Ўзбекистон | 09:33 / 06.12.2022
49744
4 дақиқада ўқилади

Марҳум аскар қабрдан қазиб олинади. Жиноят иши қўшимча тергов қилинади

Ҳарбий хизматнинг 50-кунида вафот этган аскар ўлимида бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаган деб топилганди. Бош прокуратура томонидан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор бекор қилиниб, қўшимча тергов қилиш учун Ҳарбий прокуратурага юборилган.

Марҳум аскарнинг онаси Гулзира Саулетованинг Kun.uz'га маълум қилишича, Бош прокуратурага йўллаган мурожаатидан сўнг ўғлининг вафоти бўйича қайта экспертиза тайинланган. 

“Ҳарбий прокуратура Терговни назорат қилиш бўлими бошлиғи Қобил Анорбоев бизга фарзандимизнинг ўлими бўйича жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор 21 ноябрь куни Бош прокуратура томонидан бекор қилингани, иш қайтадан қарор қабул қилиш ва экспертиза тайинлаш учун Қашқадарё ҳарбий прокуратурасига юборилганини билдирди.

Энди экспертиза биз истагандек Мудофаага тобе бўлмаган ССВга қарашли Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази томонидан ўтказиларкан. Дастлабки тергов давомида инобатга олинмаган ҳолатлар бўйича қўлимизда мавжуд далилларни терговга тақдим этишимиз, шунингдек, тергов жараёнида бевосита иштирок этишимиз мумкинлиги тушунтирилди”, дейди Гулзира Саулетова.

Гулзира Саулетова, марҳум аскарнинг онаси / Фото: Kun.uz

Марҳумнинг отаси Ринат Қидиралиевнинг айтишича, у ва аёлининг розилиги олинган ҳолда суд томонидан марҳумни эксгумация (мурдани кўздан кечириш ва экспертиза ўтказиш зарурияти туғилганда уни дафн этилган жойидан қазиб олиш) қилиш ҳақида ажрим чиқарилган.

Аввалроқ дастлабки тергов ҳаракатлари Руслан Қидиралиевнинг вафотида бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмагани сабабли жиноят иши 2022 йил 24 сентябрь куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига (Гумон қилинувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан тугатилганди.

Тергов натижаларига кўра, аниқланган қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ССВ, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали бошлиғи ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий Ҳаво Кучлари қўшинлари қўмондонлигига тақдимномалар киритилганди.

Ринат Саулетов Kun.uz’га тергов ва суд-тиббий экспертиза натижасидан қониқмаганини айтганди. У такрорий суд-тиббий экспертизаси Мудофаа вазирлиги тизимида ишловчи экспертлар томонидан ўтказилгани, шунингдек, фарзанди жасадини эксгумация қилиш ҳақидаги талаби ҳам рад этилганидан норози бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, 18 яшар аскар шу йилнинг 29 май куни сафда турган вақтида ҳушдан кетган, ҳарбий гоститалга олиб борилганда унда биологик ўлим қайд этилган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида Руслан Қидиралиевнинг ўлимига “Юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози” сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда “ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши” кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган эди. Бироқ марҳумнинг яқинлари Kun.uz'га берган интервьюсида экспертиза хулосасига ишонмаётганларини айтишганди.

Марҳум Руслан Қидиралиев / Фото: Kun.uz

Аскарнинг ўлими бўйича Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармасликда ифодаланган эҳтиётсизлик оқибатида инсон ўлимига сабабчи бўлиш) билан шифокорларга нисбатан иш қўзғатилганди.

Қуролли Кучлар Суд тиббий экспертиза маркази томонидан берилган экспертиза хулосасида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Қашқадарё филиали давлат суд тиббий эксперти томонидан қўйилган ташхис ва ўлим сабаби ўз тасдиғини топмагани, ўлимга сабаб бўлгани айтилган ташхислар илмий асослантирилмагани, бундан ташқари, экспертиза ўтказиш жараёнида кўплаб камчиликларга йўл қўйилгани, бу орқали миллий ва халқаро қонунчилик талаблари бузилгани қайд этилади.

Kun.uz суриштируви давомида оддий аскар Руслан Қидиралиевнинг ўлими билан боғлиқ талай саволлар очиқ қолаётгани маълум бўлганди.

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид