Ўзбекистон | 14:00 / 25.11.2022
33307
2 дақиқада ўқилади

Нормат Турсунов Навоий вилояти ҳокими этиб тасдиқланди 

Навоий вилоятида вилоят ҳокимлигига номзод тақдимотидан сўнг вилоят кенгаши депутатлари унинг таклиф ва режаларини муҳокама қилди, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, сўнг Навоий вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Нормат Турсунов Навоий вилояти ҳокими этиб тасдиқланди. 

Сессия якунида президент Шавкат Мирзиёев халқ вакиллари томонидан юксак ишонч билдирилган Нормат Турсунов энди ўз фаолиятида адолат, садоқат, ҳалоллик ва фидойилик билан кўп йиллар Навоий вилояти аҳлига хизмат қилиши лозимлигини айтди. 

Янги ҳоким бугундан бошлаб ўз ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, фаоллар, тадбиркорлар ва ёшларни бирлаштириб, ҳар бир туман ва шаҳарни, қишлоқ ва маҳаллани ривожлантириш чораларини кўриши лозимлиги таъкидланди.

Нормат Турсунов 2021 йил ноябр ойида Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Ундан олдин - 2018 йил ёзидан буён Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келганди.

Н.Турсунов давлат солиқ хизмати тизимида фаолиятини 1994 йилда Тошкент шаҳар Акмал Икромов (ҳозирги Учтепа) тумани давлат солиқ инспекцияси инспектори вазифасидан бошлаб, кейинчалик турли раҳбар лавозимларида ишлаган.

Хусусан 2010-2017 йилларда Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари, биринчи ўринбосари, Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. 

2017 йил октябрь ойидан 2018 йил июнига қадар Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари вазифасида ишлаган.

Мавзуга оид