Жамият | 16:43 / 06.12.2022
54797
3 дақиқада ўқилади

Селфи-зонаси бор қишлоқ, олқорлар оиласи ва бетакрор Айдаркўл. “Манзил” – Фориш

Ёввойи табиат билан юзма-юз, тоғлар орасидаги гўзаллик, эсда қоларли вазиятлар, баҳайбат кит шаклидаги кўл. “Манзил” бу гал мана шундай ажойиб саёҳатни сизга тақдим этади. Манзилимиз – Жиззахнинг Фориш тумани.

Фориш – Жиззахдаги ҳудуди энг катта туман. Таққослаш учун, унинг ҳудуди Фарғона ёки Наманган вилоятлари ҳудудидан катта. Андижон вилояти ҳудудига тенг иккита майдон ҳам Фориш ҳудудидан кичик бўлади. Сатҳи жиҳатидан Ўзбекистондаги Орол денгизидан кейинги ўринда турувчи Айдаркўлнинг катта қисми ҳам Фориш тумани ҳудудига тўғри келади. Аҳолиси эса анча кам, 94 минг атрофида.

Биз борган манзил – Ухум. Форишнинг тоғлар орасидаги туризм қишлоғи.

Ухум қишлоғи узоқ тарихга эга, тоғлар сойлари атрофи неча минг йилларким ҳаёт омили сифатида инсонлар яшаши учун шароит бўлиб келган. Ухумнинг юқорисида қадимги қишлоқ қолдиқлари сақланиб қолган. Бу ерда масжид ва илм олиш учун мадраса ҳам бўлган.

Қадимда Ухумни сув билан таъминлаш учун қурилган махсус ариқ меъморий жиҳатдан шу қадар пухта ишланганки, қайси сойда сув камайишига қараб, ўша тарафга сувни йўналтириш имконини берган.

Ухумнинг табиати жуда ажойиб, атрофдаги манзарани томоша қилиб тўймайди одам. Қишлоқни юқоридан томоша қилиш учун селфи-зона ташкил қилинган.

Қишлоқнинг яна бир ўзига хослиги – унинг атрофида қўриқхона борлигидадир. Нурота давлат қўриқхонаси томонидан йўқолиб бораётган Северцев қўйи, яъни олқорларнинг бир оиласи учун 16 гектарли махсус ихтисослашган парваришхона ташкил этилган. Бир жуфтдан кўпайган оила бугун 16 тага етган. Уларни томоша қилиш ҳар доим ҳам насиб этавермайди. Олқорлар муҳофазаланган тўсиқлар олдига хавф йўқлигини сезгандагина яқинлашади. Биз уларни кўришга муваффақ бўлдик.

Нурота давлат қўриқхонаси ҳудудида 2 мингдан зиёд олқор бор. Уларнинг катта уюрини қўриқхонадаги фотоқопқонларга тушиб қолган кадрлардан кўриш мумкин.

Ухумдаги тасвирга олиш ишларини якунлаб, Айдаркўл томон отландик. Тун қоронғисида Айдаркўрга етиб келдик.

Айдаркўлнинг космосдан олинган суратига қарасангиз, китни эслатиб юборади. Бу ерда операторим билан ўзига хос вазият юз берди. Эҳтиётсизлик қилган шеригим лойга ботиб қолди.

Яқин орада Айдаркўлда ов мавсуми бошланади. Овга ишқибозлар учун Айдаркўлдагидек муҳит топилмаса керак. Ҳаво совуқ бўлишига қарамай, бу ерда ҳам ҳордиқ чиқарувчилар учун шароитлар қилинган. Аслида Ухумдаги ва Айдаркўлдаги шароитларни бошқа ҳудудлардаги туристларни жалб қилиш учун ҳаракат қилаётганларга намуна қилиб кўрсатиш мумкин. Тўрт фаслда ҳам бу ерга келиб дам олишга шароит муҳайё.

Шундай қилиб, Фориш туманига уюштирган саёҳатимиз ниҳоясига етди. Форишни бошқача тасаввур қилиб, умуман ўзгача таассуротлар билан ортга қайтдик. Сафар таассуротларимиз эса доимгидек “Манзил” лойиҳасида.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид