Ўзбекистон | 23:20 / 04.12.2022
53758
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида метан-шохобчалар вақтинча ёпилмоқда

Аввалроқ Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида аҳоли газ танқислигидан шикоят қилаётгани хабар қилинганди.

Пойтахтда аҳоли истеъмол қиладиган ва иситиш тизимида фойдаланиладиган табиий газ босими пасайиб кетганлиги туфайли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари вақтинчалик ёпилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати расман хабар тарқатди. 

«Об-ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабабли, шаҳримизнинг айрим ҳудудларида газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилмоқда — коммунал хизматлар мавжуд газ захирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаяпти.

Имкон қадар кўпроқ хонадонларни газ ва иссиқлик билан таъминлаш мақсадида, жамоат транспорт воситаларига хизмат кўрсатадиган шохобчалардан ташқари, қолган барча автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари вақтинчалик ёпилмоқда», — дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.

Хабар қилинишича, пойтахт маъмурияти муаммоларни бартараф этиш устида куну тун 24 соат ишламоқда, коммунал соҳа ходимлари эса ишларини юқори шайлик режимида давом эттирмоқда.

Бундан олдинроқ Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида аҳоли газ танқислигидан шикоят қилаётгани хабар қилинганди. Facebook’даги «Potrebitel.uz» гуруҳига 3 декабрь куни фуқаролардан бир неча мурожаатлар келиб тушган.

Унда айтилишича, айримларда газ умуман бўлмаган, айримларида унинг босими пастлигидан чой қайнашини ҳам ярим соатлаб кутишган. Газ таъминотидаги муаммолар ҳақида Самарқанд, Қўқон, Сирдарё, Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолиси хабар берган.

Хусусан, Тошкент вилоятида бундай мурожаатлар Янгийўл, Зангиота, Ғзалкент, Чирчиқ, Барданкўл, Чорвоқ ва Бўстонлиқ қишлоқларидан келиб тушган. Тошкент шаҳрида Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Яккасарой, Миробод, Сегели туманларидан шикоятлар бўлган. Юнусобод ва Бектемир туманларидан газ таъминоти борасидаги мурожаатлар нисбатан камроқ бўлган.

Кейинроқ Ўзбекистонда газ шохобчалари бир неча кун ишламаслиги ҳақидаги хабарлар «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати томонидан рад этилган эди.

Мавзуга оид