Германия ва Норвегия: НАТО сувости қувурларини ҳимоя қилиши керак
Германия канцлери Олаф Шольц ва Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре НАТОни сувости қувурлари ва алоқа кабелларини ҳимоя қилишга чақирди. Альянс бош котиби Йенс Столтенберг бу ташаббусни маъқуллади.
Германия канцлери ва Норвегия бош вазири НАТОни махсус мувофиқлаштирувчи тузилма яратиш орқали сувости қувурлари ва алоқа кабелларини ҳимоя қилишга чақирди. Олаф Шольц ва Йонас Гар Стёре Берлин хавфсизлик конференцияси арафасида Германия пойтахтида бўлиб ўтган икки томонлама учрашув якунлари бўйича шундай баёнот беришди.
«Қувурлар, телефон ва интернет кабеллари давлатларимиз учун муҳим алоқа воситалари бўлиб, уларнинг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурларига яқинда қилинган ҳужумлар бу соҳада қанчалик катта хавф борлигини кўрсатди», - деди Шольц.
Конференция учун Берлинга келган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам бу ташаббусни олқишлади. «Биз яқинда «Шимолий оқим» саботажи ортидан хавфсизлик чораларимизни кучайтирдик ва денгиз инфратузилмамиз келажакдаги ҳужумлардан ҳимояланганлигига ишонч ҳосил қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш жуда муҳим», деди у.
Йонас Гар Стёре Норвегия газ экспортидан тушган даромаднинг бир қисмини Украина ва глобал энергетика инқирозидан азият чеккан бошқа мамлакатларга ёрдам бериш учун ишлатишига ваъда берди. Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги ҳам энергия нархининг ошишига олиб келди ва бу Норвегияга қўшимча фойда келтирди.
Олаф Шольц, ўз навбатида, Норвегияга Россиядан етказиб бериш ҳажмининг қисқаришини қоплаш учун Германияга газ етказиб беришни 10 фоизга оширгани учун миннатдорчилик билдирди. Германия канцлери, шунингдек, унинг мамлакати Европа эркинликларини, жумладан, ҳарбий йўл билан ҳимоя қилиш бўйича етакчилардан бири бўлишда давом этишини айтди.
«Ҳеч бир тажовузкор бизнинг ҳар бир иттифоқчимизни ва иттифоқ ҳудудининг ҳар бир қаричини қўлимиздаги барча кучлар билан ҳимоя қилишга қатъий қарор қилганимизга шубҳа қилмаслиги керак», деб таъкидлади Шольц.
Мавзуга оид
01:18
Россиялик ўқитувчилар «НАТОдан ҳимояланиш учун» фолгадан қалпоқлар ясади
10:09 / 09.11.2024
IISS: Европадаги НАТО давлатлари АҚШга таянишда давом этмоқда
07:47 / 09.11.2024
КХДРнинг урушдаги иштироки: НАТО Украинага янги ёрдам ваъда қилмоқда
17:30 / 04.11.2024