Россиялик ҳарбийлар Украина бўйлаб ракета зарбалари йўллашда давом этмоқда: Херсон шаҳри ҳарбий маъмурияти бошлиғи Галина Луговаянинг хабар қилишича, 24 ноябр куни Херсон 17 бор ўққа тутилган (областда жами ўн киши ҳалок бўлган; Киев ва Киев областида ҳужумлар туфайли шаҳарларнинг ярми электр таъминотисиз яшамоқда. РФ мудофаа вазирлиги Киев бўйлаб зарбалар берилганини рад этмоқда ва шаҳардаги вайронгарчиликларни украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими фаолияти билан боғламоқда. Киев расмийлари шаҳар аҳолисининг бир қисмини қишда шаҳардан ташқарига кўчириш бўйича сценарийни кўриб чиқмоқда.
Қуйида 24 ноябр, урушнинг 274-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.
Россияликлар зарбаси остидаги Херсон
Украинлар гранатомёти ўрнатилган багги
Украин ҳарбий хизматчилари Херсондаги олдинги чизиқда туриб россияликларнинг позицияларига ўт очмоқда. Херсон Украинада Россия армияси босқин бошидан буён эгаллаб олган ягона област маркази бўлганди. Шаҳар саккиз ойдан ошиқ вақт давомида Россия истилоси остида яшади. Энди Украина армияси навбатдаги қадамни ташлашга ҳозирлик кўрмоқда. Фотосуратларда — украин ҳарбийлари россияликлар позициясини баггидан — дашт ҳудудларида ҳаракатланиш учун мўлжалланган автомобилдан туриб ўққа тутмоқда. Улар СПГ-9 гранатомётлари билан жиҳозланган.
Киев шаҳри ва Киев областида навбатдаги зарба оқибатлари