Жаҳон | 01:30 / 25.11.2022
11251
2 дақиқада ўқилади

Киевда аҳолини қисман кўчиришга тайёргарлик кўрилмоқда

Фото: Bild

Украина пойтахтининг баъзи аҳолиси энергетика инқирози туфайли шаҳар чеккасига, меҳрибонлик уйлари, қариялар уйларига жойлаштирилиши мумкин.

Аҳолининг айрим гуруҳлари қишлаш учун Киевдан олиб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Украина пойтахти мэри Виталий Кличко Германиянинг Bild нашрига берган интервюсида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу эвакуация эмас.

«Биз баъзи одамларни Киев чеккасига: меҳрибонлик уйлари, қариялар уйларига кўчириб ўтиш эҳтимолини кўриб чиқмоқдамиз. Буни эвакуация деб бўлмайди, лекин аҳолининг айрим гуруҳларини вақтинчалик кўчириш масаласини кўриб чиқяпмиз. Аммо ҳозир бу ҳақда гап йўқ. Лекин биз турли сценарийлар эҳтимолини инобатга олишимиз керак», деди у.

Кличко фуқароларни қишки пайтда электр таъминотидаги узилишларнинг «энг ёмон сценарийсига» тайёрланишга чақирди.

Шунингдек, Киев мэри Германияни Украинага гуманитар ёрдам кўрсатишга, мудофаа учун қуролдан ташқари генераторлар, иссиқ кийим ва бошқа зарур нарсалар билан таъминлашга чақирди.

23 ноябр куни Россия Украинанинг энергетика объектларига ракета зарбаларини берганидан сўнг, мамлакатда энергия таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар келиб чиқди. Ҳужумдан кейин Киев сув таъминотисиз қолди, пойтахтнинг кўплаб ҳудудлари электр энергиясидан узилди.

24 ноябр ҳолатига кўра, Киевдаги уй-жой фондининг 70 фоизи электр таъминотидан аварияли узилиш режимида, аммо шаҳарнинг барча туманларда сув таъминоти тикланган.

Мавзуга оид