аммо бу январ ойида Африка кубогини гуруҳ босқичидаёқ якунлаган таркибдан кучлироқ.
Роналду ва унинг можаролари
Криштиану шусиз ҳам Португалия термасидаги энг кўп муҳокама қилинадиган шахс эди, аммо Пирс Морганга берган шов-шувли интервьюси билан у бутун жамоатчилик эътиборини ўзига қаратди. Бу терма жамоа учун яхшими ёки ёмон — баҳсли савол.
Бир томондан, Криш жамоадошларини эътибордан четда қолдирди — энди фақат уни муҳокама қилишмоқда, португалиялик бошқа юлдузлар билан эса мамлакатдан ташқаридагиларнинг иши йўқ. Назарий жиҳатдан, бу масалан ўтган Европа чемпионатида муваффақиятсиз иштирок этган Бруну Фернандеш ёки «Атлетико» уч ярим мавсумда 30 та ҳам гол ура олмаган «олтин бола» Фелишни ортиқча босимдан халос қилади.
Бошқа томондан, жамоага бундай шовқин керакми, буниси номаълум. Кийим алмаштириш хонасидан тарқалган видеолардан бирида Фернандеш Криштиануни кўришдан у қадар мамнун эмаслиги акс этган. Роналду ўша машҳур интервюсида бу ватандошини «МЮ»нинг ишга етарли даражада профессионаллик билан ёндашувчи футболчилари сирасига киритмаганди. Буларнинг бари кийим алмаштириш хонасидаги муҳитга қанчалик таъсир қилиши ва бу ўйинда қандай акс этиши — очиқ савол.

Кучли таркиб ва аралаш натижалар
Португалия термаси — ЖЧ-2022 турнирининг таркибдаги футболчилар қиймати бўйича тўртинчи жамоаси (transfermarkt), бу ерда жаҳон миқёсидаги юлдузлар тўпланган. Мухлислар Европанинг собиқ чемпионларидан муносиб иштирок этишни кутишга ҳақли. 2016 йилда португаллар Еврода биринчи навбатда мувозанатли таркиб ва ўйиннинг сифатли тузилиши ҳисобида ғолиб чиқишганди. Оддий бир фактни ёдга олиш кифоя — Роналду жароҳат туфайли финалда атиги 10 дақиқа ўйнаган, ғалаба голи эса бутун мавсум давомида «Лилл»да атиги олти гол урган Эдер номига ёзилганди.
Ҳозирда португалларда кучлар тақсимоти ўзгарган — ҳар бир чизиқда юлдузли футболчилар бор. Мудофаада АПЛнинг энг яхши ҳимоячиси Рубен Диаш ва Европанинг энг креатив қанот ҳимоячиларидан бири Жоау Канселу ҳаракатланади. Роналдунинг ортида — Бруну, Бернарду Силва ва ҳозирги таркибдаги энг қимматбаҳо футболчи Рафаэл Леау жойлашади. Бу конструкцияни орқароқда, таянч яримҳимоясидаги қора ишларни бажарувчи Невеш — Карвалья жуфтлиги қўллаб-қувватлайди, аммо 2016 йил билан таққослаганда бу унча яхши ишлов берилмаган жамоа.
Криштиану Роналду билан боғлиқ вазиятда бўлгани каби, бу ерда ҳам плюс ва минуслар бор. Таркибда ёрқин ижрочилар кўплиги индивидуал ҳаракатлар орқали натижадан умид қилиш имконини беради. Нима бўлганда ҳам терма жамоа даражасида футбол тактик томондан клублар футболидан ортда ва бу ерда эпизодни ёлғиз ҳал қилиш қобилияти олтинга тенг. Аммо шу билан бир вақтда кўп сонли юлдузлар мураббийга қўшимча масъулият юклайди — цейтнот режимида у майдонда барча энг яхши футболчиларга жой топиб бериши ва бу механизмни ишлата олиши керак бўлади.
Фернанду Сантуш ҳамиша ҳам муваффақиятга эришавермаган. Ҳа, у Евро-2016 ғолиблигидан ташқари 2019 йилда Миллатлар лигасида зафар қучган. Аммо ЖЧ-18 (1/8 финалда Уругвайга ютқазилган) ва Евро-2020 турнирларидаги фиаскони (шу босқичда Бельгияга мағлуб бўлинган) унутмаслик керак. Ҳатто ЖЧ-22 саралаши португаллар учун бир текисда кечмади — гуруҳда фақат бир бор мағлубиятга учралди, аммо шу туфайли биринчи ўрин Сербияга бериб қўйилди ва Қатарга фақат ўтиш ўйинлари орқали йўлланма олинди. Қатарда қандай натижа бўлиши — португалларнинг ўзи учун ҳам жумбоқ.
Ворис борми?
Ҳайратга тушиш мумкин, аммо чиндан ҳам сўнгги 15 йилда футбол талантларига бой бўлган Португалияда терма жамоада Роналду билан рақобатлаша оладиган ҳужумчи пайдо бўлмади. Қоғозда бўлса ҳам. Кришнинг ўзи турли вақтларда Жоау Фелиш ва Андре Силвани ворис деб атади, аммо улар топ даражага чиқа олмади.
Диогу Жота жароҳат олгани туфайли ҳозирда Португалия термасида ҳужум марказида Роналдуни алмаштира оладиган тўпурар ҳужумчи йўқ — Силва ҳам, Гонсалу Рамуш ҳам бу ролга тортмайди. Бошқа танлов йўқ, КриРо эса аллақачон 37 ёшда ва об-ҳаво иссиқ бўладиган Қатарда унга ротация талаб этилиши мумкин.
Қатардаги жаҳон чемпионати — Португалия термаси учун қатъий ҳаракатга ўтиш вақти келганини англатувчи турнир бўлади. Аллақачон Криштиану учун ўринбосар топиш ҳақида ўйлаш вақти келган. Янги етакчи ролини олишга ким тайёр? Бруну ва Бернардуни айтиш мумкин — аммо гол уриш уларнинг иши эмас. «Милан»нинг 23 ёшли форварди Рафаэл Леау қолмоқда, у қаторасига иккинчи мавсумда А серияда жуда яхши ўйин намойиш этмоқда. Ҳозирги жамоада Леау ҳужумнинг чап қанотида ҳаракатланади, худди Роналдунинг ёшлигидаги каби. тезлиги, техникаси, самарадорлиги ва атлетларга хос тана тузилиши туфайли ҳам Рафаэлда ёш Криш билан ўхшашликларни кўришмоқда. Умуман олганда, унда ўзини намоён этиш учун барча шароит юзага келган. Қатар Португалияда янги қаҳрамон топиладими йўқми, кўрсатиб беради.
Португалиянинг ЖЧ-2022 учун таркиби
Дарвозабонлар: Диогу Кошта («Порту»), Жозе Са («Вулверҳэмптон»), Руй Патрисиу («Рома»).
Ҳимоячилар: Диогу Далот («Манчестер Юнайтед»), Жоау Канселу, Рубен Диаш (иккиси — «Манчестер Сити»), Данилу Перейра, Нуну Мендеш (иккиси — «ПСЖ»), Пепе («Порту), Антониу Силва («Бенфика»), Рафаэл Геррейро («Боруссия» Дортмунд).
Яримҳимоячилар: Жоау Палинья («Фулҳэм»), Матеус Нуньеш, Рубен Невеш (иккиси — «Вулверҳэмптон»), Бернарду Силва («Манчестер Сити»), Бруну Фернандеш («Манчестер Юнайтед»), Жоау Мариу («Бенфика»), Отавиу Монтейру («Порту»), Витинья («ПСЖ»), Вильям Карвалью («Бетис»).
Ҳужумчилар: Криштиану Роналду («Манчестер Юнайтед»), Андре Силва («Лейпциг»), Гонсалу Рамос («Бенфика»), Жоау Фелиш («Атлептико), Рафаэл Леау («Милан»), Рикарду Орта («Брага»).
Мавзуга оид
15:10 / 01.05.2025
Роналду ва Месси бир кунда яримфинал ўйинларида ютқазди
14:09 / 24.03.2025
Роналду ноёб кўрсаткичга эришди
15:28 / 30.01.2025
Роналду: «Ўғлимга Мбаппе ёқади, у «Дада, Килиан сиздан яхшироқ» деди. Мен эса «Ким кўпроқ гол урган?» деб сўрадим»
11:06 / 14.12.2024