Спорт | 00:54 / 03.12.2022
25639
2 дақиқада ўқилади

Туркиялик шарҳловчи ЖЧ-2022 ўйини танаффусида эфирдан четлатилди

Шарҳловчи мухолифатга алоқадор бўлган собиқ футболчи исмини тилга олгани учун жазоланган.

Фото: Getty Images

Туркия телевидениеси шарҳловчиси Алпер Бақиржигил ЖЧ-2022 гуруҳ босқичидан ўрин олган Канада - Марокаш ўйини танаффус вақтида эфирдан четлатилди.

Телекомпания раҳбариятининг бундай қарорга келишига шарҳловчи томонидан жонли эфирда жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг эрта гол муаллифи Ҳоқон Шукур номини тилга олгани сабаб бўлган.

«Ўйин тезкор гол билан бошланди. Аммо айтиш жоизки, жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг тезкор голни Жанубий Кореяга қарши ўйиннинг 11-сониясида Ҳоқон Шукур урган эди», деган Бақиржигил.

2002 йилги жаҳон чемпионатида Туркия миллий жамоаси ҳужумчиси Ҳоқон Шукур 11-сониядаёқ Жанубий Корея дарвозасини ишғол қилиб, энг тезкор гол бўйича рекорд ўрнатган эди. Футболчи фаолиятини якунлаганидан кейин сиёсат билан шуғулланди ва 2015 йилда радикал мухолифат билан алоқадорликда айбланди. Шундан сўнг, Шукур 2016 йилда Қўшма Штатларга кўчиб ўтди ва ҳозирда такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаяпти.

Бақиржигил эфирдан четлатилгач, иккинчи бўлимда унинг ўрнини Жунайт Қирон эгаллади. Бу ҳодиса ижтимоий тармоқларнинг турк сегментида кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Кейинчалик, Бақиржигил ишдан бўшатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ, телекомпания буни рад қилиб, у билан тушунтириш ишлари олиб борилганини маълум қилди.

Мавзуга оид