Жаҳон | 15:37 / 04.12.2022
19619
2 дақиқада ўқилади

Эрондаги намойишлар ортидан ахлоқ полицияси тугатилди

Эронда норозилик намойишлари фонида ҳукумат ён беришга мажбур бўлди ва ахлоқ полицияси тугатилди.

Фото: vox.com

Эрон ҳукумати ахлоқ полициясини тугатиш тўғрисида қарор чиқарган. Бу ҳақда турли араб нашрлари мамлакат бош прокуратурасига таяниб хабар берган.

«Эроннинг бош прокуратураси ахлоқ полициясини тугатиш ҳақида маълумот тарқатган», — дея хабар берган инглиз тилида юритиладиган Arab News портали.

Эрон бош прокурори Муҳаммад Жаъфар Мунтазирийнинг сўзларига кўра, «Ахлоқ полицияси тугатилишига сабаб унинг Ислом республикаси ҳуқуқни қўллаш тизимига мутлақо алоқаси йўқлигидир».

Аввалроқ Эрон адлия органлари аёлларнинг ҳижоб кийиб юриши мажбурийлигига доир қоидаларга ўзгартириш киритиш имкониятини ўрганиб чиқаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Мамлакатда сентябр ойида 22 ёшли курд аёли Маҳса Аминийнинг ўлими туфайли норозилик намойишлари давом этаётганди. Ўшанда «ахлоқ полицияси» Маҳсани ҳижобни нотўғри ўрагани учун Теҳрон метро бекатларидан бирида ушлаб, полиция участкасига олиб бориб калтаклагани туфайли вафот этгани айтилади.

Эрон ҳукумати расмий маълумотларига кўра, норозилик намойишлари чоғида 200 дан ошиқ киши вафот этган.

Мавзуга оид