Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Газ захираларимиз 30-40 йилга етади” — иқтисодчи
Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистоннинг газ захиралари тугаб қолгани ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, газ тугаш арафасида деб айтилаётган гаплар Россиядан газ импортини дастаклаш учун атайин айтилмоқда. Энергетика вазири ўринбосари мамлакатнинг аниқланган газ захиралари камида 30 йилга етишини тасдиқлади.
Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Kun.uz'га берган интервюсида Ўзбекистоннинг газ захиралари тугаб қолгани ҳақида тарқалаётган хабарларга ўз муносабатини билдирди.
“Мен буларни қуруқ сўз учун гапирмаяпман. Бу саволга жавоб бериш учун мен учта вилоятга бориб келдим. Сафарим давомида энергетиклар, шу соҳада ишлайдиган инсонлар ва газ қазиб олувчи корхоналарнинг вакиллари билан гаплашдим, қудуқларнинг тепасида турдим, жараёнларни бошидан охиригача қандай бўлишини кўрдим. Чунки масалани ичкарига кириб ўргангим келди.
Ҳозир газ йўқ дея айтилаётган гаплар атайин айтилмоқда. Шу орқали бутун кучимизни импортга қаратишмоқчи. Бу орқали бизга яна эски лойиҳа, ғояларни сингдиришмоқчи.
Бундан кўринадики, хатолардан тўғри хулоса бўлмаган, бўлмайди ҳам, токи халқ ўз манфаатларини тушуниб, биз буни хоҳламаймиз, бунисига тайёрмиз демагунча. Энергетика, озиқ-овқат соҳасида янги бир концепция ишлаб чиқиб, шунга розилик олмагунча бунақа ҳолатлар бўлаверади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда қолган депозитлар 1970-80 йилларда геология разведка қилинган депозитнинг (газнинг) асосий қисми ҳисобланади. Табиийки, уларда босим анча тушган, газ қолдиқлари кам қолган. Янги геология разведка ишларига эса кўп пул сарфланмаган. Инвестицион блокларга бутун Ўзбекистон ҳудуди берилгани билан бу инвестицияларни қиламан деган корхоналар геология разведка ишларига деярли пул сарфламаган.
Улар бор имкониятдан фойдаланиб, ўша бор қувурларни қайтадан бурғилаб, газ олиб турибди. Албатта, бу жойларда катта газни кутиш қийин. Чунки агар катта газ конлари бўлганда совет давридаёқ уларда ишлар бошланган бўларди”, – деди у.
Иқтисодчи Ўзбекистоннинг бугунги кунда ишлаб турган газ конларидаги ва аниқланган ерости газ захиралари ҳажмига оид саволга ҳам жавоб берди.
“Буни аниқ айта олмайман, буни геологлар айтиши керак. Лекин бир пайтлар қилинган ҳисоб-китобларда кўргандимки, унда 2 трлн куб газ захирамиз бор эди. Кейинроқ 1,7 трлн куб газ захирамиз бор деб айтилди. Лекин булар ҳаммаси ноаниқ гаплар. Ҳозир Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжи учун тахминан 25-30 млрд куб газ ишлатилади. Бу камида 30-40 йиллик захира дегани. Лекин ер остида ётган газ билан қазиб чиқарилгани ўртасида катта фарқ бор. Уни қазиб чиқариш учун жуда катта ишлар қилиниши керак.
Тасдиқланган дегани нима дегани? Геологлар геология разведка ишлари давомида ерни 3D форматга суратга туширишади. Унда фалон жойда, фалон чуқурликда, фалон чегаралари билан нимадир турибди, катта эҳтимол билан бу газ ёки нефт депозити, горизонти бўлиши мумкин деган тахмин берилади.
Агар бугун мингта қудуқ қазсак, дейлик, шундан 80 фоизи 1 суткада 100 минг метр куб газ берса ҳам биз тахминан 27-28 млрд куб янги газ ишлаб чиққан бўламиз. Бу Ўзбекистоннинг бутун эҳтиёжини қондирган бўларди. Мингта қудуқ тахминан 2,5 млн доллардан бўлганда ҳам 2 – 2,5 млрд доллар харажат кетади. Биз эса битта GTL заводнинг ўзига 4,9 млрд доллар сарфладик. Мен бу заводни бориб кўрдим. Унинг кўпгина технологик оқимлари охиригача етказилмаган. Охирига етказиш учун эса яна 8-9 млн пул сўраляпти. Энг алам қиладигани шундаки, 2000 йилларнинг бошида “Сосол” компанияси шу лойиҳани “Ўзбекнефтгаз” корхонасига таклиф қилган ва унинг нархини 900 млн доллар дея белгилаган, бизга эса 5 баробар қиммат – 4,9 млрдга тушди. Шунда ҳам охиригача етмаган.
Бу жуда катта завод, лекин у ерда жуда мураккаб, уникал дейдиган ишлаб чиқариш технологиялари йўқ. Энг муҳими у ерда жуда кўп исрофгарчиликка йўл қўйилган. Қишда жуда катта пар чиқиб ётибди. Бу парни унинг атрофидаги иссиқхоналарга бериш мумкин эди.
Бу завод ҳар йили аҳоли истеъмоли учун бериладиган 20 фоиздан кўпроқ газни олади. Чунки у тўла қувватда ишласа йилига 3-3,5 млрд газ сўрайди. Аҳоли учун кетадиган газ эса 13-14 млрд куб дейиляпти. Буни мен аниқ билмайман. Чунки 2020 йил балансида аҳоли учун кетадиган газ 9,7 млрд деб берилганди. Бугун қандай қилиб 13 га чиқиб қолди, буни мен билмайман. Шундай деб олганимизда ҳам бу тахминан 25 фоиз дегани”, – деди иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров.
Иқтисодчининг Ўзбекистондаги газ захиралари 30-40 йилга етиши ҳақидаги маълумотига аниқлик киритишни сўраб, Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев билан боғландик. Хўжаевнинг тасдиқлашича, ҳозирги қазиб чиқариш суръатларида газ захиралари камида 30 йилга етиши прогноз қилинган.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
11:02 / 23.05.2025
4 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди
13:37 / 07.05.2025
Европа комиссияси Россия газидан воз кечиш режасини тақдим этди
13:48 / 06.05.2025
Европа Иттифоқи 2027 йил охирида Россиядан барча газ импортини тақиқламоқчи
15:20 / 01.05.2025