Ўзбекистон | 07:29 / 02.12.2022
5123
2 дақиқада ўқилади

Корея Гулистон шаҳрида «ақлли шаҳар» барпо этишни режалаштиряпти

«Корея-Ўзбекистон» бизнес ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Ким Чанг Кеон бошчилигидаги кореялик ишбилармон доиралар вакилларидан иборат делегация Сирдарё вилоятига борди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Делегация вакиллари Гулистон шаҳридаги «Тадбиркорлар ва ҳунармандлар» марказида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмал Маҳмудалиев билан учрашди. Мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорлик алоқалари истиқболлари борасида фикр алмашилди. Томонлар ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши, таълим, фавқулодда вазиятлар билан курашиш, вилоятда Жанубий Корея стандартлари асосидаги шаҳарсозлик нормаларини жорий этиш борасида амалий натижаларга эришилаётгани қайд этилди.

Учрашув Жанубий Корея билан ҳамкорликда вилоятда шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва мактабгача таълим соҳасида бошланган музокараларни давом эттириш учун қулай имконият яратди. Мулоқот давомида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Тез орада Гулистон шаҳрида қатор афзалликларга эга, қиймати 50 миллион долларга тенг бўлган «ақлли шаҳар» барпо этишга киришилади. 

EduLink Global компанияси томонидан Guliston New City лойиҳаси доирасида Жанубий Корея тажрибаси асосидаги мактабгача таълим муассасаси қурилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Мавзуга оид