Спорт | 12:51 / 04.12.2022
30475
14 дақиқада ўқилади

Месси орзуга яқинлашмоқда. Нимчорак финалнинг илк ўйинлари ҳақида

Қатардаги жаҳон чемпионатининг ўн тўртинчи кунидаги асосий воқеалар.

Фото: AFP

Аргентиналиклар чоракфиналга чиқишди ва Нидерландия билан ўйнашади.

ЖЧ-2022. 1/8 финал
Аргентина — Австралия 2:1
Голлар:
Месси (35), Альварес (57) — Фернандес (77, автогол).
Аргентина – Эмилиано Мартинес, Молина (Монтьель, 80), Отаменди, Ромеро, Акунья (Тальяфико, 72), Де Пауль, Мак Аллистер (Паласиос, 80), Фернандес, Гомес (Лисандро Мартинес, 50), Месси, Альварес (Лаутаро Мартинес, 71).
Австралия – Райан, Дегенек (Карачич, 72), Суттар, Роулз, Бехич, Макгри (Гудвин, 58), Муй, Баккус (Хрустич, 58), Ирвайн, Лекки (Куол, 72), Дьюк (Макларен, 72).
Огоҳлантиришлар: Ирвайн (15), Дегенек (38).

Марадонага қарши ўйнаган Арнолд

Корея Португалияни мағлуб этди. Япония — немислар ва испанларни... Хоҳишга кўра бундай рўйхатни давом эттириш мумкин, шундай экан Австралия бош мураббийи Грэм Арнолд плей-офф стартидан олдин истаганча гапириши мумкин эди. Чунки гуруҳдан чиқиш вазифаси уддалангач, ҳеч ким уни ҳеч қандай гап учун айбламайди.

«Албатта, биз Аргентинани енгишимиз мумкин. Ўтган йили мен олимпия жамоасини бошқарганман, ўшанда биз аргентиналикларни 2:0 ҳисобида енггандик. Бу сариқ футболкадагиларнинг оқ-ҳаворанг футболкадагиларга қарши ўйини, 11 кишига қарши 11 киши», — деди Арнолд Австралия телевидениеси жонли эфирида.

Аммо, 2006 йилги жаҳон чемпионатида Гуус Ҳиддинкнинг ёрдамчиси бўлган мутахассис катта гапиргани йўқ. У жаҳон чемпионатида Мессига қарши ўйнаш орзуси ушалганини айтди. Қатардаги турнирга қадар ҳеч ким австралияликлар гуруҳда бирор ўйинда ғалабага эришишига ишонмагани ва бундай рақибларга қарши ўйинда келадиган илҳом ҳақида гапирди. Арнолд нима ҳақида гапираётганини билади, чунки у 29 йил муқаддам 1994 йилги жаҳон чемпионати учун қитъалараро ўтиш баҳсида Диего Марадона етакчилигидаги аргентиналикларга қарши ўйнаганди. «Альбиселесте» таркибида ўшанда ҳозирги Аргентина таркибидаги футболчилардан бирининг отаси — Карлос Макаллистер ҳам ўйнаган.

Бироқ Аргентина бу турнирда бошқа мағлубиятга учрамоқчи эмас. Жанубий америкаликлар яримҳимоячиси Де Паул ҳатто Саудия Арабистонидан учралган мағлубият маълум маънода фойдали бўлганини айтди. Шунингдек, иккинчи ғалаба узоқ кутилган хотиржамликни келтирганини таъкидлади. Жамоада ички муҳим аввалбошдан ажойиб эди ва буни Месси яна бир бор эслатиб ўтди. Лео полякларга қарши ўйинда пенальтини аниқ ижро этолмаган бўлса-да, сардор ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди, у эса совринини шу ўйиндаги биринчи гол муаллифи Алексис Макаллистерга топширди.

Ҳар бир гол — ютуқ

Аргентинанинг ўйин олдидан ягона минуси Ди Мариядаги муаммо эди. Унда жароҳат йўқ, фақат мушаклари оғир юклама туфайли зўриққан, бундай ҳолатда эса у фақат захирадан ўйинга қўшилиб ёрдам бериши мумкин. Жамоанинг муҳим вазиятлардаги халоскори ўрнини Папу Гомес эгаллади ва бу икки карра мажбурий танлов эди.

Унинг ўрнига тушиши мумкин бўлган Анхел Корреанинг ҳам формаси жойида эмас, Дибала эса тактик нуқтайи назардан Лионел Скалонининг услубига тўғри келмаяпти. Ушбу форвардни Аргентина терма жамоасининг ҳеч бир мураббийи Месси билан битта схемага жойлаштира олмаган.

Австралияга қарши профессионал даражадаги 1000-ўйинини ўтказган Лео эса барчасини ўзи ҳал қилди. «Соккеруз» бу турнирдаги энг оддий жамоалардан бири бўлмоқда. Жамоа бош мураббийи ортиқча ҳеч нарса ўйлаб топмаяпти, аммо жуда тўғри ва уюшқоқ футбол намойиш этиб, футболчиларнинг максимал даражадаги фидойилиги билан натижа кўрсатилди. Аргентиналикларга қарши биринчи бўлимнинг катта қисмида бу етарли бўлди, чунки Жанубий Америка чемпионларига тезкор ҳаракатлар етишмади, ҳар учинчи кунда ўйин ўтказилишини ақлга сиғмас тақвим деб атаган бош мураббий Скалони ҳам шундан хавфсираганди.

Аммо даҳонинг оёғи ўз ишини қилади. Бир имконият юзага келди ва тўп дарвоза тўрида. Месси бунга қадар жаҳон чемпионатлари плей-офф ўйинларида гол урмаганди, шу туфайли танқидларга учрарди. Аммо бу ўйиндан кейин у мундиаллардаги самарали очколар сони бўйича Марадонага етиб олди, унда голли узатмалар ҳам бор (9+7). Рекордчилар — Пеле, Роналдо, Мирослав Клозе ва Герд Мюллергача — уч очко қолди. Параллел равишда Месси Марадонани жаҳон чемпионатларидаги голлар сони бўйича ортда қолдирди.

Асабий якун

Шанба кунги муваффақият учун Лео Отамендидан қарздор, у тўпни жарима майдонида сардори оёғига ташлаб берди. Аммо шу ҳимоячи ўз жарима майдонида қўпол хатога йўл қўйди ва унинг бахтига Эмилиано Мартинес Дюкдан илдамроқ ҳаракат қилиб, хавфли вазиятни бартараф этди.

Аргентина рақибнинг хатоларидан фойдаланиш бўйича мастер-класс ўтказиб, барчаси ҳал бўлгандек кўринди. Альвареснинг бўш дарвозага урган голи — Де Паулнинг прессинги натижаси бўлди, у тажрибали Райанни ваҳимага тушиб тўпни олдириб қўйишига сабабчи бўлди. Шундан кейин оқ-ҳаворанглила энергия тежаш режимига ўтиб, Нидерландияга қарши чоракфинал ўйини учун куч сақлаши мумкин эди.

Мессида эса энергия керагидан кўпроқ. Скалони уни фақат ўзи сўраганида алмаштириши мумкинлигини тан олган. Лео эса ўзининг сўнгги жаҳон чемпионатида бир дақиқани ҳам йўқотишни истамаяпти. Лекин ўйин охири осон кечмади. Гудвиннинг зарбаси Энцо Фернандесга тегиб, рикошет орқали дарвозадан жой олди (бу вазиятда ҳам Отаменди тўпни узоқлаштиришда хато қилганди), яшил қитъа вакилларининг кейинги ҳужумида Лисандро Мартинеснинг оёғи бўлмаганида, Беҳич мувозанатни тиклаши мумкин эди.

Ўйин охирида Лаутаро Мартинес Мессининг икки пасини йўққа чиқариб, интригани сақлаб қолди. Ўйинга қўшиб берилган еттинчи дақиқада Лео тўп йўқотиши эса Мартинеснинг ақл бовар қилмас сейв амалга ошириши билан якунланди.

Ўйинда кутилганидек фаворит ғалабаси қайд этилди, аммо австралияликлар эртаги қайғули якун топди деб бўлмайди. Яшил қитъа ўз жамоаси билан фахрланса арзийди. Аргентинанинг орзу сари юриши эса давом этади. Яна уч қадам бор. Навбатдагиси — нидерландларга қарши.

Нидерландларни зерикарли дейишмоқда, аммо ван Гаал бунга тупурган. У 1/4 финалда, америкалик романтиклар эса уйга қайтади

ЖЧ-2022. 1/8 финал
Нидерландия – АҚШ – 3:1

Голлар: 1:0 – 10 Депай, 2:0 – 45 Блинд, 2:1 – 76 Райт, 3:1 – 81 Думфрис.
Нидерландия – Нопперт, Думфрис, ван Дейк, Аке, Тимбер, Блинд, де Рон (Бергвейн, 46), Классен (Копмейнерс, 46), де Йонг, Депай (Симонс, 83), Гакпо.
АҚШ – Тернер, Дест (Йедлин, 75), Рим, Циммерман, Робинсон, Адамс, Маккенни (Райт, 67), Муса, Пулишич, Веа (Ааронсон, 67), Феррейра (Рейна, 46).
Огоҳлантиришлар: Копмейнерс (60), де Йонг (87).

Нидерландларга хос бўлмаган зерикарлилик

Жамоа бир вақтнинг ўзида ҳам зерикарли, ҳам умидсиз ўйнаши мумкин, бу турнирни шундай ўйинлар билан бошлаган Белгия ва Дания аллақачон уйга қайтди. Шу билан бирга Левандовскини беш бўлим давомида тўпсиз ўйнашга мажбур қилган поляклар дарвозабон Шченсининг маҳорати эвазига кўп йиллар ичида илк бор плей-оффга чиқишди.

Нидерландларда ҳам ўзига хос зерикарлилик бор, шу вақтга қадар романтик ўйинлари билан ажралиб турган «Апелсинранглилар»нинг бу сафарги таркиби турнир гуруҳ босқичида мухлислар кутган ўйинни намойиш этишмади. Албатта, таркибда катта истеъдод соҳиби бўлган Гакпо бор ва у уч ўйинда учта гол урди, аммо у ўзининг ёрқин ўйинларини намойиш этмаяпти. Тартиб, ташкилий ўйин, натижа — барчаси бор. Аммо 90+10 дақиқа давомида рақиб дарвозаси томон атиги 2 зарба берган ва шундан фақат биттасини дарвоза соҳасига тўғри йўллаган жамоа ўйинидан роҳатланиш қийин.

Фақат ўша ўйиндаги рақиб (Эквадор) Қатарни тарк этди, Нидерландия — плей-оффда. Луи ван Гаалнинг версиясига кўра, шунинг ўзи — фахрланиш учун сабаб. Матбуот анжуманида жамоа ўйинини зерикарли деб атаган журналистга у уйга қайтишни таклиф этди. У шунингдек жаҳон чемпионатидаги ғалабалардан кейин келгуси фаолиятида бўладиган таклифларга қандай қараши ҳақидаги саволга ҳам ҳазил билан жавоб қайтарди: «Тўғри, агар Нидерландия нашрларига ишонилса, биз чемпион бўлмаймиз. 2014 йилда ҳам шундай бўлганди».

Нидерландия билан боғлиқ ўтмишга эга мураббий

Америкаликлар эса томошабоп ўйин кўрсатиш бўйича барча ўйинларда ажралиб туришди. «Юлдуз-йўлли» жамоа бош мураббийи Грегг Берҳалтер плей-оффда ҳам схемани ўзгартирмади, худди ўз кроссовкаси каби. 49 ёшли мутахассис ўзи учун севимли бўлиб қолган ҳужумкор 4-3-3 схемаси билан кўпроқ одатий нидерландларга ўхшаб кетади. Ва бу тасодифий ҳам эмас, 1990-йилларда Берҳалтер Эредивизияда олти йил тўп тепган.

«Мен университетни тамомлашим билан Нидерландияга кетганман ва профессионал футболга мутлақо тайёр эмасдим. Агар мен у ерда бўлмаганимда, менда ўз ғояларимни шакллантиришга ёрдам берган асослар ҳам бўлмасди», — дейди Берҳалтер мураббийлик фаолиятини бошлаш ҳақида ўйлаб юрган даврлари ҳақида.

Унинг АҚШ термасидаги эски қадрдонларидан бири Френки Ҳейдук эса Берҳалтер билан ҳали ёшлар жамоасида ўйнаган вақти ҳақида шундай эслайди: «Биз тактика ҳақида адоқсиз суҳбатлашардик». Таниқли америкалик мутахассис, 2002 йилги жаҳон чемпионатида терма жамоа билан тарихдаги энг яхши натижа қайд этган (ўшанда терма жамоа Португалия ва Полшани гуруҳда қолдириб, плей-оффга чиққан, нимчорак финалда Мексикани мағлуб этган, чоракфиналда Германияга минимал ҳисобда мағлуб бўлганди), ўша таркибда унга устозлик қилган Брюс Арена эса «Гэлакси»да ўйнаётганидаёқ Берҳалтерни ўйновчи мураббий мақомига чиқарганди.

Думфриснинг шоуси

Аммо 20 йил олдинги муваффақиятни такрорлаш Берҳалтерга бош мураббий ролида такрорлаш ҳозирча насиб қилмади. У фаолиятида иккинчи бор ван Гаални енга олмади. Ўйин олдидан америкаликлар мураббийи Роттердамнинг «Спарта» клуби сафида ўйнаганида «Аякс»ни олтин асрида мағлуб этганини эслаганди.

Шанба куни ҳам агар дебютда Пулишич ўз имкониятидан фойдаланганида ўйин АҚШ сценарийси бўйича кечиши мумкин эди. Аммо америкаликлар етакчиси Ноппертни алдай олмади, «Апелсинранглилар» эса самарали ҳужум билан жавоб қайтарди. Европаликлар рақибнинг ўйин бошидаги штурмига дош бериб туришди ва кейин Гакпо ҳам Думфрис ижросида намунали ҳужум ташкиллаштиришди, уни Депай гол билан якунлади.

Ван Гаал жамоаси америкаликларнинг барча заиф нуқталаридан хабардор бўлган ҳолда ҳаракатланишди. Рақиб танаффусга шу ҳисоб билан чиқиб кетишни хаёл қилаётганида аутдан максимум натижа чиқарилиб, яна бир ҳалокатли зарба берилди. Бу сафар ҳам Думфрис голли пас берди, ҳужумни иккинчи темпда бошқа бир латерал — Блинд қўллаб-қувватлади. Нидерландларни прагматик ўйинда айблаганлар учун чиройли ҳужумлар ва голлар билан жавоб қайтарилди. Барчаси геометрик аниқликда амалга оширилди, дарвоза соҳасига йўлланган икки зарба ҳам голга айланди, терма жамоа тарихидаги иккинчи тўпурар бўлиб турган Депай 43-голини уришида 20 та аниқ узатма амалга оширилди.

Ҳа, «Апелсинранглилар» идеал даражада эмас. Шу Мемфиснинг ўзи иккинчи бўлимда хато пас билан Райтни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, аммо эндигина майдонга тушган футболчи дарвозабонни алдаб ўтишга қарор қилди ва унинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбасини дарвоза чизиғи олдида ҳимоячилар қайтариб юборишди.

Аммо кўп ўтмай ушбу ҳужумчи товони билан баскетболга хос гол уриб, жамоасини ўйинга қайтарди.

Бу гол урилишида Нидерландия эрта хотиржамликка берилгани сабаб бўлди. Аммо жамоа талаб этилса яна ўйинни кучайтира олиши мумкинлигини кўрсатди ва Думфрисга аталган кеча унинг голи билан мантиқий кўриниш олди, унга нариги қанотдан Блинд пас бериб қарзини қайтарди ва ҳимоячи жарима майдони ичида ҳеч қандай қаршиликка учрамай, тўпни дарвозага жойлади.

Америкалик романтиклар уйга қайтади, ван Гаал эса орзуси учун юришда давом этади. Айтиш керакки, унинг жамоаси ўйиндан ўйинга қизиқарли бўлиб бормоқда.

Мавзуга оид