Ўзбекистон | 09:00 / 09.12.2022
25932
11 дақиқада ўқилади

Энергетика вазири — чекловлар, блэкаут, газ тақсимоти ва хусусийлаштириш ҳақида

Энергетика вазирлиги вазир Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг аҳолидан келиб тушган қатор саволларга видеожавобларини тақдим этди. Kun.uz савол-жавоблар орасидан айримларини келтириб ўтади.

— Ўзбекистонда атом электростанцияси қурилса, электр энергия етишмовчилиги қай даражада бартараф этилади?

— Ҳозирда биз режалаштирган, музокара олиб бораётган АЭСнинг қуввати 1200 мегаваттлик иккита энергоблокдан иборат бўлиши режалаштирилган. 2400 мегаватт қувватга эга АЭС бир йилда 18 млрд кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқариш ва унинг асосий қисмини электр тармоқларига узатиш имкониятини беради. Бу – ҳозирги кундаги истеъмолнинг 20-22 фоизига тенг бўлса, талаб ўсиши ва АЭС қурилиши муддатини инобатга олганда ўша вақтдаги истеъмолга нисбатан 10-15 фоизини ташкил этиши мумкин.

— Аҳолида электр истеъмоли ошишини ҳисобга олганда, мамлакатда яна такроран “блэкаут” бўлиш хавфи борми?

— Блэкаут бу технологик ҳолат, бундай хавф доим бор. Буни инкор қилиш керак эмас. Чунки энергия тизимимиз қўшни мамлакатлар билан интеграциялашган.

Шуни инобатга олган ҳолда биз январ ойидаги блэкаутдан тегишли сабоқлар чиқарган ҳолда биринчи ўринда автоматик ўчириш қурилмалари, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш тизимлари, марказий диспетчерлик тизими ташкил қилинди. Чекловлар киритилаётганининг ҳам асосий мақсади ҳам назоратли ўчириб, блэкаут ҳолатининг олдини олишдир. Агарда шундай чекловлар киритилмаса, албатта, бу энерготизимнинг издан чиқиши ва блэкаутга олиб келиш эҳтимолини келтириб чиқаради.

Тошкент шаҳридаги хонадонларга иссиқлик таъминоти белгиланган меъёрларда етказиб берилмаяпти. “Veolia Energy” компанияси буни ҳисобга олиб, истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилиб чиқадими?

— “Veolia Energy” компанияси Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимини бошқарувга олган. Буни қандай амалга ошириши ва мажбуриятлари кўзда тутилган. Албатта, агар температура режими таъминланмаган тақдирда, бу шартномада кўрсатилади ва шартномада белгиланган нормалар асосида қайта ҳисоб-китоб қилиниши шарт.

Асосий муаммо – табиий газ босимининг пасайиши, бунинг оқибатида улар етарли даражада иссиқликни генерация қилиб беролмаётгани.

Ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши лойиҳаси тайёрланяпти, хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориляпти. Биринчи ўринда Тошкент шаҳридаги, кейинчалик барча йирик шаҳарлардаги йирик иссиқлик марказларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари модернизация қилиш кўзда тутилган.

Бу нима беради? Модернизация натижасида иссиқлик марказлари иссиқлик таъминотини етказиб бериш билан бирга, электр энергияси ҳам ишлаб чиқарадиган бўлади. Иссиқлик марказларида ишлаб чиқарилган электр энергияси энерготизимга узатилади. Бу иқтисодий тарафдан жуда самарали бўлади.

Veolia компанияси бундан ташқари иссиқлик етказиб бериш тизимларини модернизация қилиш, тармоқларни алмаштириш бўйича ҳам мажбуриятлар олган. Бу белгиланган муддатларда, дастур асосида амалга оширилади.

— Умумий овқатланиш жойларида энергия етишмовчилиги туфайли қозонларнинг бир нечтасини ўчириш талаби қонунийми?

— Албатта қонуний. Бу – Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги тегишли қарори билан белгиланган. Нафақат бу қарорда, балки газ таъминловчи корхоналар ва истеъмолчилар ўртасидаги шартномаларда ҳам белгиланган. Унга кўра, об-ҳаво кескин совиган пайтда табиий газ энг аввало аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларга етказиб берилади, шундан келиб чиққан ҳолда муқобил ёқилғига ўтиш имкониятига эга объектларга чекловлар киритилиши, керак бўлса ўчирилиши ҳам кўзда тутилган.

Ошхоналар ҳам шу тоифага киради. Чунки улар алтернатив равишда ё суюлтирилган газ, ё кўмир, ё ўтинда, ёки электр печларда, электр қозонларда овқат пишириш имконияти бор.

— Ўзбекистонга энергия ресурслари Россиядан келтириладими?

— Ҳозирги кунда биз электр энергиясини Туркманистондан импорт қиляпмиз. Ёзги даврда Қирғизистон ва Тожикистондан импорт қиламиз. Қозоғистон, Россия ва Туркманистондан эса нефт ва нефт маҳсулотларини импорт қиламиз. Ҳозирги кунда бундан бошқа ресурслар Россиядан импорт қилинмаяпти.

— Шифохоналар, туғуруқхоналарда электр энергиясидан узилишлар кузатилмоқда. Улар қўшимча трансформаторлар билан таъминланмаганми?

— Бу трансформаторларга оид масала эмас, бу – энергия тармоқларидаги узилишлар ва чекловлар масаласи. Бундай чекловлар киритилганида касалхоналар ва шу каби тоифага кирувчи объектларни максимал равишда чекловларга киритмаслик кўзда тутилган. Лекин авариявий ўчиш ҳолатлари учун барча шифохоналарда дизел генераторлари ва муқобил энергия маълум бир муддатга бўлиши шарт.

Ҳукумат комиссияси ва жойлардаги ишчи органлар доимий равишда назорат қилиб, ўрганиб боряпти. Айниқса Фарғона водийсидаги вилоятларнинг шифохоналарида шундай генераторларнинг мавжуд эмаслиги ёки таъмирталаблигини инобатга олиб, ҳозир ҳукуматнинг тегишли фармойиши тайёрланиб, соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган маблағлар доирасида қўшимча маблағларни йўналтирган ҳолда, генераторлар билан таъминлаш чоралари кўриляпти.

— Истеъмолчилар электр энергиясидаги етишмовчилик ва етказилган зарарни ундириш учун судга мурожаат қилса, зарар ундириладими?

Ҳар қандай фуқаро ёки тадбиркор судларга мурожаат қилишга ҳаққи бор. Албатта, шартномавий мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда. Агарда огоҳлантиришсиз, эълон қилинган режасиз ўчириш авариявий ҳолатлардан ташқари рўй берган бўлса, судга мурожаат қилинганида исботланса, тегишли зарар қоплаб берилади. Авариявий ҳолат форс-мажор ҳисобланади ва у барча шартномаларда кўзда тутилган.

Барчамиз – истеъмолчилар ҳам, таъминотчилар ҳам қонун асосида ишлашга ўрганишимиз керак, бунга ҳаммамиз риоя қилишимиз керак, деб ўйлайман.

— Метан газ қуйиш шохобчаларининг аниқ иш вақтини эълон қилиш мумкинми?

— Бу бўйича ишлаяпмиз. Келишилган графиклар бор. Бу ҳамма жойга етказилган. Лекин истеъмолнинг кескин ошиши натижасида ҳар бир ҳудуднинг спецификасидан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий ҳокимият вакиллари билан биргаликда ҳудудий корхоналаримиз қўл усулида бошқариб (“ручной режим”), регуляция қилиб турилибди.

Одамлар уйига қайтиб, кечки овқат пиширадиган вақтда трубаларда етарли газ бўлиши учун кундузлари асосан соат 15дан бошлаб АГТКСларни ўчиришни бошлаяпмиз. Эрталабки истеъмол ошган вақтда ҳам шунга мослаб, газ шохобчаларининг фаолиятига чеклов киритиляпти.

Албатта, графиклар бор, лекин айрим ҳолларда бу графикларга кунбай ўзгартириш киритишга ҳам мажбур бўлиняпти. Чекловлар ҳам шунга қараб мослаштириляпти.

— Нима учун Ўзбекистоннинг Хитойга газ экспорти ҳақидаги рақамлар турлича кўрсатиляпти?

— Ташқи савдо фаолиятида бу тафовутлар доим бўлиб келган. Ҳар қандай ҳукуматлараро комиссиялар ишида иштирок этганда, музокараларда статистикани олиб боришнинг турли хил усули, маҳсулот қаерда қандай расмийлаштирилиши, қайси нуқтада буни чегара деб ҳисоблаш, уёқдаги қўшимча тўланадиган тўловлар, божхонадан ўтиши, расмийлаштириш... Бундай тафовут ҳар доим бўлган ва буларнинг бирини аниқ ёки нотўғри дейиш, ўйлайманки, бу ўзимизнинг шартномавий мажбуриятлар доирасида, тегишли формула асосида, тегишли шартномавий тўловлар амалга оширилади, биз шу бўйича статистикага топшириб борамиз.

— Газ қуйиш шохобчаларига газ тўғри тақсимланяптими?

— Газ-шохобчаларга киритилаётган чекловлар ҳар бир ҳудуднинг ўз спецификасидан келиб чиқиб, ҳокимлар билан биргаликда қилиняпти. Айрим газ қуйиш шохобчалари аҳоли тармоқларига уланган бўлиши мумкин, албатта, бу ерда чеклов кўпроқ бўлади. Баъзиларида алоҳида “нитка” тортилган, яъни аҳолининг истеъмолига зиён келтирмаган ҳолда уларнинг ишлаш вақти, яъни чекловлар бошқача қилиняпти.

— “ЭЪЛОН ҚИЛИНМАЙДИ” деб ёзилган Вазирлар Маҳкамаси қарори сурати интернетда тарқалди. Бу бўйича муносабат бериладими?

— Айрим ҳужжатлар борки, ўзининг тегишли тарқатилиш, эълон қилиш ёки хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган бўлади. Бу ерда қандайдир бир яшириш ҳолати ёки бунга ҳаракат йўқ. Бу шундай ҳужжатки, у ҳақиқатда техник, яъни идоралараро фойдаланиладиган ҳужжат бўлгани учун... Бу умуман бугунги кунда табиий газнинг реализацияси, табиий газ етказиб бериш ёки нарх-наво билан боғлиқ ҳужжат эмас.

Бу – конлардан тортиб, магистрал газ қувурларига етказиб беришдаги ўлчов тизимини жорий қилишга оид ҳужжат. Ҳозирги кунда бизда кириб келишда тижорий ўлчов дейилади, шу ерда қанча газ трубага кирди, кейинчалик ҳамма истеъмолчиларда – хонадон бўладими, корхонами – ҳисоблагич жорий қилинган. Лекин биз ўша тижорат ўлчовигача бўлган трубалардаги газ йўқотишларнинг ҳисоб-китобини қилиш, конлардан қанча газ чиқяпти, қаерда нима тизимни қилиш, қазиб чиқарилаётган газни қайта ишлашда бўладиган тафовутларнинг барчасини тўғри ҳисоб-китоб қилиш, солиқ базасини тўғри ҳисоблаш мақсадида тайёрланган ҳужжат.

— Соҳани хусусийлаштириш мавжуд муаммоларга ечим бўла оладими?

— Бир нарсани тўғри тушунишимиз керак, соҳага хорижий ва хусусий инвестициялар албатта кириб келиши керак. Сабаби хусусий инвестор бўлгандан кейин тартиб-интизом бошқача бўлади. Давлат иштирокини барибир камайтиришимиз керак.

Албатта, магистрал газ қувурлари, магистрал электр тармоқлари ва айрим генерация объектлари давлат ихтиёрида қолади. Лекин айниқса янги қуриладиган объектлар хусусий сектор тарафидан амалга оширилиши керак. Ўзининг инвестициясини киритиши керак. Бу биринчи навбатда рақобат муҳитини шакллантиради, замонавий менежментни олиб киради, рақобат нарх-навога ҳам таъсир қилади.

Тўғри, бу инвестицияларни қайтариб олиш учун тарифларни оширишга тўғри келиши мумкин, лекин энг аввало тартиб-интизом. Чунки инвестор киритган инвестициясини қайтариб олиш мақсадида объектлар, шу жумладан хусусийлаштирилган объектлардан самарали фойдаланади, натижада бунинг давлатга ҳам, иқтисодиётга ҳам фойдаси бўлади.

Ҳозирги пайтда қурилаётган барча қуёш ва шамол генерацияси асосидаги янги лойиҳаларнинг ҳаммаси хусусий хорижий инвесторлар томонидан амалга ошириляпти. Йирик иссиқлик электр станциялари ҳам. Сирдарёда иккита йирик ИЭС қуриляпти, бири Саудия Арабистони ACWA Power, иккинчиси Франциянинг EDF консорциуми тарафидан амалга ошириляпти. Ёки Туркия компаниялари томонидан сўнгги 2 йилда қурилган 1 гигаваттдан ортиқ қувватларнинг барчаси ишга туширилиши натижасида ҳозир тармоқда бир қанча табиий газ сарфи иқтисод қилиняпти, энергия тизимга қўшимча равишда барқарор электр энергия беряпти.

Бу йўналишда қўрқмаслигимиз керак. Фақатгина президентимиз яратиб берган ҳалол, шаффоф тизимни тўғри жорий қилиб, тўғри ижросини таъминласак, ҳаммага бундан манфаат бўлади.

Мавзуга оид