Ўзбекистон | 13:28 / 30.11.2022
46426
3 дақиқада ўқилади

Лола Қаллиханова: «Биз жуда жиддий хато қилдик! Мамлакатимизга тош отдик...»

Лола Қаллиханова Нукусдаги тартибсизликларнинг асосий ташкилотчиси Даулетмурат Тажимуратовнинг алдовига учганини айтиб ўтди.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш давом этмоқда.

Олий суд матбуот хизмати хабар қилишича, суд тергови давомида сўроқ қилинган судланувчи Лола Қаллиханова ўз кўрсатмаларида айбига тўлиқ иқрорлигини ва қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган.

«У судланувчи Д. Тажимуратовнинг Нукус шаҳрида митинг ўтказиш ҳақида Жўқорғи Кенгес раиси номига ариза қолдирганлиги тўғрисидаги хабарига алданиб, унинг ушбу гапларига ишониб қолганлиги, шу сабабли ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида билдириш ҳамда видеороликлар чиқарганлиги, лекин ушбу ҳолатлар аҳолининг бу даражада кўтарилиб кетишига сабаб бўлишини билмаганлиги, Д. Тажимуратовнинг алдовига учганлиги, ушбу қилмиши оқибатида одамлар вафот этганлиги, уларнинг ўлимида эса ўзини ҳам айбдор деб билишини, шу сабабли ўзини кечирмаслигини, ўзига қўйилган барча айбловларни тўлиқ тан олишини билдирди», дейилади хабарда.

Суд жараёнида иштирок этаётган депутат, мустақил комиссия аъзоси Алишер Қодиров судланувчи Қаллиханова жуда таъсирчан гапиргани, тартибсизликларда вафот этган ҳар бир инсонни виждонига юк сифатида қабул қилганини, буни ҳеч қандай қамоқ жазоси кетказа олмаслигини айтиб йиғлаб юборганини ёзади.

«Биз жуда жиддий хато қилдик! Мамлакатимизга тош отдик, мамлакатимиз эса бизга уч маҳал иссиқ овқат бериб, иссиқ-совуғимизни ўлчаб ўтирибди. Жудаям пушаймонман…» дея судланувчининг сўзларини келтиради у.

  • Эслатиб ўтамиз, 1989 йилда туғилган, Makan интернет-нашри маъмури бўлган Лола Қаллиханова Нукус воқеалари вақтида Даулетмурат Тажимуратов томонидан тузилган уюшган гуруҳга бирлашиб, ижтимоий тармоқлар орқали сепаратизм (айирмачилик) ғоялари билан йўғрилган, аҳолини оммавий тартибсизликка даъват қилувчи материалларни тарқатиб келганликда (Жиноят кодексининг 28,104-моддаси, 159-моддаси, 244- ва 244-1-моддасида кўрсатилган жиноятлар) айбланмоқда.
  • Маълумот учун, Қаллиханова 2021 йил июлида президент томонидан «Шуҳрат» медали билан мукофотланганди.

Мавзуга оид