Жаҳон | 13:15 / 10.12.2022
6765
2 дақиқада ўқилади

Эронда 24 намойишчи ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин

Эронда ҳукуматга қарши намойишлар иштирокчиларига айблов қўйилди. У ўлим жазосини ўз ичига олади.

Эронда камида 24 нафар намойишчи ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Эроннинг Eternad газетаси 10 декабрь, шанба куни адлия идоралари томонидан тузилган, айбловлар қўйилган 25 нафар намойишчининг исмлари рўйхатини эълон қилди. Айблов ўлим жазосини ўз ичига олади.

Рўйхатдаги рэпер Моҳсен Шекарий 8 декабрь куни қатл этилди. У «Басиж» ҳарбийлаштирилган гуруҳ аъзосига қурол билан ҳужум қилганлик, одамларни қўрқитганлик ва йўллардан бирини тўсганликда айбланган. Эрон адлия идоралари яқинлашиб келаётган янги қатлларни эълон қилди. Eternad газетаси Эрон адлия органларини ўлим ҳукмларини бекор қилишга ва кейинги қатлларнинг олдини олишга чақирди. 

Халқаро ҳамжамият Моҳсен Шекарийнинг қатл этилишини кескин қоралади. Шу билан бирга, Эрон сиёсий раҳбарияти, жумладан, президент Иброҳим Раисий рэпернинг қатл этилишини мамлакатдаги тартибсизликларга қонуний жавоб деб атади. Намойишчилар ҳукуматга жавоб чоралари билан таҳдид қилишган. Ижтимоий тармоқларда «Қасосимизни кутинг» деган огоҳлантириш тарқалмоқда. Шу ҳафта охирида хорижда истиқомат қилувчи эронликлар қатор норозилик намойишлари ўтказишни режалаштирган. 

Мавзуга оид