Германия қийин аҳволда, японларда ҳаракири. Кун ўйинлари
Қатардаги жаҳон чемпионатининг саккизинчи кунидаги асосий воқеалар, голлар ва гуруҳларда юзага келган вазият.
Икки гранд Қатарда сифатли ўйин кўрсатишди, лекин ғолиб аниқланмади.
ЖЧ-2022. 2-тур. Е гуруҳи
Испания — Германия 1:1
Голлар: Мората (62) — Фуллкруг (83).
Испания – Симон, Карвахаль, Лапорт, Родри, Альба (Бальде, 82), Бускетс, Педри, Гави (Уильямс, 66), Ольмо, Асенсио (Коке, 66), Ферран Торрес (Мората, 54).
Германия – Нойер, Керер (Клостерманн, 70), Рюдигер, Зюле, Раум (Шлоттербек, 87), Гундўған (Сане, 70), Горетцка, Киммих, Мюллер (Фюллькруг, 70), Гнабри (Ҳофманн, 85), Мусиала.
Огоҳлантиришлар: Керер (37), Бускетс (44), Горетцка (58), Киммих (60).
Гуруҳ босқичининг асосий баҳси
2010 ва 2014 йилги жаҳон чемпионлари жанги бу чемпионат гуруҳ босқичидаги энг асосий ўйин бўлиши тайин эди. Турнирда бошқа бундай афишани топиб бўлмайди: Испаниянинг Германия билан ўйини — ҳам классика, ҳам замонавийлик.
Қуръа ташланганидан кейин кўпчилик бу жамоалар плей-оффга осонлик билан йўл олишини тахмин қилганди, чунки Япония ва Коста-Рика бу титанлар фонида митти жамоалар бўлиб кўринади. Аммо осиёликлар немисларни мағлуб этиб, дастлабки турда катта шов-шув кўтаришди, Испания эса костарикаликларни 7:0 ҳисобида мағлуб этиб, турнирнинг энг йирик ҳисобини қайд этди. Бу натижалар эса Испания ва Германия қарама-қаршилигида интригани янада кучайтирди.
Ҳанси Флик жамоаси бу ўйинда очко олиши шарт эди. Японларга қарши ўйиннинг иккинчи бўлимидаги сусткашлик реакция кўрсатишни талаб этарди. Ва бундестим мураббийлар штаби вазиятга тўғри ёндашди: бошланғич таркибда атиги икки ўзгариш амалга оширилди, аммо бунга қўшимча равишда уч футболчи позициясини ўзгартирди. Зюле ўзи кўниккан ҳимоя марказига қайтди, Гундўған «ўнлик» позициясига кўтарилди, Мюллер энг кучли даврларидаги каби ягона марказий форвардга айланди.
Прессинг ҳукмронлиги
Биринчи бўлим Флик нима учун бундай трансформацияга қўл урганини кўрсатди. Японияга қарши ўйинда немислар деярли прессинг уюштирмаганди — сабаби тўп асосан уларда бўлганди. Аввалги турда мингдан ортиқ узатма амалга оширган Испанияга қарши ўйинда эса машҳур немисча прессингни намойиш этиш талаб этиларди. Ва Мюллер Ҳаверцдан кўра яхшироқ босим уюштирди, рақибнинг заиф нуқталарини қидирди, жамоанинг ҳужум чизиғидаги бошқа вакиллари унинг ортидан эргашди. Германия биринчи бўлимда рақибнинг ҳар бир футболчисини ёпа олди ва бир неча бор уларни хато қилишга мажбур этди — бу ўринда Унаи Симоннинг даҳшатли пасини эслаш мумкин, бу вазиятда Гнабри ҳисобни очишига бир бахя қолди.
Аммо Германия билан барчаси тушунарли. Флик бошқарувидаги «Бавария» интизомли прессинг эвазига ҳам Европани забт этганди ва миллий жамоа бу моделни муваффақиятли ўзлаштирган. Испаниянинг тўпсиз ҳолатдаги тажовузкор ўйини эса — кўп жиҳатдан сюрприз бўлди. Коста-Рика билан ўйинда юқори босим ўтказиш керак бўлган рақибнинг ўзи йўқ эди, аммо бу ўйинда Луис Энрике немисларни кучли прессинг билан ҳайрон қолдирди. Унинг схемаси бироз бошқачароқ, аммо моҳият ўзгармайди, натижада — Германия термаси ҳимоячилари тез-тез ноаниқ узатмалар бера бошлади, бир сафар эса Нойер тўпни Ольмонинг оёғига аниқ ташлаб берди.
Моратанинг чиқиши
Вазиятлар етарлича бўлди. Ольмо 7-дақиқада чиройли зарба берганди, аммо немислар сардори тўпни тўсин остидан олиб чиқди. Альбанинг ўнг оёқда йўллаган зарбаси ҳам ёмон чиқмади, иккинчи дарвоза атрофида эса Гнабри фаол бўлди. Рюдигер эса тўпни дарвозага жойлашга ва голни нишонлашга ҳам улгурди, аммо бу гол офсайд туфайли бекор қилинди.
Танаффусга қадар таблода бу сафарги жаҳон чемпионати учун одатий бўлган ноллар ёниб турди, аммо бу ўйин барибир бошқа кўп ўйинлардан бир муҳим жиҳати — сифатли экани билан ажралиб турди. Ўйин суръати юқори эди, шу туфайли голлар ҳам келиши муқаррар эди.
Бу голлар урилиши учун мураббийлар ўйинчиларни алмаштириши кифоя бўлди. Луис Энрике биринчи бўлиб юриш қилди: Мората Коста-Рика билан ўйиндаги каби иккинчи бўлим бошларида майдонда пайдо бўлди ва бу сафар ҳам гол урди. «Атлетико» форварди учун классик гол: жарима майдонида очилиш, ҳимоячини ортда қолдириш ва тўпни бўш дарвоза сари йўналтириш. Бу голда Бускетснинг хизматини ҳам эътироф этиш керак — айнан у чап томонга кесиб ўтувчи паси билан гол ўйлаб топди.
Мантиқий дуранг
Флик ўйинчи алмаштиришни 70-дақиқаларга қадар кечиктирди, аммо футболчи туширишда аниқ ҳаракат қилди. Сане ҳам, Клостерманн ҳам қанотларда ўйинни жонлантирди, Фюллькруг эса ҳисобни тенглаштирувчи голни урди. «Вердер» ҳужумчиси — бундестим сафидаги энг ноунейм футболчи, лекин у жамоадаги икки классик марказий форварддан бири (иккинчиси 18 ёшли Мукоко). Айнан Фюллькруг Мусиаланинг пасидан кейин ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди — бу жуда «эскича» услубдаги гол бўлиши мумкин, аммо Германия учун жуда муҳим гол бўлди.
Испания финишда янада қийналди. Қўшимча дақиқалар давом этаётганда Сане чап қанотда тезлик олиб, жарима майдонига ёриб кирди ва гол уриши мумкин эди. Аммо у дарвозабонни ҳам алдаб ўтишга қарор қилди ва тўпни узоқлаштириб юборди, ҳисоб ўзгармай қолди, 1:1 — лекин бу майдондаги воқеаларга мос ҳисоб.
Германия гуруҳда охирги ўринда қолмоқда, лекин жамоа Коста-Рика билан баҳсда икки гол фарқи билан ғалаба қозониб, плей-оффга чиқиши мумкин, бунинг учун Испания Японияга мағлуб бўлмаслиги талаб этилади. Луис Энрике шогирдлари эса тўрт очко ва +7 кўринишидаги тўплар нисбати билан анча хотиржам тортиши мумкин.
Коста-Рика Испания билан ўйиндаги 0:7 ҳисобидан синиб қолмади. Японияни мағлуб этди ва плей-офф учун имконият сақлаб қолинди
ЖЧ-2022. 2-тур. Е гуруҳи
Япония — Коста-Рика 0:1
Гол: Фуллер (81).
Япония – Гонда, Ямане (Митома, 62), Йошида, Итакура, Нагатомо (Ито, 46), Эндо, Камада, Морита, Доан (Ито, 67), Сома (Минамино, 82), Уэда (Асано, 46).
Коста-Рика – Навас, Фуллер, Дуарте, Уостон, Кальво, Овьедо, Борхес (Салас, 89), Техеда, Торрес (Агилера, 65), Кэмпбелл (Чакон, 90+5), Контрерас (Беннетте, 65).
Огоҳлантиришлар: Контрерас (41), Ямане (44), Борхес (61), Кальво (70), Итакура (84), Эндо (90+3).
Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган жамоаларнинг кўпчилигида қандайдир тамға бўлади. Масалан, жаҳон чемпионлари тавқи лаънати бор: ЖЧ-2010 турниридан буён уч мундиалда амалдаги чемпионлар гуруҳдан чиқа олмаган. Ёки Мексика термасини олайлик, улар қаторасига етти мундиалда плей-оффга чиқишган, аммо 1/8 финалдан уёғига ўта олишмаган.
Япониянинг ҳам ўз тарихи бор. Улар қаторасига еттинчи жаҳон чемпионатига ташриф буюришди, шу турниргача уларда бир анъана бор: улар бир турнирда плей-оффга чиқса, кейингисида гуруҳда қолиб кетишади. Бу давомийликка кўра, ЖЧ-2022 турнири японлар учун гуруҳ босқичида якунланиши керак. Қуръада Испания ва Германия рақиб бўлганидан кейин, воқеаларнинг бундай эҳтимолий ривожи максимал даражада реаллашди.
Аммо ЖЧ-2022 ҳар қандай статистик қонунийликни чиппакка чиқармоқда. Франция амалдаги жаҳон чемпионлари тавқи лаънатини енгиб ўтди ва икки ўйиндан кейиноқ плей-офф масаласини ҳал қилди. Мексиканинг эса гуруҳда қолиб кетиш эҳтимоли юқори — мунтазам 1/8 финалга чиқиш анъанаси шу сафар тўхташи мумкин. Япония эса биринчи турда Германияни мағлуб этиб, ўз анъанаси давом этиши учун катта қадам ташлаганди.
Аммо ўзига ишонган фаворит мақомида майдонга чиқиш (таркибнинг ярми бундеслигада ўйнайди) бошқа, андердог мақомида ўйнаш — бошқа гап. Агар биринчи турда немисларда қотиллик инстинкти уйғонганида, улар иккинчи голни ҳам урган ва ўйин 2:0 ҳисобида якунланган бўларди — барча қандай бўлиши керак бўлса, шундай бўлганини айтарди. Аммо плей-оффга чиқиш учун реал имконият туғилганида ва бунинг учун биринчи турда 0:7 ҳисобида мағлубиятга учраган жамоани енгиш талаб этилганида — бутунлай бошқача психологик ҳолат бўлади.
Япония доминант футбол ўйнай олмайди ва қуйи блокдаги ҳимояни ёриб ўта олмайди дейиш қийин. Осиё миқёсида улар топ-жамоа, қитъа доирасидаги ўйинларда улар доимий равишда шундай вазифаларни бажаришига тўғри келади. Аммо японлар Коста-Риканинг зич ҳимоясини 5-4-1 схемаси орқали ёриб ўтишга уриниши муваффақиятсиз танлов эди. Натижада биринчи бўлимда икки жамоа ҳам дарвоза соҳасига бирорта аниқ зарба йўлламади, xG бўйича 0,01 га қарши 0 — бу вазиятни яққол ифодаловчи статистика.
Костарикаликларни нимададир айблаш қийин. «Тикос» мундиалга қайта қуриш жараёни кетаётган ҳолатда етиб келди. Бир томонда 2014 йилги жаҳон чемпионатида мухлислар меҳрини қозонган Кейлор Навас, Брайан Руис, Жоэл Кэмпбелл авлоди, улар 30 ёшдан ошган. Бошқа томонда — «Сандерленд»да ўйнаётган 18 ёшли Жуисон Беннетт каби ёшлар, ушбу футболчи Испанияга қарши бошланғич таркибда ўйнаган ва ҳали хомлиги билиниб қолганди. Бош мураббий Луис Суареснинг терма жамоадаги 15 ойлик фаолияти давомида 22 футболчи дебют қилгани бежиз эмас, умуман, бу муддатда жамоа йиғинларига 77 (!) футболчи жалб этилган.
Аммо «Тикос»нинг ҳозирги варианти ҳам сабр қилиш ва кутишни билади. Коста-Рика Япония ўзи тақдим этган совғадан фойдаланди: тўпни узоқлаштиришдаги муваффақиятсиз ҳаракат, тўпни эгаллаб, бўйсундириш ва зарба беришдаги маҳорат, дарвозабон Суичи Гонданинг хатоси, Германия билан ўйинда халоскорга айланган бу дарвозабон бу сафар шунчаки «жойида қотиб қолди». Лотин Америка вакиллари бутун ўйин давомида ҳимояда матонат билан туришди, кейин керакли вақтда биргина зарба билан ўйинни ҳал қилишди.
Бу ғалабада жамоа сафидаги юқори савияли дарвозабон Навас борлиги ҳам муҳим бўлди. У бу ўйинда кўп бўлмаса ҳам, керак вақтда қутқарди, Такуми Минаминонинг яқин масофадан берган зарбасини тўсди.
Биринчи бўлимда 0:7 ҳисобида мағлуб бўлган Коста-Рика ўша ўйинда дарвоза сари бирорта ҳам зарба бермаган ва xG бўйича нол кўрсаткичини қайд этганди, Япония билан ўйинда эса бир зарба берилди ва xG бўйича кўрсаткич 0,11 кўринишига ўсди. Шунга қарамай, ғалабага эришилди ва плей-оффга чиқиш учун имкон сақлаб қолинди.
Марокашликлар мадҳия ижросидан кейин дарвозабонни алмаштирди. Иккинчи дарвозабон ажойиб ўйин кўрсатди, Бельгияни Куртуанинг хатоси кўмди. Белгияликлар плей-оффдан қуруқ қолиши мумкин
ЖЧ-2022. 2-тур. F гуруҳи
Бельгия — Марокаш 0:2
Голлар: Собири (73), Абуҳилол (90+2).
Бельгия – Куртуа, Менье (Лукаку, 81), Вертонген, Алдервейрелд, Кастань, Витцель, де Брюйне, Т.Азар (Троссар, 74), Онана (Тилеманс, 60), Э.Азар (Мертенс, 61), Батшуайи (де Кетеларе, 75).
Марокаш – Муҳаммади, Ҳакими (Аттийяталла, 68), Саисс, Агерд, Мазрауи, Амрабат, Амалла (Сабири, 68), Унаи (Ал Ямик, 78), Зиёш, Буфаль (Абуҳилол, 73), Ан-Носири (Амдалла, 73).
Огоҳлантиришлар: Онана (29), Сабири (90+5).
Белгия стартдаёқ ҳафсалани пир қилганди. Канадага қарши ўйинда энг яхши футболчи сифатида тан олинган Де Брюйне ҳам ҳайрон бўлган: уни нега мукофотлашди? У ўйиндан кейин жамоасини танқид қилди: «Яхши ўйин ўтказдик деб ўйламайман, аммо ғалаба қозонишни уддаладик».
Канадага қарши ўйин давомида Роберто Мартинес айрим юришларни амалга оширди — ҳам кадрлар бўйича, ҳам тактикада ўзгартириш қилинди — бу ўзгаришлар марокашликларга қарши ўйинга ҳам кўчди. Гап Тилеманснинг Онанага алмаштирилиши ва тўрт ҳимоячидан иборат схемага ўтилиши ҳақида бормоқда. Торган Азар илк дақиқаларданоқ ҳаракат қилиши ҳам яққол кўзга ташланади, ака-ука Азарлар қисқа илк дақиқаларда Батшуайи учун голли вазият яратиб беришди.
«Атлас шерлари» дарвозабони тезкор голга йўл қўймади, лекин бу чигалёзди машқлари ўтказишга улгурган ва давлат мадҳияси ижро этилганида сафда бўлган Буну эмас, Мунир бўлди. Асосий дарвозабон ўзини ёмон ҳис қилди ва алмаштириш сўради. Шу туфайли ўйин бошланишидан олдинги умумий фотода «Севилья» посбони ўрнини унинг ўринбосари эгаллади.
Биринчи бўлим танаффусигача асосий мавзу дарвозабонлар мавзуси бўлди. Марокашликларда бу старт арафасидаги рокировка эди. Бельгияда эса дарвоза тўри ишғол этилишида Куртуанинг айби бор-йўқлиги муҳокама қилинди. Аммо VAR сигнали ва бош ҳакамнинг мониторга бориши билан мавзу ёпилди, африкаликлар сардори Саисс Зиёш жарима зарбаси ижро этган вақтда офсайдда бўлгани ойдинлашди. Бу ўринда у тўпга тегмагани аҳамиятсиз. У Куртуанинг йўлини тўсган деб топилди.
Айтиш мумкинки, Бельгия биринчи ўйиндагига қараганда яхшироқ кўринди. Аммо бу рақибнинг қаршилик даражаси билан изоҳланади, марокашликлар очиқ футбол намойиш этди ва «қизил иблислар»га канадаликлар даражасида қаршилик кўрсатмади.
Ўйиннинг иккинчи бўлими ҳам дарвозабонлик масаласида долзарб бўлди. Мунир чинакамига яхши ҳаракат қилди. У Эден Азарнинг яқин бурчакка йўллаган хавфли зарбасини тўсди, кейин эса ўйинга фаол қўшилган Мертенс гол уришига йўл қўймади. Куртуа эса биринчи бўлимдан сабоқ чиқармагани маълум бўлди. Аввалига Буфал финти билан Меньени доғда қолдириб, зарба берди, аммо тўп узоқ бурчакка бориб тушмади, иккинчи бўлимда майдонга тушган Собири эса Зиёшнинг зарбасини такрорлади. У стандарт вазиятни ижро этувчи 100 кишидан 99 киши узатма берадиган ҳолатда тўпни тўғри дарвозага тепди ва бу турнирда жарима зарбасидан гол урган илк футболчига айланди.
What a whip from Abdelhamid Sabiri! 💫🇲🇦#LetItFly with @QatarAirways. pic.twitter.com/33U7AQJ5Bv
— FIFA World Cup (@FIFAWorldCup) November 28, 2022
Куртуа ҳам узатма берилишини кутганди ва у яқин бурчагидан тўп олиб чиққач, Мартинес шошилинч чоралар кўришга киришди ва Лукакуни захира ўриндиғидан турғизди. Мураббий ушбу форвард графикдагидан кўра тезроқ тикланаётганини айтганди, лекин барибир уни учинчи турдан олдин майдонга ташлашни мўлжалламаётганди. Ҳаёт эса режаларни ўзгартиришга мажбур қилди ва бу қутқарув амалиёти иш бериши ҳам мумкин эди, аммо Вертонгеннинг маккорона зарбаси голга айланмади. Футболчилар томонидан олди тўсиб қўйилган Мунир бу вазиятда қутқариши даргумон эди, аммо тўп дарвозага киришни истамади.
Бельгия бундан ортиғига эриша олмади. Канадаликларга қарши ўйинда очиқчасига уларнинг омади келганди, якшанба кунги ўйин эса — мантиқнинг ғалабаси бўлди. Белгиянинг «олтин авлоди» кексайиб, кучсизланганини ўйин охирида Зиёш ижросидаги соло ҳам тасдиқлади.
У бир неча ой муқаддам Африка Кубогига заявка қилинмаган ва терма жамоадаги фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилганди. Аммо август ойида Ваҳид Халихожич истеъфога чиқарилгач, у билан зиддиятга борган яримҳимоячи ҳамда «Бавария» ҳимоячиси Мазравийда барчаси ўзгарди. Юлдузли футболчилар қайтишди, энди «Атлас шерлари» жаҳон чемпионати плей-оффига чиқишга интилмоқда. Бельгия учун эса барчаси Хорватия билан ўйинда якун топиши мумкин.
Хорватия мухлислар ёқимтойига айланган жамоани йўлдан олиб ташлади. Сўнгги турда Бельгия билан плей-офф йўлланмаси учун қирпичоқ бўлади
ЖЧ-2022. 2-тур. F гуруҳи
Хорватия — Марокаш 4:1
Голлар: Крамарич (36, 70), Ливайя (44), Маер (90+4) — Дэвис (2).
Хорватия – Ливакович, Юранович, Ловрен, Гвардиол, Соса, Модрич (Пашалич, 86), Ковачич (Маер, 86), Брозович, Перишич (Оршич, 86), Крамарич (Влашич, 73), Ливая (Петкович, 60).
Канада – Борян, Жонстон, Витория, Миллер, Ларейя (Ҳойлетт, 62), Ҳатчинсон (Адекугбе, 73), Эуштакиу (Коне, 46), Бьюкенен, Ларин (Осорио, 46), Дэвид (Каваллини, 72), Дэвис.
Огоҳлантиришлар: Бьюкенен (52), Ловрен (56), Модрич (85), Миллер (85).
Жаҳон чемпионати стартидан олдин F гуруҳидаги вазият максимал даражада интригали кўринганди: Европанинг икки юқори савияли жамоаси, таркибидаги футболчилар ёши ўтиб бораётган бўлса-да, фаворитлар сифатида қаралган, уларга яхши салоҳиятга эга икки қизиқарли жамоа кучли рақобат кўрсатиши кутилганди. Марокаш буни таъминлади, бу биринчи навбатда кучли ижрочилар (Ашраф Ҳакими ва Ҳаким Зиёш) ва қатор жисмонан бақувват футболчилар борлиги билан ҳам боғлиқ. Канада эса кўпчилик учун нотаниш ва сўнгги йиллардаги ўсиши билан тилга тушган сирли тойчоқ мақомида эди.
Шунга қарамай, Бельгия ва Хорватия устунликка эга бўлиши керак эди. Тайёргарлик кўриш учун етарли вақт бўлмаган шароитда, мантиқан улкан тажриба ва ўзаро ўйнаш амалиёти ўз сўзини айтиши кутилганди — бу икки жамоа ҳам деярли ўзгармас таркибда кўп йиллардан буён ўйнаб келади.
Биринчи тур эса бундай куч тақсимотига шубҳа пайдо қилди — Бельгия ва Хорватия ўйини жуда оғир кўринди, «қизил иблислар» уч очкога эга чиққан бўлса-да, канадаликларга қарши ўйинда уларнинг омади чопди. Белгияликларга иккинчи ўйин осонроқ бўлиши ҳақидаги тахминлар ҳам амалга ошмади — Кевин Де Брюйне ва компания Марокашга қарши ҳам кучли ўйин намойиш эта олмади.
Хорватия эса иккинчи ўйинда ишончни оқлади, гарчи Канадага қарши ўйиннинг дастлабки ярим соатида вазият жуда ачинарли эди. «Шашкачилар»да Марсело Брозович жароҳат олгани ва Матео Ковачич яхши спорт формасида эмаслиги билиниб қолмоқда. Брозович сентябр ойида айнан терма жамоа сафида жароҳат олган ва икки ой ўйнамади, Ковачич эса «Челси» билан ёмон даврларни бошдан кечирмоқда. Уларнинг иккисида ҳам барчаси жойида бўлганида, майдон марказида Хорватияда уйғунлик кузатилган бўларди: Брозович тўпга эгалик қилишда муҳим футболчи, Ковачич дриблинглари билан тўпни олдинги чизиққа олиб боради, Лука Модрич эса жамоага дирижёрлик қилади.
Аммо бу ўйинда барибир захира ўриндиғи кенглиги ва тажриба Хорватия устунлигини таъминлади. Европаликларнинг илк голини Иван Перишич ва Андрей Крамарич ташкиллаштиришди. Иккинчи голни А Сериядаги ишлари у қадар юришмаган ва ички чемпионатда жавлон ураётган Марко Ливайя урди.
Шимолий америкаликлар Бельгияга қарши ўйинда ажойиб таассурот қолдиришганди — тажовузкор ўйин кўрсатишган ва фаоллик билан прессинг ва қарши прессинглар амалга оширишган — улар Хорватияга қарши ўйинни ҳам шундай услубда бошлашди. Гарчи Альфонсо Дэвиснинг голи максимал даражада оддий урилган бўлса ҳам: дарвозабон тўпни марказий доира атрофига узатиб бериши, тўп қанотга ташлаб берилиши, қанот бўйлаб олдинга чопиш, жарима майдонига узатма, якуний аниқ зарба. Канада тезкор гол ургач, ҳимояда ўтиришни истамади ва мухлислар учун ўйнашда давом этди, лекин ҳимоя ярим соатдан ортиқ бардош бера олмади.
Бундан буёғига хорватлар савияси ва тажрибаси ўз сўзини айтди, улар ақл билан ўйин бориши ва тўпни назорат қилишди, баъзида суръатни ошириб, ташаббусни қўлга олишди, ўрни келганда пауза қилишди. Натижада ҳисоб ўйинга мос бўлмаган кўриниш олди - 4:1.
Энди Хорватияни Бельгияга қарши плей-оффга чиқиш учун ўтиш ўйини кутмоқда ва бу ўйинда Златко Далич жамоасини дуранг натижа ҳам қониқтиради.
Канада эса ҳар бир турнирда бўладиган классик андердог-ёқимтой вазифасини бажармоқда. Уларда эҳтирос ва истак бор, мухлисларга шундай жамоа ўйини ёқади. Аммо бундай жамоалар тақдири одатда бирдек кечади — улар турнирни барвақт тарк этишади. Шимолий америкаликлар Қатардан кейин 1/8 финалга чиқиш имкониятини йўқотган иккинчи жамоа бўлди. Аммо олдинда уларни уйда ўтадиган ЖЧ-2026 кутмоқда, ўша турнирда Альфонсо Дэвис, Жонатан Дэвид ва Тэджон Бьюкенен энг гуллаган даврида бўлади ва улар Европа топ-клубларида тўпланган тажрибани қўллашади.
Мавзуга оид
17:09 / 26.08.2024
«Танам бошимдан юрагим қадар дарз кетди». Нойернинг хайрлашув мактуби
15:50 / 18.07.2024
Месси билан суратга тушишни истамаган бола, фаррошнинг ўғли ва ноодатий оёқлар. Европанинг янги чемпионлари ҳақида қизиқарли фактлар
11:34 / 15.07.2024
Испания — мутлақ чемпион! Еврода энг муносиб жамоа ғолиб чиқди
20:54 / 14.07.2024